» » ЙПХ ходими билан келишмовчиликка борган фуқарога жиноий иш қўзғатилди (видео)

ЙПХ ходими билан келишмовчиликка борган фуқарога жиноий иш қўзғатилди (видео)

Эрта тонг. Фуқароларнинг ҳордиқ олаётган пайтларида уларнинг хавфсизлиги учун хизмат қилаётган, шундай соҳа вакиллари борки, улар кечани-кеча, кундузни-кундуз, қишнинг совуқ, изғирин кунларида хам ўз хизмат жойини ташлаб кетмайди.

Улар борки, ҳалқимизнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Бу ниятнинг амалга ошиши учун кимлардир тинимсиз меҳнат қилади, ширин оромидан кечади. Баъзида фарзандлари дийдорига тўймайди. Чегарада турган аскар, жиноятнинг пайини қирқаётган ички ишлар ходими, йўлларда тартиб сақлаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги посбонлари шундай эътирофга лойиқ, назаримизда. 

Бир лаҳза кўз олдингизга келтиринг, сиз яшаётган муҳитда жиноят ва тартибсизликларни тийиб турадиган тизим ишламай қўйди. Дунёни зўравонлик бошқаради, деб ўйлайдиганлар ёхуд мулкингизни бутунлигича жиғилдонига тиқиб юбориб, виждони заррача озор чекмайдиганлардан ўзингизни ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқа оласизми?

Солинадиган жаримадан чўчиб, ичкиликдан узоқлашган, йўл қоидасини бузишдан тийилаётган, тезликни ошириш дардидан даво топганлар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан миннатдор бўлиши керак эмасми? Уларнинг саъй-ҳаракати билан қанчадан қанча қонли воқеаларнинг олди олиниб, кўпларнинг жони ва соғлиги омон қолмоқда, бу гапимизга ҳам қўшилсангиз керак.

Муҳим бир ҳолат, яъни келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг ҳаёти хавфсизлиги учун бугун йўл патрул хизмати инспекторлари йўлларда хавфсиз ҳаракатланиши учун доимо хизматда.

Шу ўринда дунё статистик маълумотларга эътибор қаратинг. Дунёнинг бир қанча давлатларида, яъни, Ҳиндистонда соатига 17 нафар инсон ҳалок бўлади, бир йилда бу кўрсаткич 150 000 кишини ташкил этар экан, Хитой Халқ Демократик Республикасида эса бир йилда 58 000 дан 68 000 нафаргача инсонлар ҳалок бўлмоқда. Бу  йўл транспорт ҳодисаларида асосан ёшларни ташкил этилиши келтирилган.

Биз  келтирган бу маълумотларни ўзингиз бир мулоҳаза қилинг. Агарда йўл транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчи, пиёдани уриб юбориб қочиб кетса, йўл патрул хизмати ходими бўлмаса, у инсоннинг ҳаёти нима бўлади?

Ушбу мулоҳазаларга бизни яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган, омма орасида муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа ундади. Аниқроғи, 2019 йилнинг 10 июнь куни Жиззах шаҳридаги “Халқобод” деҳқон бозори қаршисида ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига маст фуқаро ташланиб, унинг бош қисмига бир неча марта зарба берган.

Маълум бўлишича, пиёдага ходимнинг тасвирга олиш мосламаси йўқлиги ёқмаган. Нима бўлганда ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатга йўл қўйган шахс жавобгарликка тортилади.

Эшитганингиздек, Жиззах шаҳри, Қассоблик маҳалласида яшовчи ёши қирқ иккини қоралаб қўйган бу инсон пушаймон. Нима бўлса ҳам, у қилмишига яраша қонунда белгиланган жазони олади.

Хуллас, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ишини ҳаётининг мазмунига айлантирган инсонлар қадрига етишни ўрганамизми ёки йўқ, буни  эса ўзингизга хавола этамиз. Бировнинг меҳнатини тўғри баҳоламоқ ва шунга яраша муносабат билдирмоқ инсонийлик белгиси, фикримизча. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив