Миллиардер Искандар Маҳмудов: Сўнгги айтган фикрим энг фойдалиси

 

Искандар Маҳмудов бухоролик жаҳонга машҳур ўзбек ишбилармони, йирик тадбиркор. Россиядаги энг йирик Урал тоғ-металлургия компанияси президенти. Forbes журнали маълумотларига кўра, ҳозирда унинг 6 миллиард 500 миллион долларлик мол-мулки бўлиб, Россиядаги энг йирик 20 миллиардер қаторидан ўрин олган. Унинг шахси ва фаолияти ҳақида ЎзА саҳифаларида Ирисмат Абдухолиқов 
фикр юритди.

Беихтиёр савол туғилади, қандай қобилияти ва истеъдоди эвазига Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) шарқшунослик факультетини битириб, 1984 йили араб тилини ўрганган таржимон бугун Россиядаги таркибида ўнлаб йирик корхоналари бўлган Урал тоғ-металлургия компаниясига эгалик қилмоқда? Айни пайтда у Россияда ишлаб чиқарилаётган мис (рангли металл)нинг тенг ярмини назорат қилади, вагон ва тепловоз ишлаб чиқариш бўйича эса қисқа муддатда Россияни жаҳондаги 8-ўринга олиб чиқди. Россия фуқаролиги гувоҳномасини унинг қўлига шахсан президент Владимир Путиннинг ўзи топширган.

Бир қараганда ақл бовар қилмайдиган, тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган ютуқ, натижа ва муваффақият. Аслида чуқурроқ ўйлаб қарайдиган бўлсак, бу муваффақиятлар асл сабабини тушуниш ҳам, тушунтириш ҳам мумкин экан.

Касб танлашда Искандар Маҳмудовга шарқшунослик факультетига ўқишга киришни маслаҳат берган, хорижий тилларни ўрганишга чорлаган, бунда ўғлининг яқин ёрдамчиси бўлган онаси ҳам зиёли инсон эди. Гарвард, Кембриж, Сорбонна ёки Москвадаги МДУ, МВТУ (Бауман номидаги Москва давлат техника университети)да ўқиш, муваффақиятли тамомлаш инсон тақдирига, унинг амал пиллапоялари сари кўтарилишига, бизнесига бевосита таъсир қилармикан?

Искандар Маҳмудов ўз ҳаётий тажрибаси билан бу тушунчаларни бутунлай ўзгартириб юборди, дейиш мумкин. У Ўзбекистонда таҳсил олди. Дастлаб мактаб, сўнгра олий ўқув юртида аъло баҳоларга ўқиди. Шарқшунослик факультети профессор-ўқитувчилари берган билимлар савияси жаҳонга машҳур хорижий олий ўқув юртларидан сира қолишмаслигини исботлади. Искандар Маҳмудов тадбиркорлик ишига жиддий киришди ва жаҳондаги 10 нафар энг бой ўзбек миллиардери сафидан жой олди.

Искандар Маҳмудовнинг онаси рус тили ўқитувчиси, отаси эса қурувчи-муҳандис бўлган. Республикадаги йирик завод-фабрика ва корхоналар қурилишида қатнашган. Шу ерда жумбоқнинг калитини топаётгандек бўлаяпмиз. Балки бунга қўшимча, шу авлодга хос бўлган ва наслдан-наслга ўтаётган истеъдод, қобилият ҳам қудратини кўрсатган бўлса, ажабмас.

Олий ўқув юртини битиргандан кейин Искандар Маҳмудов бир неча йил давлат хизматида ишлади. Араб тилини пухта билгани сабабли 1984—1986 йилларда собиқ СССР Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ливиядаги совет ҳарбий маслаҳатчилари гуруҳида таржимонлик қилди. Шу йиллари собиқ иттифоқдан араб мамлакатларига борган рус ҳарбий мутахассислари ўзлари билан ишлайдиган маҳаллий халқ тилини, урф-одатини билмас, араб халқининг феъл-атворини тушунмас эди. 1986—1988 йиллар Ироқдаги ҳарбий объектларни қуриш бошқармасида бу масалада айни таржимон Искандар Маҳмудов уларнинг жонига оро кирди.

Искандарнинг таржимонлик фаолияти тўғрисида ўзининг алоҳида нуқтаи назари, фалсафий қарашлари мавжуд.

— Таржимон холис хизмат қилиши керак, ана шунда ҳурматга, обрў-эътиборга сазовор бўлади, буюртмачилар ҳам унга ўзига ишонгандек ишонади. Яхши, адолатли, беғараз одам бўлсангиз, боз устига уларнинг тилини, дилини билсангиз, улар сизни яқин одами сифатида қабул қилади. Ҳатто ишига, бизнесига шерик бўлишни ҳам таклиф эта бошлайди, — дейди Искандар Маҳмудов.

Шу гаплардан сўнг хорижий тилларни яхши билувчи ўзбек бизнесменлари Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиев, Алижон Иброҳимов каби ишбилармон тадбиркорлар ёдимга тушди. Уларнинг бизнес сирини оз бўлса-да, англагандек бўлдим.

1988 йили хориждаги хизмат сафаридан қайтгандан кейин Искандар Маҳмудовни Ўзбекистон эҳтиёжи учун товар сотиб оладиган ва ўзбек пахтаси, урани билан савдо қиладиган «Ўзбекинторг» ташкилотига ишга таклиф қилишди. Ҳақиқий коммерция, хорижий давлатлар билан дастлабки савдо қилиш тажрибасини Искандар Маҳмудов шу ерда ўрганди. Тажриба тўплади. Лекин Тошкентда узоқ ушланиб қолгани йўқ. Ўзбекистоннинг эҳтиёж ва имкониятларини яхши биладиган, рус, араб тилларини пухта ўзлаштирган уддабурон тадбиркор, ташқи савдо соҳасидаги мутахассис даражасига етган таржимон кимга керак бўлмайди, дейсиз.

