» » Ҳужжат топшириш енгиллашди

Ҳужжат топшириш енгиллашди

Замон билан ҳамнафас бўлиш бугунги кун талаби ҳисобланади. Сабаби, юртимизда, жаҳонда бўлаётган воқеа ҳодиса, янгиликларни ўз вақтида билиб олиш учун изланиш, кузатиб бориш зарур. Узоққа кетмайликда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга назар ташлайлик. Айни вақтда қизғин мунозара ва бахсларга сабаб бўлган Олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёнларини мисол қилиб оладиган бўлсак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4319-сон қарори ҳамда 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар. Қайд этиб ўтиш лозимки бу абитуриентлар учун яна бир катта қулайлик ҳамда бир қанча имтиёзларни яратиб берди.

Агар ёдингизда бўлса абитуриентлар ҳужжат топшириш учун 4-5 тагача ҳужжат қилиши лозим эди. Агар у бошқа вилоятда бўлса бу оворагарчилик икки баробарга ошган. Жорий йилда эса бу тартиб тамомила ўзгарди бор йўғи 3 турдаги ҳужжат талаб этилади. Булар:

- Фуқаролик паспорти (мавжуд бўлмаса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);

- Мактаб шаходатномаси ёки коллеж, лицей дипломи (бунда диплом иловаси мавжуд бўлиши шарт, илова мавжуд эканлигига ишонч ҳосил қилиниб абитуриентларга қайтарилади);

- Имтиёзга эга бўлса, имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Агар абитуриентлар қуйидаги:

  1. Тошкент давлат юридик университети;
  2. Қорақалпоқ давлат университети;
  3. Гулистон давлат университети;
  4. Фарғона давлат университети;
  5. Самарқанд давлат университетларига ўқишга кириш истагида бўлса исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топшириш мумкин бўлади. Бундан ташқари имтиҳон бўладиган жойни мустақил тарзда танлаш имкони бор.

Айтганча, 2018/2019 йил ҳужжатларни тажриба тариқасида қабул қилиш тартиби Тошкент давлат юридик университети томонидан синовдан ўтказилди. Натижада — мамлакатимизнинг 7 мингдан зиёд оилалари 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежаб қолишди.

Мутахассисларнинг ўртача ҳисобига кўра, Давлат хизматлари агентлиги томонидан ОТМларга ҳужжатларни топширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши натижасида айнан шунча маблағлар оилалар бюджетида сақлаб қолинган.

Бир қатор ҳужжатлар учун қўшимча ҳаражатлар камайтирилди — 086-сонли тиббий маълумотнома, яшаш жойидан маълумотнома, фотосуратлар, шунингдек, пойтахтга келиб-кетишга ва бу ерда яшаш билан боғлиқ ҳаражатлар қисқартирилди.

Демак, синов тариқасида амалга оширилган ишлар ўз самарасини берди.

Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бор шахслар, кўзи ожизлар, давлат таъминотидаги чин етимлардан тўлов ундирилмайди.

Давлат хизмати кўрсатилганлиги ва тест синовларида иштирок этганлиги учун жами энг кам ойлик иш ҳақининг 0.5 баравари миқдорида йиғимни фақатгина жорий йилдан олдинги йиллар битирувчиларидан ундирилади.

Махсус имтиёзга эга бўлганлар яъни:

  • Чет эл фуқаролари;
  • Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига рўйхатдан ўтганлар;
  • Олимпиада, танлов ғолиблари, фан олимпиадаси, Республика ва халқаро мусобақалари, “Зулфия” мукофоти, “Тарбиячи” танлови, “Ҳамшира” танлови, “Ниҳол” мукофоти, “Келажак овози”, Бадиий академия, “Мард ўғлон” мукофотини олганлар тўғридан-тўғри тест имтиҳонини топширмай талаба бўладиган абитуриентлардир.

Шу билан биргаликда, абитуриентлар бир вақтнинг ўзида, ўқитишнинг бир шакли доирасида 3 тагача ОТМларини танлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Абитуриентлар томонидан 3 ОТМ танланганда, улардаги имтиҳон топшириладиган фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлиши лозим бўлади.

Олиб борилаётган бундай ислоҳотлар юртимиз эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама салоҳиятли, жаҳон майдонида ўз билими билан бемалол беллаша оладиган, баркамол шахс, малакали кадр бўлиб етишишларида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

 

Бобур Умурзаков - ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив