Фориш тумани: туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим статистикаси

Фориш тумани: туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим статистикаси

94 мингга яқин киши истиқомат қилувчи Фориш туманининг ФҲДЁ бўлимида эрта тонгдан иш қизғин.

- Фарзандимнинг ёши 4 да. Ҳаёт тарзимиз чорвачилик билан боғлиқ. Шу сабабли фарзандимга “метирка” олишга имкон бўлмаган. Кейинги сафар деб орқага суравердик. Мана 4 йилдан сўнг туман ФҲДЁ бўлимига келдик. Ариза ташладик. Бу ердаги ходимлар жараёнларни тушунтириб беришди. Насиб бўлса боламга гувоҳнома оламиз, - дейди В.И.

Шу каби масалалар бўйича юртдошларимиз келиб юмушларини битириб кетишади. Баъзида аризачиларнинг сони кўплиги боис навбат кутиш ҳолатлари ҳам бўлади.

Статистик маълумотларга кўра 2020 йилнинг 10 ойи давомида жами  1 641 та туғилиш қайд этилган. Ўғил бола туғилган оилалар сони 861 тага, қиз чақалоқлар сони эса 780 нафарга етди.

Фуқаро В.И. каби 16 ёшгача бўлган болаларининг туғилиши муддатидан ўтиб қайд этилиши юзасидан 10 та ариза қаноатлантирилди. Шунингдек, 16 ёшдан ўтиб келиб гувоҳномасини олганлар туманда 6 тани ташкил этмоқда.

ФҲДЁ бўлимларида оталикни белгилаш алоҳида тартибда амалга оширилади. Шаръий никоҳда яшаб юрган фуқароларнинг фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани беришдан олдин унинг оталиги белгилаб олинади. Ана ундан сўнг “метирка”си расмийлаштирилади. Шу масала бўйича 31 та ариза кўриб чиқилган. Фарзандликка олиш бўйича 6 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Масаласи қонуний равишда қаноатлантирилган.

Янги оилани барпо этганлар туманда 624 тани ташкил этди. Энг ачинарли вазият бу ажрим. Минг афсуски 46 та оиланинг ҳаёти ажрим билан якун топди. Ўлимни қайд этиш бўйича эса 384 та гувоҳнома расмийлаштирилган.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати