«ОАВ ходимларининг давлат идоралари томонидан мукофотланишига қаршиман» — Акмал Бурҳонов

«ОАВ ходимларининг давлат идоралари томонидан мукофотланишига қаршиман» — Акмал Бурҳонов


Коррупцияга қаши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов «Америка овози»га интервью берди ва унда агентлик зиммасига қандай вазифалар юклангани, одамлар ундан нима кута олади, нима кутмаслиги кераклиги ва ОАВ ҳақида гапирди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, интервью давомида у ОАВ ходимларининг давлат томонидан мукофотланишига қарши эканлигини билдирди.

«Мен ОАВ ходимларининг давлат идоралари томонидан мукофотланишига қаршиман. Лекин айни вақтда Ўзбекистонда уларни давлат идоралари мукофотламаса, ким мукофотлайди? Уларни рағбатлантирувчи ташкилотлар борми? Тўғри, ҳозиргача баъзан мукофотлашган бўлишлари мумкин. У ҳам бўлса, асосан, блогерларни…», — деган Акмал Бурҳонов.

Суҳбат давомида ўзининг Буюк Британияга бўлган сафари ҳақида ҳам айтиб ўтган.

«Мен 10 кун давомида ОАВ бўйича Буюк Британия тажрибасини ўрганиб келдим. BBC’да ҳам бўлдим ўша вақтда. У ерда журналистларнинг ҳамжамиятлари борлигини кўрдим. Уларнинг этика қоидалари, кодекслари борлигини кўрдим. Булар қонун билан эмас, айнан ўша ҳамжамиятлар орқали тузилган. Бизга ўхшаб бир дона эмас, давлат томонидан ташкил этилган ҳам эмас. Уларнинг ўзлари хоҳлаб қўшилишади ва уларни рағбатлантирувчи ҳамжамиятлари бор», — деб таъкидлаган Коррупцияга қаши курашиш агентлиги раҳбари.

Шунингдек, у Ўзбекистонда блогер ёки ОАВ бирор жараённи ёритганида унга пул тўланган ёки йўқлигини билиб бўлмаслигига ҳам тўхталиб ўтди.

«Британияда ОАВлар шундай тартибда ишлашадики, халққа очиқ, ҳам бизнес қилишади. Қайси материаллари реклама сифатида, қайси бирлари ўзлари томонидан қилингани очиқ. Бизда эса, афсуски, ҳаммаси аралашиб кетган. Қайсидир жараённи бир ҳудуддаги блогер ёзса, ҳаттоки давлат оммавий ахборот воситаси ёритса ҳам бунга пул тўлангани ёки йўқлигини биз билмаймиз. Бу коррупцион ҳолат. Бизда шундай мисоллар ҳам борки, бирор давлат муассасаси, нодавлат бизнеслар коррупцион ҳолат орқали давлат ОАВларидан фойдаланиб бирор материални тайёрлатишган. Бу нарсага хорижда, хусусан, АҚШда жиддий қарашади. Бу ҳам этика қоидасини бузишга киради, ҳам қонунни», — деган Акмал Бурҳонов.

У коррупцион ҳолатни фош қилган, журналистик суриштирувларни ўтказган журналистларни давлат идоралари эмас, уларнинг ҳамжамияти, касаба уюшмалари, ташкилотлари тақдирлашини хоҳлашини ҳам айтиб ўтди.

Интервью давомида Бурҳонов ОАВларнинг бирор жараённи ёритиши, биринчи навбатда, ўзлари учун манфаатдор бўлиши кераклигини ҳам қўшимча қилди.

«Биз қайсидир бир ОАВга чиқиб, ‘мана бу нарсани ёритишда ёрдам беринг, биз билан бирга боришингиз мумкин’ деганимизда, ‘йўлкирамизни тўлаб берасизларми, харажатларни ким қоплайди?’ деган саволлар ҳам бўлади. Бундан биринчи ўринда ўзлари манфаатдор бўлишлари керак, лекин ҳозир бизда кўпроқ давлат идораси манфаатдор. Шунинг учун ҳам уларни тақдирлаяпти, улар билан яқин бўлишни истаяпти. Менга журналистлар савол билан мурожаат қилишса, суҳбат қилишмоқчи бўлишса, шу таклиф биздан чиқмаётганига, бундан ОАВлар манфаатдор бўлаётганидан хурсанд бўламан. Бу нарса ҳамма соҳада бўлиши керак. Шундагина ОАВлар давлат томонидан ҳеч қандай рағбатни кутишмайди, унга ҳаракат ҳам қилишмайди, ўзларининг ҳамжамиятида ўсиш ҳам бўлади», — деган агентлик раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов 2020 йил июнида ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2020 йилнинг августидан буён раҳбарлик қилиб келмоқда.