» » Блогерлик фаолияти ҳимоя остида — Бош прокуратура солиқчилар телефонини олиб қўйган блогер бўйича муносабат билдирди

Блогерлик фаолияти ҳимоя остида — Бош прокуратура солиқчилар телефонини олиб қўйган блогер бўйича муносабат билдирди

Бугун, 14 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида «2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.Бу ҳақда Кун нашри ёзмоқда.

Брифингда журналистлар томонидан cолиқ органлари томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг телефони ҳамда унинг «Инстаграм» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси олиб қўйилгани ҳолати юзасидан ҳам савол берилди.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев мазкур масала юзасидан фикр билдириб, ушбу ҳолат Бош прокуратуранинг алоҳида назоратига олингани, бугунги кунда Департамент томонидан давлат идоралари ходимларининг блогер Азизбек Ашурбоевга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув тайинлангани ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари бугунги Халқаро блогерлар куни муносабати билан юртимизда фаолият олиб бораётган барча блогерларни мазкур сана муносабати билан табриклади.

«Шу ўринда Бош прокуратура Ўзбекистон блогерларини доимо қўллаб-қувватлаши ва уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилади», дейилади бош прокуратура хабарида.

12 июнь куни телеграмдаги «Қўшни маҳалла» каналида «Блогерни тунаган қароқчилар» сарлавҳаси остида пост қолдирилганди. Унда «Инстаграм»да 300 минглик аудиторияга эга саҳифа эгаси блогер Азиз Ашурбаев 8 июнь куни каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, «Инстаграм»даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилганди.

13 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг твиттердаги саҳифасида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб чиқилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса унга нисбатан чора кўрилишини сўради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев блогердан узр сўради.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив