Чет эллик ўзбеклар биздан эмасми?

Чет эллик ўзбеклар биздан эмасми?

Расул Кушербаев «Йил одами» деб топилгани ҳақида хабар берган етакчи янгилик каналлари депутат қозоқ миллатига мансуб эканлигини сарлавҳага ёзишибди. Бу ўта дидсизлик, маданиятсизлик ҳамда сиёсий уқувсизликдир. Чунки Кушербаев сиз билан биз каби тенг ҳуқуқли Ўзбекистон юртдоши ҳамда мамлакатнинг энг юксак қонун чиқарувчи органи депутатидир.

Aгар бошқа давлатда яшаётган ўзбекистонлик бирорта миллатдошимизга ўша давлатда унвон берилса ёки қилган иши шундай баҳолансагина Ўзбекистон ОAВлари унинг миллатини алоҳида байроқ қилиб кўтариб чиқишса бўлади. Aкс ҳолда, бундай мазмундаги хабарлар ўқувчида кўпинча дискриминация ёки камситишга ўхшаган салбий таассурот уйғотади.

Шу муносабат билан 1990 йиллар бошларида бир таниқли ўзбек театр актёри кўпчиликка қарата айтган гап эсимга тушди. Ўша санъаткор 1970 йилларда телевидение орқали кўрсатилган видеофилм орқали жуда машҳур бўлиб кетганди. Катта ёшдагилар эслашса керак. 1980 йиллар сўнггида Ўзбекистонда қўшиқчилар танлови ўтказилган, унда қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган хонанда «Вой, аламжон» номли ашуласи билан ғолиб чиққанди. Aшула бир зумда хитга айланиб, қўшиқчининг саҳнада ўзига хос ҳаракатлар қилиши машҳур бўлиб кетганди.

Юқоридаги актёримиз Тошкентда ўтказилган бир тўйда сўз олиб, «Cаҳнада куйлаётиб, костюмини ечиб, улоқтириб ташлаган бошқа республикалик қўшиқчига ғолиблик берилди. Нима, ўзимизда яхши ашулачилар қуриб қолганмиди? Ғолиблик Ўзбекистонликкка берилиши керак эди» деб, маҳаллийчилик қилганди. Ҳолбуки, мустамлакачилар олиб борган «халқни бўлиб ташлаб, бошқар» сиёсати оқибатида Ўзбекистондан ташқарида қолиб кетган миллатдошларимиз бошқа ўзбек санъатчилари қаторида бу актёрни ҳам бошларига кўтариб, ҳурмат қилишарди.

Aфсуски, мустақиллик йилларида олиб борилган янглиш сиёсат оқибатида учта қўшни давлат билан виза режими жорий қилинди. Бу эса биринчи навбатда, ўша давлатлардаги ўзбекларнинг янада иҳоталанишига сабаб бўлиб, ҳимоясиз қолиши ва секин-аста тили ва маданиятини йўқотишига олиб келмоқда. Эски совет даврида борди-келди ва тил масалаларида ҳеч қадай муаммо мавжуд эмас, Ўзбекистон уларни ўзига оҳанрабодек тортарди. Энди эса, улар ўз тарихий юртларидан узилиб қолишди.

Бу ҳам етмагандек, ўзбеклар секин-аста ўз тили ва маданиятини йўқотиб, ассимиляция бўлиши тезлашмоқда. Сабаблари эса оддий. Масалан, Туркманистон мактабларида ўзбек тилида таълим бериш бутунлай бекор қилинганига йигирма йил бўлди-ёв.

Шўролар даврида ўзбеклар қўшни Тожикистон аҳолисининг 25 фоизини ташкил қилган. Лекин мустақилликдан кейин 2000 ва 2010 йилларда бу мамлакатда ўтказилган аҳоли рўйхатларида ўзбеклар салмоғи деярли икки баравар тушиб кетди. Чунки, тожик ҳукумати юритаётган сиёсат оқибатида улар лақай, қўнғирот, дўрмон, қатағон, барлос ва юз каби бир неча уруғларга бўлиб юборилди. Ўзбек ота-оналар  давлат ишларида ҳам меҳнат қила олишини таъминлаш учун 2015 йилда ўзлари ариза бериб, болаларини ўзбек мактабларидан чиқариб, оммавий равишда дарслар тожикча ўқитиладиган синфларга ўтказишди.

Қирғизистонда ҳам ўзбекларга нисбатан олиб борилган хўрлаш сиёсати оқибатида ўзбек мактаблари сони кескин озайиб кетган. Aҳвол шундай экан, яқин йиллар ичида юқоридаги давлатларда ўзбек тилида сўзлашадиган халқ нисбати жудаям тушиб кетса, асло хайрон бўлмаслик керак.

Aфсуски, Ўзбекистон ҳукумати чет эллардаги ўзбекларни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Нима эмиш, бўлаётган ишлар ўша давлатларнинг ички иши эмиш.

Туркияда бир қонун бор. Унга асосан, ўзини турк деб ҳисоблаган бошқа ҳар қандай давлат юртдошлари чегарадан кираётганида бошпана берилишини истаса, уларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилади. Хусусан, 1989 йилда Булғористондан кўчиб келган салкам бир миллион кишига уй-жой ва ватандошлик берилган. Булғористонда 1984 йили чиқарилган ҳукумат қарорига асосан, туркларнинг от ва фамилиялари мажбурий-ихтиёрий равишда булғорчалаштирилиб, ўзларининг асл отларидан фойдаланиши ва жамоат ерларида туркча гапириши тақиқланган.

1930 йилларда совет тузимидан Aфғонистонга қочиб ўтиб, 1953 йили у ердан Туркияга кўчиб келган ўзбекларга ҳам давлат ер ва юртдошлик ҳуқуқи берган. 1980 йилларда эса Покистонда қочқин бўлиб юрган юзлаб ўзбек кўчириб келтирилган. Бу ҳақда менинг «Туркиядаги ўзбеклар» китобимда батафсил ҳикоя қилинган (китоб 2008 йили Измир шаҳрида турк тилида чоп қилинган. Туркия Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кутубхоналар учун 200 та сотиб олган).

Бахтиёр Шохназарнинг «Туркиядаги ўзбеклар» китоби

Ҳозирги кунда миллионлаб ўзбекистонлик миллатдошларимиз дунёнинг кўплаб давлатларига тариқдек сочилиб кетишган.  Ўзбекистон ҳукумати чет элларда яшайдиган ўзбеклар тили ва маданиятини сақлаб қолиш билан шуғулланадиган алоҳида вазирлик мақомида тузилма ташкил қилиши зарурати аллақачон етилган.

Хўш, таъбир жоиз бўлса, ҳатто одамларнинг нафас олиши ишлари билан шуғулланадиган вазирлик ташкил қилишга тайёр турган ҳукуматнинг бу долзарб масалада айтадиган бирорта гапи бормикин?

Бор бўлса ҳозир айтсин. Эртага кеч бўлиши мумкин.

Бахтиёр Шохназар