» » Туркияда январдан бери 671 ўзбек паспортини йўқотган

Туркияда январдан бери 671 ўзбек паспортини йўқотган

2019 йилнинг 1 январидан 1 сентябрига қадар Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консулхонаси 1328 та фуқарога ватанга қайтишларида амалий ёрдамлар кўрсатган.

Шундан:

  • 671 нафари паспортини йўқотган;
  • 44 нафари ўғирлатган;
  • 263 нафарида паспортнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган;
  • 6 нафаридан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан турли тергов ёки паспортдаги сохта муҳрларни аниқлаш мақсадида олиб қўйилган.

Охирги пайтларда Истанбулдаги Ўзбекистон фуқаролари орасида паспортга оид муаммолар сони кескин кўпайган. Муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишда Бош консулхона ёрдам кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, 314 та сертификат Туркияда туғилган ёки кетишга ҳужжати мавжуд бўлмаган болаларга ва 57 таси эса бошқа сабаблар учун расмийлаштириб берилган.

Паспорт ўғирланса ёки йўқолса, фуқаролар бу ҳақда ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишлари лозим. Ўз навбатида ваколатли идоралар паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани тўғрисида маълумотнома беради.

Ушбу муаммони таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, аксар ватандошларимиз ўзларининг Туркияда ноқонуний юрганлиги сабабли паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани ҳақида полицияга мурожаат қилмайди. Улар Бош консулхонага паспорти йўқолган шахс сифатида мурожаат этишади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, паспорт ўғирлангани ёки йўқолгани тўғрисида полицияга ўз вақтида мурожаат қилиш келажакда фуқаро паспорти билан боғлиқ эҳтимолий муаммолардан (жиноий гуруҳ аъзолари ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишилари мумкин) асрайди.

Асосан паспортни ўғирлатиш ёки йўқотиш ҳолатлари Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани ҳудуди (сайёҳлар ва тадбиркорлар кўп келадиган Лалили, Оқсарой, Қумкапи ва Боязит мавзелари)да кўп рўй бермоқда.

Бундан ташқари, фуқароларимизнинг ўз паспортларини ўзгаларга гаров сифатида бериб, Бош консулхонага ҳужжатини йўқотган шахс сифатида мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, паспортларини гаровга қўйиб, Ватанга қайтиш гувоҳномаси билан Ўзбекистонга кетганлар устидан шикоят аризаси билан мурожаатлар қилинмоқда ва уларнинг гаров эвазига олган қарзларини қайтаришлари талаб қилинмоқда. Бу каби ҳолатларда Бош консулхона вазиятга аниқлик киритиш ва тегишли чоралар кўриш учун шикоят аризасини расмийлаштириб, Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар манзилига юбормоқда.

Шу билан биргаликда фуқаронинг эътиборсизлиги туфайли паспортларни амал қилиш муддати ўтиб кетиш ҳолатлари ҳам ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бош консулхонага эътиборсизлиги туфайли паспортининг амал қилиш муддати 5-7 йил олдин тугаган фуқаролар ҳам мурожаат қилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Бош консулхонанинг эслатишича, паспортни асраш — қонун талаби. Паспортни бепарволик билан йўқотиш ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача миқдорида жарима солишга асос бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси, 1-қисми).

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив