Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Иқтисодиёт
  3. Томорқадан унумли фойдаланган - даромадга ва солиқдан имтиёзга эга бўлади

Томорқадан унумли фойдаланган - даромадга ва солиқдан имтиёзга эга бўлади

Cана : 13-04-2018   /   Иқтисодиёт, Солиқ хабарлари   /   кўрилди: 170

    Сирдарёликлар азалдан ўзларининг меҳнатсеварлиги ва миришкорлиги билан ажралиб туришади. Мазкур ҳудудда етиштирилган қовун-тарвузлар, анор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари анчагина машҳур. Экин-тикин мавсуми бошланиши биланоқ меҳнаткаш халқимиз томорқасининг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, рўзғори учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тараддудида бўлади. Тўқсонбости, эртаки, ўртаки экинларни экиш, уларни парвариш қилиш ёки режадаги ҳосилни олиш бўйича анчагина тажрибага ҳам эга бизнинг сирдарёлик миришкорларимиз.

Деҳқон деганда, фақат гектар-гектар майдонда тонна-тонна ҳосил оладиган кишини тасаввур қилсак, адашамиз. Сабаби, ҳозирги давр ривожи ёки бугунги кун талабими, озгина бўлса-да ери бор ҳар бир инсондан ундан самарали фойдаланишни, бинобарин, деҳқончилик маданиятини ўзлаштиришни тақозо этмоқда. Ахир, томорқаси туфайли рўзғори тўкин-сочинлигини таъминлаш билан бирга, қўшимча даромад олаётганлар, турли соҳаларда ишлаб туриб, бўш вақтида томорқасида меҳнат қилаётган, омилкорлиги билан оилавий даромадини ошираётганлар камми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги "Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ердан самарали фойдаланган томорқа эгаларига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилиши назарда тутилган. Аксинча бўлганда эса, жорий йил учун ер солиғини 3 баробар миқдорида тўлайди. Мазкур тартибнинг жорий этилиши эгалигида томорқаси бўлган ҳар бир фуқарони томорқасидан унумли фойдаланишга ундаши аниқ.

Давлат солиқ қўмитаси билан бирга давлат солиқ хизмат органларинингбарча ходимлари мазкур қарор моҳияти аҳоли ўртасида оммавий тарзда тушунтирилиб, тарғибот ҳамда ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда. Аҳолига ўз томорқасига қизиқишини  ошириш мақсадида фуқаролар билан юзма-юз учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Вилоят ҳудуди аҳолиси мавжуд томорқадан унумли фойдаланиб, ўз эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришади, бундан ташқари рўзғордан ортадиган қисмини сотиб, қўшимча даромад олишади.

Бунга Боёвут тумани Жўлангар маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларни кўздан кечириб, яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Маҳалладаги қайси бир томорқаларга кўз ташламанг, унга меҳр берилганига гувоҳ бўласиз. Катта-ю кичик бирдек меҳнат қилишмоқда. Ушбу  маҳалланинг "Боғдорчилик” кўчасида истиқомат қилувчи Раимов Ғофур ака маҳалладагилар қатори томорқасидан унумли фойдаланади. Тўқсонбости усулида экилган экинлар ҳам рўзғорга, ҳам бозорга тайёр бўлиб етилмоқда. Бундан ташқари томорқасидаги 4 сотих ер майдонига қурилган иссиқхонада бодринг шиғил ҳосилга киргани кўзни қувонтиради. - Оилавий меҳнатимиз натижасида бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини деярли сотиб олмаймиз, барчасини ўзимизнинг томорқада етиштирамиз, иссиқхонамиз катта бўлмасада бодринг ва помидорни эрта баҳорда бозорда сотиб, яхшигина даромад оламиз, томорқадан унумли фойдланган солиқлардан имтиёзга эга бўлиши тўғрисидаги янгиликни эшитиб, янада қувондик, энди - ҳам даромад оламиз ҳам солиқдан имтиёзга эга бўламиз.- дейди Ғофур ака. Биргина меҳнаткашни мисол келтирган бўлсакда, мазкур маҳаллада, ёйингки бутун вилоят ҳудудида бундай меҳнатсевар, томорқасидан унумли фойдаланаётган кишилар талайгина.

Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, эгалигидаги ерига бепарво, боқи-беғамлар ҳам топилади. Уларнинг томорқасидаги аҳволни кўриб, дилинг хира бўлиши бегумон. Давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан тарғибот ҳамда ташвиқот ишлари давомида ана шу каби фуқароларга томорқадан унумли фойдаланишнинг афзалликлари тушунтирилмоқда.

Ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланса, аввало ўша оиланинг дастурхони тўкин, ўсаётган авлод жисмонан соғлом бўлади, оиланинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшиланиб, турмуши фаровон бўлади. Қолаверса, томорқада меҳнат қилиш оила аъзоларининг ўзаро аҳиллигига, меҳр-оқибатли бўлишига, шу орқали оилалар мустаҳкамлигига замин яратади.

Шу сабабли, барча вилоятимиз фуқароларини ўз томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, оилаларига зарурий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишларини ва оилавий даромадларини кўпайтиришларини сўраб қоламиз.

Носир Мавлонов,

Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари.

 
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!