БУХГАЛТЕР СИНФИНИНГ ҚАДРИ ОШАДИ

БУХГАЛТЕР СИНФИНИНГ ҚАДРИ ОШАДИ

Шу пайтга қадар фойда солиғи қандай ҳисобланган?

Умумий даромаддан маълум фоиз солиқ учун чегирилиб, ягона ёки қатъий солиқ тўланган. Ҳаттоки ҳисобчи бўлмаган одам ҳам бир-икки уринишдан сўнг ўзи ҳисоблаб олаверадиган тизим амалда эди. Янги Солиқ кодексида солиқ турларининг қисқариб, электрон ҳисоб-фактураларининг амалга киритилиши ҳамда манфий қолдиқ суммасини ҳисоблаш тартибига ўтилгани каби ўзгаришлар корхона ва ташкилотларда бухгалтерия тизимининг ҳам бироз мураккаблашишига сабаб бўлди. Аммо солиқ ҳисоб-китобларидаги бу ўзгаришлар шаффофлик, тенглик ва аниқликни таъминлаши билан солиқ тўловчиларга ҳам маъқул келмоқда. Ҳамда билимли бухгалтерга талабни кескин оширади.

23 январдан Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармасида бухгалтерлар учун ўқув курслари бошланди. Унда янги Солиқ кодекси билан солиқ қонунчилиги, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш бўйича ўзгаришлар, фойда, мол-мулк, ресурс ва қўшилган қиймат солиқларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ назорати шакллари, турлари, ўтказиш тартиби каби мавзуларда машғулотлар ташкил этилмоқда.

Ташкилотимизда 3 нафар бухгалтер фаолият кўрсатади, - дейди “Жиззах ҳақиқати”-“Джизакская правда” газеталари таҳририяти бухгалтери Дилором Эгамқулова. – Маълумки, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар билан китоб ва ОАВ маҳсулотларини чоп этиш, етказиб беришдаги давлат имтиёзлари бекор қилинди. Ушбу ўзгаришлар шу пайтга қадар амалда бўлган ҳисоб тизимининг ўзгаришига сабаб бўлади. Солиқ қонунчилигидаги барча ўзгариш ва янгиликлар вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш марказининг малакали мутахассислари томонидан олиб борилмоқда. Бепул ташкил этилган ўқув курсларида янги талаб ва тартиблар мукаммал ўргатилмоқда.

Ўқув машғулотлари 1 февралга қадар давом этади.

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати