Жиззахнинг кўп қаватли уйларидаги "зинама-зина марафон". Ёхуд эски лифтлар қачон янгисига алмаштирилади?

Жиззахнинг кўп қаватли уйларидаги "зинама-зина марафон". Ёхуд эски лифтлар қачон янгисига алмаштирилади?

Кўп қаватли уйларда ва биноларда лифтга бўлган эҳтиёж юқори ва албатта ўрнатилади. Ишхона офисларига вақт тежаш мақсадида ўрнатилса, тураржой бинолари учун яшовчиларга енгиллик яратиш асосий мақсад. Албатта, шу шарт билан кўпчилик харидорлар бинонинг энг юқори қаватидан бўлса ҳам тураржой харид қилиши табиий. Аммо, лифтга ишониб келгандан сўнг, унинг ишламай қолиши алам қилса керак… Афсуски, ҳар куни 9 қаватли поғонани босиб ўтиш кундалик ҳолатига айланиб қолган фуқароларимиз ҳам мавжуд...

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республика бўйлаб йўловчи лифтларини аҳолига қай тарзда хизмат қилаётгани бўйича мониторинг кузатув ишларини бошлади. Демак, Федерация мўлжалида Жиззах шаҳри:

Ушбу шаҳарнинг 12 мингдан ошиқ аҳолиси истиқомат қилувчи «Заргарлик» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини)да 4 та 9 қаватли тураржой мавжуд бўлиб, умумий 8 та лифтни ўз ичига олади. Аммо, фараз қилганингиздек, ушбу улкан тураржойнинг бирорта ҳам лифти бир неча йиллардан буён ишламайди. Аҳоли ушбу ноқулайликлардан анчадан бери азият чекиб келмоқда. Шу ўринда бир савол туғилади: «Эски лифтлар қачон янгисига алмаштирилади?»

Ушбу саволга жавобни эса нафақат жамоатчилик мониторинги олиб бораётган ташкилот вакиллари, балки истеъмолчилар ҳам орзиқиб кутмоқда.