» » АОКА ножўя изоҳ масаласида ОАВга енгиллик бермоқчи...ми?

АОКА ножўя изоҳ масаласида ОАВга енгиллик бермоқчи...ми?

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлб чиқилган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда ахборот тарқатувчини саҳифасидаги ножўя изоҳ ҳақида огоҳлантириш тартиби ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қуйида АОКА таклиф қилаётган тартибга тўхталиб, унинг амалдаги ҳолат билан фарқи ва ундан кутилаётган натижаларни кўриб чиқамиз.

Амалдаги ҳолат

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1 моддасига мувофиқ, веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер, ўз веб-ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, шундай ҳолатлар содир бўлганда қонунга зид ахборотларни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган.

“121-модда. Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш
Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

- Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

- уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

- давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

- гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

- порнографияни тарғиб қилиш;

- қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин”.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрь 707-сонли қарори ушбу модданинг ижросига бағишланган бўлиб, тақиқланган ахборот мавжуд бўлган (масалан, қонунга зид шарҳлар ҳам шу жумладан) ахборот ресурсларини Реестрга киритиш ва улардан фойдаланишни чеклашга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгалари, шу жумладан блогерлар, ёзилаётган шарҳларнинг модерациясига кўп ҳолатларда эътибор бермай, билиб ёки билмаган ҳолда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1 моддаси талабларини бузиб келишган ва ушбу Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Реестрга тушишга номзодлар қаторида бўлишган.

АОКА таклифи

АОКА Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрь 707-сонли қарори билан ўрнатилган тартибни тўлдириш, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1 моддаси талабларини бузилмаслиги мақсадида таклиф ишлаб чиқди.

Лойиҳа бўйича, веб-сайт, веб-сайт ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга уларнинг веб-ресурсларида 12-1 моддаси талабларини бузувчи шарҳлар жойлаштирилганда, уларни дарҳол ўчириб юбориш учун веб-сайт, веб-сайт ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, АОКА томонидан хабарнома юборилади. 

Ўз ўрнида, веб-сайт, веб-сайт ёки мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер, хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида АОКАни хабардор қилиши лозим бўлади.

Кутилаётган натижа

АОКА 12-1 моддасининг веб-сайт, веб-сайт ёки мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогерлар томонидан тизимли равишда бузилишини олдини олиш мақсадида ўз бўйнига улар қилиши керак бўлган ишни олмоқда, яъни кўмакчи бўлиб чиқмоқда. Шуни унутмаслик кераккки, қонун олдида барча тенг ва қонунни билмаслик фуқарони жавобгарликдан озод этмайди.

Шунингдек, АОКАнинг ушбу таклифи Интернетда тинч мулоқот қилиш маданиятини шакллантириш ҳамда этика қоидаларига риоя этилишига олиб келади.
 

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш