» » ОҒУГА ОШНО БЎЛМАНГ

ОҒУГА ОШНО БЎЛМАНГ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига йўлиққан.

Уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади.

Шу боис гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида», «Психотроп моддалар тўғрисида» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида»ги конвенциялар қабул қилинди. БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги резолюциясига кўра, ҳар йили 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни, деб эълон қилинди. Айтиш жоизки, бунда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича халқаро конференцияда илгари сурилган наркоманиядан холи жамият қуриш йўлида дунё ҳамжамиятини бирлаштириш ғояси муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон – минтақадаги наркобизнес авж олган Афғонистон билан чегарадош. Дунё бозорида тарқатиладиган қорадорининг асосий қисми ушбу давлатда етиштирилиб, уни ноқонуний йўллар билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали ғарбга етказишга бўлган уриниши йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонунй айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи омиллардан бири сифатида қараб келинмоқда.

Аввал, бу каби саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш учун қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга тадбиқ этилди. Хусусан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги ҳамда БМТ конвенцияларини ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва унинг ҳудудий комиссиялари тузилди.

Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш ва гиёҳвандлик иллати тарқалишининг олдини олиш бўйича комплекс операциялар амалга оширилмоқда. Бу борада мунтазам ўтказиб келинаётган «+орадори» операциялари давомида таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш бўйича ҳолатлар аниқланмоқда.

БМТнинг Марказий Осиёда наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси Ўзбекистон наркобизнесга қарши кураш борасида халқаро фаолиятни мувофиқлаштиришда самарали ишларни амалга ошираётгани таъкидланмоқда.

Ҳозир мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кескин кураш давом этмоқда. Мазкур жараёнда, биринчи навбатда, наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, гиёҳвандлик иллатининг илдизига болта уруш фақатгина ваколатли идора ходимлари зиммасидаги иш эмас. У кенг кўламли ва ҳамкорликдаги фаолиятни талаб қилади. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг йўлига ишончли ғов қўйишда барчамиз бирдек масъулиятни ҳис этмоғимиз лозим.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив