Тошкентда электроника ва электротехника соҳасида мустақил ўқув юрти ташкил этилади

Тошкентда электроника ва электротехника соҳасида мустақил ўқув юрти ташкил этилади

Тошкентда электроника ва электротехника соҳасида мустақил ўқув юрти ташкил қилинади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси»да белгилаб ўтилган.

Фото: Bookyourstudy.ru

Маълум қилинишича, Кореянинг Илғор технологиялар институти (KAIST), Токио Илғор технологиялар институти (Япония), «Nanyang» Технология Университети (Сингапур), «Sinxua» университети (Хитой) вакиллари билан музокаралар ўтказилади.

Билдирилишича, давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида Тошкентда соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида электроника ва электротехника соҳасидаги мустақил ўқув юртини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, «Леан менеджмент», «Кайдзен», «5S», «Канбан» технология ва стандартлари асосида камхарж усулларда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш мақсадида баъзи кам самарали корхоналар таркибини қайта қуриш ва бир турдаги техника ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, импорт қилинаётган тайёр электротехника ва электромаиший техника маҳсулотларига утилизация йиғимини жорий этиш, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш, электротехника саноатида энергия ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш орқали энергия самарадорлигига эришиш ва мудофаа саноатида янги авлод электротехника маҳсулотлари ва саноат жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган.