» » Диққат! Туркияда бўлиб турган ёки бормоқчи бўлганлар, эътиборли бўлинг!

Диққат! Туркияда бўлиб турган ёки бормоқчи бўлганлар, эътиборли бўлинг!

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикасининг қатор фуқароларида Истанбул аэропортида учиш олдидан жарима тўлаш билан боғлиқ муаммолар ва уларни ижтимоий тармоқларда муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси сизлардан ушбу давлатда ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилишни сўрайди.

Маълумки, 2018-йилнинг октабр ойидан бошлаб Туркия Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Эслатиб ўтамизки, паспортининг амал қилиш муддати тугашига 90 кундан кам қолган фуқаролар Туркия ҳудудига киритилмайди, гарчи ушбу давлат ҳудудида бўлиш режаси 90 кундан кам бўлса ҳам.

Қарорга биноан мазкур мамлакат ҳудудида 90 кундан ортиқ юрган ва мавжуд қоидани (vize ihlali) бузган фуқаролар Туркиядан кетиш чоғида аэропортда белгиланган миқдорда жарима тўлашга мажбурдирлар.

Жарималар миқдорини аниқлаш ва уни тўлаш фақатгина фуқароларнинг кетиши олдидан рўйхатдан ўтиб, қўлларига учиш талонларини олгандан сўнг амалга оширилади.

Янги Истанбул аэропортида жарималар миқдорини аниқлаш ва тўлаш ишлари фақат 2 та дарчада амалга оширилаётганини инобатга олишингизни сўраймиз.

Бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Бош консулхона «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси билан музокаралар ўтказди. Унда Туркияда 90 кундан ортиқ турган ва ватанга кечикишларсиз ўз рейсида қайтишни истайдиган Ўзбекистон фуқаролари Истанбул аэропортига вақтлироқ бориб, олдиндан рўйхатдан ўтишлари ва белгиланган жарималарни тўлашлари мумкин.

Кечки авиарейсларда учиши лозим бўлган йўловчилар куннинг биринчи ярмида (эртлабки рейсга рўйхатдан ўтиш вақтида) рўйхатдан ўтишлари ва кун давомида жарима ва тўловларни ўз вақтида амалга оширишлари мумкин.

Бош консулхонаси Туркиянинг Айдин, Баликесир, Билежик, Бурса, Чанаккале, Эдирне, Истанбул, Измир, Измит, Киркларели, Маниса, Сакария ва Текирдоғ каби вилоят ва шаҳарлари ҳамда Болгария ва Руминия ҳудудларида бўлиб турган фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Зарур ҳолатларда фуқароларимиз Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин (+90 212 323-20-37, факс: +90 212 312 20 40, e-mail: uzbekconsul@yahoo.com).

Шунингдек, ҳамюртларимиз фавқулодда вазиятларда ёки дам олиш кунлари қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин +90 507 853 15 66 (ВатсАпп, Телеграм, Вибер, ИМО).

Ушбу йўналишда сиз билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга умид қиламиз. Таклиф ва изоҳларингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш