"Гўзал, аммо жуда хавфли": UFCдан ҳайдалган Лиана Жожуа ҳақида нималар биламиз?

"Гўзал, аммо жуда хавфли": UFCдан ҳайдалган Лиана Жожуа ҳақида нималар биламиз?
Грузиялик UFC жангчиси Лиана Жожуа UFCдан кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шу муносабат билан UFC гўзали ҳақидаги материал Olamsport.com cайтида қайта чоп этилди. 

У 1995 йилнинг март ойида Грузияда, мамлакат пойтахти Тбилиси шаҳрида туғилган.

Жожуа болаликдан санъатга жиддий тарзда қизиққан. У фортепианони маромига етказиб чала олади. Балки, 16 ёшида америкалик Жина Каранонинг ММАдаги жангларини кўриб, мазкур спорт турига қизиқиш пайдо бўлмаганида, у ҳозир актриса ёки мусиқа ўқитувчиси бўлиши ҳам мумкин эди.

Лиана октагондаги ҳаракатлари эмас, кўпроқ ташқи кўриниши билан машҳурроқ.

ММАга муай-тайдан кириб келган Жожуа бугунгача 13 та жанг ўтказишга улгурди ва улардан 8 тасида ғалабага эришган (5 мағлубият).

Лиана Грознийнинг "Ахмат" аралаш яккакураш клуби аъзоси ҳисобланади. 

Рус фуқаролигини қабул қилган спортчи жангларга Россия номидан чиқади.

Дарвоқе, у Москва Давлат Педагогика Университетини тамомлаган. Келажакда ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқчи. Грузин гўзалининг бўлажак ўқувчиларига ҳавас қилишни ҳам, ачинишни ҳам билмайсан киши...

У UFC'даги сўнгги тўртта жангининг фақатгина биттасида ғалаба қозонди. Сўнгги жангида эса керакли вазнни ҳам қила олмаган, шу ҳолатда ҳам рақибасига очколар ҳисобига кўра ютқазганди. Айни пайтда эса унинг UFCдан кетгани ҳақида маълум қилинди.

Жожуа энди фаолиятини қайси йўналишда давом эттиришини яқин орада билиб оламиз.