Арнасой тумани солиқ сектори раҳбари ёшлар муаммоларини тинглади

Арнасой тумани солиқ сектори раҳбари ёшлар  муаммоларини тинглади

2019 йил якунида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги аниқ фанлар чуқурлаштириб ўргатиладиган мактабда бўлиб, 2020 йилда мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид вазифалар юзасидан ташкил этилган видеоконференцияда нутқ сўзлаган эди. Янги йилнинг илк ҳафтасида Жиззах вилоятида ҳам вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.  

Ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг амалий интилишларига  кўмаклашиш мақсадида солиқ сектори раҳбарларининг ҳам ёшлар билан мулоқотлари ташкил этилаяпти. Жумладан,  Арнасой туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳусниддин Умиров туман ёшлари билан амалий мулоқот ўтказди. Давра суҳбатига таклиф этилган 100 нафарга яқин ёшларнинг ютуқ ва муаммолари билан қизиқди. Дастлабки таҳлилларга кўра, ёшларни ўрта-махсус маълумотлилар учун  кафолатланган иш ўринларининг камлиги ҳамда сифатли таълим билан боғлиқ муаммолар кўпроқ қийнамоқда. Туман солиқ сектори раҳбари ёшларни кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорликка жалб этиш юзасидан ўз таклиф-тавсияларини берди.

Давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси янги Солиқ кодексидаги ўзгариш ва янгиликлар хусусида ҳам тушунча берилди.

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.