Судьяларни қонунга кўра сайлаш, тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколат муддатларини биласизми?

Судьяларни қонунга кўра сайлаш, тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколат муддатларини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раислари ва раис ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.

Ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади.

Судья ўз ваколати муддати давомида ҳарбий суднинг, вилоят ва Тошкент шаҳар судининг судьяси, туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин. Бунда бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги керак.

Судьянинг қайта тайинланиши масаласи унинг аризасига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига биноан киритилади.

Судьянинг ваколат муддати унинг судьялик лавозимида фаолият юритган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Суд раислари беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади. Айни бир шахс тегишли судда сурункасига икки муддатдан ортиқ раис этиб сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.

Суд раисининг раис сифатидаги ваколат муддати тугагач, у ўзининг фаолиятини ўз розилиги билан шу судда судьялик лавозимида давом эттиради ёхуд қолган ваколат муддатига ўз розилиги билан бошқа судьялик лавозимига сайланади ёки тайинланади.

Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунида белгиланган тартибда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади.

 

С.Кулиев - Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судьяси