Искандар Маҳмудов олти тилни билади, иккинчи турмуш ўртоғи билан еттинчи — татар тилида бемалол сўзлаша олади. У киши билан суҳбатлашганда ҳайрон бўласан, ҳайратга тушасан, дейди ҳамкасблари. Ҳозиргина бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрларни айтиб туриб, шу заҳоти ана шу фикрини ўзи инкор қилиши ҳам мумкин. Унга жавобан, «Ие, ҳа, ахир ҳозиргина бошқа фикрни айтган эдингиз-ку, буёғи қандай бўлди», деганингизда: «Шошилманг, масалани тўғри ҳал қилишнинг бир нечта варианти мавжуд. Сўнгги айтган фикрим энг фойдалиси, энг безаволи», деб жавоб қилади ва уни сизнинг олдингизда асослаб ҳам беради.

Бир қизиқ одати бор. Ишлаб чиқариш жараёнига катта раҳбар сифатида кўп ҳам аралашавермайди. «Ишни яхшилайман, деб билиб-билмай мутлақо тескари натижага эришишингиз мумкин, мутахассисларга ишониш керак», дейди тадбиркор. Қўл остида ишлаётганларга эркинлик, мустақиллик берган, айни пайтда масъулиятдан қочмаслик, уни бўйнига олиш ҳам юклатилган. Лекин маҳсулотларининг сифатини, режадаги ҳажмини, ишлаб чиқариш рентабеллигини диққат билан кузатиб боради. Вазиятга қараб зудлик билан чора-тадбирлар ҳам кўради.

Ҳозирги кунда Қозоғистонда, Бельгияда ва бошқа давлатларда минг-минглаб ишчиларга иш бераётган, уларни хорижий давлатлар қонун-қоидалари даражасида маош билан таъминлаб, ижтимоий ҳимоя чораларини кўраётган Искандар Маҳмудов чет элга якка ўзи кетгани йўқ. У киши билан бирга тоғаси Олим Маҳмудов (ҳозир «Уралелектромед» корхонасида бош мутахассис), акасининг бир ўғли, Искандарнинг тенгдош оғайниси (ҳозир УГМК директорлар кенгашининг аъзоси, рангли металлга ишлов бериш бўйича бошқарма бошлиғи) Шуҳрат Маҳмудов ва бошқа ака-ука, тоға, амаки, қариндош-уруғлар бирга кетишган.

Ноёб истеъдодга эга бўлган тадбиркор хорижда Жаҳонгир исмли ўғил кўрди. Ҳозир у 32 ёшда. Жаҳонгир Буюк Британияда Халқаро бизнес мактабини битирди. 2009 йилдан «Аэрокосмос» компанияси Бош директорининг маслаҳатчиси. 2010 йилдан «Голдман Сакс групп» товарлар департаментида даромадларни рўйхатга олиш, валюта бозори ва хом ашё товарлар бўйича маслаҳатчи лавозимида, 2012—2015 йилларда «УГМК-холдинг»да тоғ ишлари бўйича директор маслаҳатчиси, Челябинск рух заводи (ЧПЗ) бош директорининг коммерсия ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлади.

Ўзбекистон ҳукумати ва Урал тоғ-металлургия компанияси ўртасида 2017 йил 3 апрель куни Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида таркибида нодир ванадий ҳамда титаномагнетит каби қимматбаҳо металлари бўлган Тебинбулоқ темир конини ҳамкорликда ўзлаштириш юзасидан меморандум имзоланди. Бу ерда, шунингдек, Ўзбекистонда биринчи бор бевосита тоғ рудасидан металл олинадиган пўлат эритиш печлари қад кўтаради. Киритилаётган инвестициянинг ҳажми, кон ва корхоналарда ишлайдиган ишчиларнинг сони биринчи босқичда 2 минг кишини ташкил қилади. Сармоя ҳажми 1,5 миллиард АҚШ доллари.

Янги тоғ-кон саноати корхоналарида юзлаб ишчилар, кончилар, пўлат эритувчилар, муҳандис-техник ходимлар, хизматчилар меҳнат қилади. Кондаги битта карернинг ўзидан йилига 22 миллион тонна руда қазиб олинади. Таркибида 65 фоиз темир бўлган улкан руда бойитиш комбинати барпо этилади. Йилига бир ярим миллион тонна чўян қуядиган металлургия комплекси қад ростлайди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кон қаърида таркибида ноёб металлар бўлган бир неча миллиард тонна руда ётибди.

Яна шуни қайд этиш керакки, Тебинбулоқ кони Ўзбекистон геологлари томонидан бундан 80 йил муқаддам очилган. Лекин бундай йирик конни ўзлаштириш фавқулодда катта маблағ талаб қиларди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида янги конни ўзлаштириш бўйича бир қарорга келинган эди. Искандар Маҳмудов бошлиқ Россиядаги йирик тоғ-металлургия компанияси билан шартнома имзоланди. Айни пайтда Урал кон-металлургия компанияси Тебинбулоқ конида карер қазиш ишларини бошлаб юборди. dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 12-04-2018, 10:11
0
132

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига