Қозоғистонда ўзбекистонлик шахс қул қилингани тасдиқланмади

Қозоғистонда ўзбекистонлик шахс қул қилингани тасдиқланмади

Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаросининг меҳнат қуллигида ушлаб турилгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалганди. Мамлакатимизнинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Ақтўбе вилояти полиция департаменти маълумотларига кўра, Қозоғистон ҳудудида ноқонуний равишда бўлган шахсларни топиш бўйича режали тадбирлар давомида 1962 йил 2 майда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Б. аниқланган. Унинг иш берувчисига нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 128-моддасида кўзда тутилган «Одам савдоси» бўйича жиноят иши қўзғатилган.

М.Б. Қозоғистонга 1996 йилда келган, 2004 йилда доимий яшаш рухсатномасини олган ва Қозоғистонда мунтазам яшайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан суҳбат чоғида М.Б. ҳозирги иш берувчисига нисбатан шикояти йўқлигини, иш, яшаш ва иш ҳақи шартлари ўзини қониқтиришини, Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини ва Олмаота шаҳрига, Қозоғистон фуқароси бўлган қизининг уйига кўчиб ўтишни режалаштираётганини билдирди.

Жиноий иш аломатлари йўқлиги ва меҳнат қуллиги фактлари тасдиқланмагани муносабати билан қўзғатилган жиноият иш ёпилди.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10 (Телеграм, Ватсапп, Имо); Ақтау шаҳридаги Бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.