Коронавирусга қайта чалинган аёл инфекцияга иммунитет пайдо бўлди деб адашган

Коронавирусга қайта чалинган аёл инфекцияга иммунитет пайдо бўлди деб адашган

 АҚШ фуқароси икки ой ичида икки марта коронавирусга чалиниб, реанимацияга тушиб қолди. Бу ҳақда «The Mirror» нашри хабар берди.

Июнь ойида 46 ёшли Лесли Танян коронавирусга топширган тест натижаси мусбат чиқди. Америкалик аёл касалликни деярли аломатсиз ўтказгани учун инфекцияга иммунитет пайдо бўлди деб адашган.

Август ойида Леслининг нафас олишида муаммолар бошланган. Қонида кислород миқдори шу даражада тез пасайиб кетардики, тез-тез ҳушидан кета бошлаган. Шундан кейингина Танян турмуш ўртоғига шифохонага бормаса бўлмаслигини айтган.

Бемор касалликни бошидан ўтказгани ҳали икки ой ҳам тўлмагани учун шифокорлар коронавирусга қайта тест ўтказишдан бош тортишди. Охир-оқибат, ташхис қўйилиб, Танян реанимацияга жойланди. У ерда аёл уч ҳафта ҳаёт учун курашди. Шундан сўнг ўпкаси жиддий шикастлангани боис бир ой беморларни парвариш қилиш муассасасида даволанди.

Муолажалардан сўнг Таняннинг тест натижалари икки марта манфий чиққач, аёл уйига қайтди. Шифокорлар унга омади борлигини, чунки касалликнинг бу босқичида кўпгина беморлар ҳаётдан кўз юмишини айтишди.