Томскдаги ёнғинда тирик қолган икки ўзбекистонлик ҳамда икки марҳумнинг жасади ҳам мамлакатга олиб келинди (видео)

Томскдаги ёнғинда тирик қолган икки ўзбекистонлик ҳамда икки марҳумнинг жасади ҳам мамлакатга олиб келинди (видео)

Жорий йил 21 январь куни Россиянинг Томск вилоятида 12 нафар ўзбекистонлик ёнғин оқибатида ҳалок бўлган, 2 нафари тирик қолгани ҳақида хабар қилинганди.

26 январида фожиада ҳалок бўлган 10 нафар марҳумнинг жасади олиб келинган, қолган икки нафарининг шахсига ойдинлик киритилиши лозим эди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.

30 январда ушбу фожиада тирик қолган икки ўзбекистонлик ҳамда икки марҳум жасади ҳам Ўзбекистонга олиб келинди. ДНК натижаларига кўра, олиб келинган марҳумлардан бири китоблик Шуҳрат Раҳмонов экани маълум қилинди. Наманган аэропортига келтирилган иккинчи марҳум Музаффар Мамажоновнинг жасади Андижон вилоятига жўнатилган.

Тергов жараёни сабабли тирик қолган жабрланувчилар — навоийлик Н.М. ҳамда Р.Д. билан учрашиш имкони бўлмади.

Марҳумлар жасадлари ва фуқаролар Республика Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Миллий авиакомпания ҳамкорлигида олиб келинган.

                           

«Ҳалок бўлган меҳнат мигрантларининг жасадларини олиб келиш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида ташкил этилган махсус жамғарма ҳисобидан қопланади. Бироқ Россия ижтимоий тармоқларида Томск фожиаси қурбонлари учун номаълум кишилар томонидан пул йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу муносабат билан ўзбекистонликларни фирибгарлар алдовидан эҳтиёт бўлишга чақириб қоламиз», — дейилади хабарда.