Тарвуз ҳақида 8 та кутилмаган қизиқарли факт

Тарвуз ҳақида 8 та кутилмаган қизиқарли факт

Август ойида ғарқ пишган тарвузлар қуёш билан тўйинган, табиий ва соғлик учун жуда фойдали. Францияда чоп этиладиган Marie Claire аёллар журнали тарвузнинг кутилмаган хусусиятлари ҳақида маълумот берди.

Тарвуз спортчилар учун фойдали
Агарда соғлигингиз учун жисмоний машқлар билан фаол шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, унда сизга тарвузнинг ажойиб хусусиятларини билиш фойдадан холи эмас.

Бу полиз маҳсулоти мушаклар оғриғининг олдини олишга ёрдам берадиган L-цитруллин – аминокислотасидан иборат. Кучли машғулотдан сўнг мушакларда ачишиш пайдо бўлмаслиги учун, машқдан олдин янги тарвузнинг 1/3 қисмини шарбат қилиб ичинг. Бу оғриқ ва ташналикни пасайтиришга ёрдам беради.

Тарвуз пўсти ва уруғларини ейиш мумкин
Қанчалик беъмани туюлмасин, биз тарвуз пўстини ташламасликни тавсия қиламиз. Биринчидан, улар мазали. Уларни майда бўлакларга кесиб, лимон, бодринг ва майдаланган туз билан бирга блендерга жойлаштиринг. Хоҳишга қараб, унга шакар ва кўкатлар қўшишингиз мумкин. Натижада сизнинг стаканингизда нафақат тетиклантирувчи ичимлик, балки C, B1, B2 витаминлари, каротин, фолий ва пантотен кислотаси коктейли ҳам бўлади. Ичимликка уруғларни қўшишни маслаҳат бермаймиз, аммо унинг ичини ейиш яхши.

Тарвуз – бу деярли сув
Биламизки, тарвуз асосан сувдан иборат. Унда суюқлик миқдори 91 фоизни ташкил қилади. Тарвуз ширинлик калорияси энг кам полиз маҳсулоти ҳисобланади. 100 грамм тарвуз таркибида жами 38 калория мавжуд.

Тарвуз кўзлар ва мия учун фойдали
Олимлар тарвузда А ва B6 витаминининг юқори миқдорини топиб, бир ё икки бўлак тарвуз кўз ва ақлий қобилиятни яхшилайди, деган хулосага келган. А витамини кўзни турли инфекциялардан ҳимоя қилиб, хушёрликни яхшилайди. Б6 витамини эса хотирани мустаҳкамлаб, фикрлаш тезлигини оширади.

Тарвуз ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилади
Тананинг ультрабинафша нурларига чидамлилигини оширишда тарвуз жуда фойдали. Унинг таркибида қуёш нурларининг зарарли кучига қарши тура оладиган кучли ликопин антиоксидантлари мавжуд.

Тарвуз шакар йиғади
Пишган тарвузда 5 % дан 13 % гача осон ҳазм бўладиган шакар мавжуд. Пишиш арафасидаги тарвузда фруктоза ва глюкоза синтезлана бошлайди. Сахароза эса тарвузда кейинчалик, мевани сақлаш пайтида пайдо бўлади. Шунинг учун қандли диабет билан оғриганларга фақат пишган тарвуздан оз миқдорда ейиш тавсия этилади.

Тарвуз организмни шлаклардан тозалайди
Тарвуз ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, юрак-қон томир тизимига фойдали таъсир кўрсатиб, буйрак ва жигарни тозалайди. Шунингдек, организмда холестринни йўқотишда ёрдам беради. Тарвуз организмида тош пайдо бўлиш муаммосига дуч келган кишиларга ҳам тавсия этилади.
Агарда тарвузни таомномангиздан чиқариб ташлаш учун етарли сабаб бўлмаса, унда сиз кунига 2-3 кг тарвуз истеъмол қилишингиз мумкин.

Тарвуз нитрат бор-йўқлигини осон аниқлайди
Тарвуз пўстлоғи атмосферадан турли зарарли моддаларнинг кириб келишига йўл қўймайди. Бироқ сўнгги йилларда нитратлар ёрдамида етиштирилган тарвузлар сони кескин кўпайди. Сотиб олинган тарвузнинг «соғлигини» текшириш аслида жуда оддий. Кичик тарвуз бўлагини кесиб олинг ва сувга ботиринг. Агар бир ярим соатдан кейин сув бироз лойқа бўлса, унда ҳаммаси яхши, лекин сув ёрқин пушти, қизил ёки тўқ сариқ рангга кирса, бу тарвузни емаслик зарур.

Мазали тарвузни қандай танлаш мумкин?
- Оғирлиги 5-7 килограмдан ошмайдиган ўртача катталикдаги тарвузларни танланг;
- Энг ширин тарвузлар чўзилмаган, бироз текисланган ва уруғи бўлади;
- Тарвузнинг думи қуруқ ва сариқ бўлиши керак. Яшил дум тарвуз ҳали пишмаганлиги белгисидир;
- Пишган тарвуз урилганда хира товуш чиқаради. Сиқилганда ёрилади;
- Яхши тарвузда ёқимли порлаш ва бир томонида сариқ доғи бўлади.