» » Самарқандда 24 киши овқатдан заҳарланди

Самарқандда 24 киши овқатдан заҳарланди

Жорий йил 7 октябрь куни соат 14:10 дан 8 октябрь соат 22:00 га қадар Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 24 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан ётқизилган. Уларга “Овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 13:00-17:30лар оралиғида барча беморлар Самарқанд шаҳар Сиёб деҳқон бозори ҳудудида жойлашган “Бахтиёр” МЧЖга қарашли хот-дог тайёрлаш шохобчасидан хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилишган.

“Бахтиёр” МЧЖга қарашли хот-дог шохобчасида ўрганиш ўтказилганда, шохобча ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва хот-дог маҳсулотлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Самарқанд шаҳар ДСЭНМда мазкур хот-дог шохобчаси атрофидаги хонадонларда хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилган фуқароларни аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий ходимларини жалб этган ҳолда уйма-уй кўриклар ташкил этилди. 

“Бахтиёр” МЧЖ бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тегишли ҳужжатлар тўпланиб, буюртма тайёрланди.

Беморларнинг аҳволи, лаборатория таҳлил натижалари, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилиши айтилган.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив