Марказий Осиё мамлакатлари медиа қонунчилигидаги ўзгаришлар: 2020 йил якунлари

Марказий Осиё мамлакатлари медиа қонунчилигидаги ўзгаришлар: 2020 йил якунлари

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон медиа соҳаси ҳуқуқшунослари тўрт мамлакат қонунчилигида оммавий ахборот воситалари ривожланиши билан боғлиқ етакчи тенденцияларни муҳокама қилдилар. 

“Янги репортер” медиа қонунчилигидаги асосий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади ва келгуси йил режалари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон

 Карим Бахриев, ўзбекистонлик медиа-юрист

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда аудиовизуал маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш фаолиятини лицензиялаш бекор қилинмоқда, деди ўзбекистонлик медиа-юрист Карим Бахриев. Республикада 2000 га яқин миллий контент ишлаб чиқарувчилари мавжуд, лицензиянинг бекор қилиниши бозорни яхши ривожлантириш учун омил бўлади.

Шунингдек, ОАВ фаолияти учун рухсат бериш тартиби рўйхатдан ўтказишдан хабардор қилиш шаклига ўтиши ҳам ижобий ўзгаришлар қаторига киради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ахборот вазирлиги хабар қилган. Ҳозирда ОАВни онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин ва ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш тизими ишга туширилган бўлиб, муддати 15 кун қилиб белгиланган.

Бошқа Марказий Осиё республикалари сингари Ўзбекистон ҳам пандемия туфайли қонунчилик талабларини кучайтирди. 2020 йилда Маъмурий ва Жиноят кодексларига ўзгартиришлар киритилди. Жиноят кодекси 244-модданинг 5-қисми “Карантин ва одамларга хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши тўғрисида ёлғон маълумот тарқатиш” жумласи билан тўлдирилди. “Санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш…” ҳақидаги 257-модда ҳам блогерлар ва журналистларга қарши қўлланила бошланди. Бунга ниқоб кийиб юриш талаби сабаб бўлди.

Мутахассислар қонун чиқарувчи органларга таъсир ўтказишга уринаётган ва ОАВ ишини енгиллаштириш бўйича ташаббусларни илгари сураётган жамоат бирлашмаларининг фаол ҳаракатларини қайд этишмоқда. Судлар журналистларга босим ўтказганлик, ахборот олиш имкониятини чеклаганлик учун мансабдор шахсларга қарши ишларни кўриб чиқишга киришган.

Қозоғистон

 Гулмира Биржанованинг чиқишидан скриншот

Ҳуқуқий медиа марказ ҳуқуқшуноси Гулмира Биржанованинг сўзларига кўра, Қозоғистон учун муҳим воқеликлар:

  • “Тинч йиғилишлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши,
  • туҳмат тўғрисидаги модданинг декриминаллаштирилиши,
  • ҚР ЖК 174-моддасидаги ўзгаришлар,
  • 2020-2022 йиллар учун ахборот соҳасини ривожлантириш Миллий режасининг қабул қилингани.

Маърузачи томонидан таъкидланган бошқа воқеликлар:

  • Қозоғистон матбуотида маҳаллий айрим кучсиз алкоголь маҳсулотлари товар белгиларини реклама қилиш имконини берувчи тузатишлар (ҚР парламенти Мажлиси томонидан қабул қилинган, ҳозирда ҚР Сенатида кўриб чиқилмоқда),
  • журналистларни аккредитация қилиш қоидаларидаги ўзгаришлар,
  • “Оммавий коммуникациялар тўғрисида”ги янги қонун концепцияси лойиҳасининг пайдо бўлиши.

Митинглар тўғрисидаги янги қонунчилик ва ҚР ЖКнинг 174-моддасига ўзгартишлар баҳсларга сабаб бўлди. Гулмира Биржанованинг фикрига кўра (бунга унинг ҳамкасблари ҳам қўшилишади), журналистларнинг фаолияти тўғрисидаги нормаларни қонундан чиқариб ташлаш зарур эди. ОАВ вакиллари фақат митинглар жараёнини ёритадилар ва ҳеч қандай тарзда ушбу қонуннинг субъекти бўла олмайдилар.

Маърузачининг сўзларига кўра, ҚР ЖКнинг 174-моддасига киритилган ўзгартиришлар муҳим аҳамиятга эга эмас. Агар эски таҳрирда ижтимоий, миллий ва бошқа нафратни “келтириб чиқариш” учун жазо назарда тутилган бўлса, энди “қўзғаш» учун жазога тортилиш мумкин, бу қонун моддасининг моҳиятини ўзгартирмаган. Шу билан бирга, санкцияларга катта миқдордаги жарималар қўшилди.

Медиа соҳаси ҳуқуқшунослари Қозоғистон ҳукумати ва парламенти билан ҳамкорликни давом эттирмоқдалар. Уларнинг асосий тавсиялари – ахборот қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, яъни “ОАВ тўғрисида” янги демократик қонун қабул қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида халқаро принцип ва стандартлар амалиётини қўллаш.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи янги қонун лойиҳасини бошқа чиқишларимизда муҳокама қиламиз. Унда ОАВда туҳмат учун чеклов муддатини 1 йил этиб белгилаш тўғрисидаги тузатиш киритилганлигини унутманг. Медиа ҳуқуқшунослар ўзларининг тузатишларини тайёрламоқдалар.

Қирғизистон

 Акмат Алагушев чиқишидан скриншот

Қирғизистон юристлари томонидан асосий эътибор ҳозир Конституция лойиҳасига қаратилган. Медиа соҳаси вакили Акмат Алагушевнинг сўзларига кўра, янги Конституция лойиҳасининг ўзи мамлакатнинг асосий қонунларига зиддир. 114-моддага мувофиқ, Конституцияга ўзгартириш киритиш мумкин, аммо янги ҳужжат ташаббуси билан чиқиш тақиқланади. Бундан ташқари, 11-модда ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид, у аслида фуқароларнинг маълумот олиш ҳуқуқларини чеклайди.

– Қирғизистоннинг медиа ҳамжамияти умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар қандай маълумотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи ҳар бир инсонга тегишли экани кўрсатиб ўтилганига эътибор қаратмоқда. Лойиҳада таклиф қилинган шакл асосан ҳар кимнинг маълумот олиш ҳуқуқини истисно қилади ва айрим “ОАВ вакиллари” учун маълумот олувчилар доирасини торайтиради, – дейди Акмат Алагушев.

Унинг сўзларига кўра, аслида Конституция лойиҳасининг 23-моддасида “Қирғизистон халқининг ахлоқи ва маданиятига зарар етказиши” мумкин бўлган ахборот ва контентни ОАВда тарқатиш учун асоссиз тақиқ – цензура жорий этилмоқда. Бундай тарзда берилган умумий шакл мансабдор шахсларга қонуний ва ноқонуний фарқни талқин қилиш учун ҳаддан ташқари кенг имкониятлар тақдим этади ва уларга сиёсий рақиблар билан муомала қилишда ўз ваколатларини суистеъмол қилиш учун шароит яратади.

Қирғизистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси таҳририда қуллик, одам савдоси, болалар меҳнати эксплуатацияси, уй-жойдан ўзбошимчалик билан маҳрум этиш каби тақиқлар, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи каби асосий кафолатлар мавжуд эмас.

Лойиҳа, шунингдек, “шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва поймол қилувчи” маълумотни тарқатганлиги учун жиноий таъқиб қилиш тақиқланмаган. Шу билан бирга, Конституция лойиҳасининг 27-модда 2-қисмида “Қирғизистон Республикасида инсон қадр-қиммати мутлақ ва дахлсиздир. Шахснинг қадр-қимматини ҳақорат қилиш қонун билан жазоланади”, дея белгилаш таклиф этилмоқда. Экспертнинг фикрига кўра, бу туҳмат ва ҳақоратни декриминаллаштиришни истисно қилади, бу эса туҳмат учун жавобгарликка тортилишга олиб келади.

2020 йил давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари маълумот олиш имкониятини чеклашда “ковидли тузатишлар” номи билан пандемия шароитини важ қилиб журналистлар ишини анча мураккаблаштиришди. Демак, Қирғизистон Республикаси Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси 82-2-моддасига 2020 йил 3 апрелда 34-сонли “Фавқулодда шароит, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат тартибини бузиш” шаклида тузатишлар киритилди.

Тожикистон

 Ранжет Ятимов, тожикистонлик медиа-юрист

Тожикистонлик медиа ҳуқуқшунос Ранжет Ятимов 2020 йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар хусусида хабар берди. Уларнинг энг муҳими COVID-19 пандемияси билан боғлиқ. Пандемия муносабатига кўра, Тожикистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартишлар билан COVID мавзуида била туриб ёлғон маълумот тарқатгани учун жисмоний ва юридик шахслар мос равишда 250 дан 500 долларгача катта жарима тўлашларига тўғри келади. Ҳуқуқшунослар бундай миқдордаги жарималарни номутаносиб деб ҳисобламоқдалар. Тожикистонда энг кам иш ҳақи ойига тахминан 1426 сомонийни ташкил этади (ойига 125 АҚШ доллари атрофида).

Моддий бўлмаган фойдаларни ҳимоя қилиш маъносида ТР Маъмурий Кодексидаги янги норма ТР Фуқаролик Кодексини айнан такрорлайди. Фуқаролик кодексида била туриб ёлғон маълумот тарқалишидан ҳимоя қилиш тартиби мавжуд.

Медиа ҳуқуқшунос ўтиб бораётган йилнинг ижобий натижалари қаторида Тожикистон ҳукуматининг “Лицензияларнинг ягона давлат электрон реестрини юритиш қоидалари ва лицензиялар реестрини юритишнинг намунавий қоидаларини қабул қилиш тўғрисида”ги қарорини, шунингдек ТРнинг “Лицензиялаш тизими тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани фактларини таъкидлади. Тартибга солувчи органлар илгари амалиётда бўлмаган рухсатномалар олишнинг онлайн жараёнини соддалаштиришлари керак.

Аммо механизм ҳали амалиётга жорий қилинмаган, мустақил трансляция учун лицензиялар олиш қийинлигича қолмоқда, бу эса миллий контентни ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Марказий Осиё минтақаси учун муҳим масала – ҳақорат ва туҳматни декриминаллаштириш масаласи – Тожикистонда 2012 йилдаёқ ҳал қилинган. Ҳозирда эса мамлакатда янги Жиноят кодексининг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, унда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларига биноан ҳақорат учун жавобгарлик юмшатилади. Шунингдек, ЖКнинг миллатлараро адоватни қўзғаганлик учун жазони назарда тутувчи моддаси ҳам енгиллаштирилади.

Қонун лойиҳаларининг ҳаммаси ҳам фуқаролик жамияти билан очиқ муҳокама қилинмаслиги ҳуқуқшуносларда безовталик келтириб чиқармоқда. Ҳозир Тожикистон парламенти бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқмоқда, аммо улар тўғрисида маълумот етарли эмас, негаки, фуқаролик жамияти билан иш олиб борилмаяпти.

Журналистлар ва блогерларнинг ўзаро алоқалари, Марказий Осиё мамлакатларидаги блогерлар фаолиятини тартибга солиш келгуси йилнинг муҳим масаласи бўлиб қолади. Матбуот ҳамжамияти учун – реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тартибга солиш, туҳматни декриминаллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, ахлоқ кодексларини янгилаш ва оммавий ахборот воситаларининг ўзини ўзи бошқариш тизимини ислоҳ қилиш каби йўналишлар ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди. Шунингдек, мазкур масалалар Марказий Осиё мамлакатлари медиа ва ҳуқуқий жамоатчилиги эътибори марказида қолаверади.