» » Ўзбекистон мусулмонлари идораси Суриядаги Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Суриядаги Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси интернет тармоғида тарқалган айрим фикрларга нисбатан ўз муносабатини билдирди.

“Аввал муборак Рамазон ойида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан улкан аҳамиятга эга бўлган инсонпарварлик тадбири амалга оширилгани, яъни 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилгани ҳақида хабар қилинган эди. Ҳеч шубҳасиз, бу иш билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган тарихий воқеа экани ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўплаб ижобий фикр-мулоҳазалар билдирилди”, дейилади идора матбуот хабарномасида. 

Қайд этилишича, сўнгги кунларда интернет тармоғидаги айрим манбаларда Ўзбекистондаги MY5 нодавлат телеканалида 4 июнь куни эфирга узатилган кўрсатувда берилган лавҳаларга асосланган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг юқоридаги жараён билан боғлиқ фикрлари тарқатилмоқда.

Идоранинг билдиришича, қайд этилган кўрсатувда муфтий Усмонхон Алимовнинг Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирида қилган маърузаларидан парча келтирилган. 

“Таъкидлаш жоизки, ушбу маърузада Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари ташкилотига мансуб мамлакатлар ва уларга туташ ҳудудлардан мутаассиб шахсларнинг таъсири остида Сурияга бориб қолган шахслар, уларнинг оила-аъзолари ва яқинлари ҳақида умумий маълумот берилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги кунда Сурия ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас”, дейилади хабарномада.

Маълум қилинишича, юқоридаги маърузада муфтий ҳазратлари томонидан Суриядан яқинларининг қистови, зўравонлиги ёки алдови билан бориб қолган тоифага мансуб фуқароларни қайтариш бўйича ҳаракат қилинади, деган мазмунда фикр айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди .

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив