» » Қоида бузганлар видеосини юбориш номардликми?

Қоида бузганлар видеосини юбориш номардликми?

Ўзгаларнинг қоидабузарлигини юбориш масаласида кўпчилик икки қутбга бўлинган.

Биринчи томон, буни сотқинлик, номардлик ва одамгарчиликдан йироқ деб ҳисобласа, иккинчи томон буни жамоатчилик назоратининг бир бўғини сифатида кўради ва шу йўл билан йўлларни тартибга келтириш мумкин дейди. Мен иккинчи тоифадагиларданман.

Ўтган йили юртимизда 2 минг 262 киши йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлган. Бу қанчалар даҳшатлигини тасаввур қиляпсизми? Агар шу вафот этганлардан бирортаси ўзимизнинг яқин инсонимиз бўлса-чи, деб бир он танамизда ҳис қилиб кўрайлик.

Ўзгаларни ҳурмат қилмайдиган, қоидаларга тупуриб қўйган, йўлларда катта холасининг уйидай юрадиган маданиятсиз ҳайдовчилар кам дейсизми? Ёки пиёдалар айби билан содир бўладиган ЙТҲлар кам эмас.

Йўллардаги ачинарли аҳволни бартараф этиш, ҳайдовчиларда оддий маданият уйғотиш вазифасини фақат давлатнинг зиммасига ташлаб қўйиш нотўғри. Бунга ҳар биримиз масъул бўлишимиз керак. Чунки биз ҳам ерда, шу йўлларда юрамиз-ку, фақат осмонда учиб юрсак ҳам майли эди. Исталган автоҳалокат биз билан содир бўлиши мумкин.

Ривожланган давлатларда айнан жамоатчиликнинг ёрдами билан жамият тарбияланган, маданият шаклланган. Масалан, бизда йўлда ГАИ йўқми, демак менга ҳамма нарса мумкин, деган тушунча шаклланган. Лекин ғарб мамлакатларида атрофда ҳеч ким бўлмаса ҳам, ҳамма онгли равишда қоидаларга бўйсунишини кўриб, қойил қоламиз.

Шунинг учун, бизда ҳам жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак. Беписандлик билан қизилда ўтадиган, йўлларда авария ҳолатини юзага келтирадиган ва бошқа қоидаларни қўпол бузган шахслар ҳақида иккиланмасдан хабар бериш керак. Токи ўша қоидабузар кимнидир босиб кетишини кутиш шартмас... Эҳтиётсизлик оқибатида, вазиятдан келиб чиқиб енгилроқ содир этилган бўлса, вазиятга қараш ва холис баҳолаш керак.

Хабар берганларни эса номардликда айблашни йўқотсак яхши бўларди. Энг аввало ҳайдовчининг ўзи қоидани бузмасин, тамом, ҳеч қанақа муаммо, видео, жарима деган нарсалар бўлмайди. Юзхотирчилик қилиб, ҳар йили 2 минг юртдошимиздан айрилиб қолгандан кўра, безбетлик қилиб, вазиятни ўнглаган минг марта яхши!

                               Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналидан олинди

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив