» » Советлар давридаги илк ҳаж зиёрати

Советлар давридаги илк ҳаж зиёрати

 Суратда: Маккадаги “Масжид Ал-Харам”, 1907 йил, манба: russia-islworld.ru  

Октябрь инқилобидан сўнг совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёда ўрнатилиши кейинги ўн йиллик даврда кўплаб масжид ва барча мадрасаларнинг ёпилишига олиб келди. Натижада, 1929 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилди.

Орадан қарийб 15 йил ўтиб Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш кузатилди. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилди. Мазкур Диний бошқарма фаолияти бешта совет республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган эди. Бу ўзгаришлар авваламбор ҳаж зиёратини, кейинчалик эса Марказий Осиё ҳудудида ўрта ва олий диний таълимни тикланишига олиб келди. Хусусан, 1944 йилдан бошлаб совет ҳукумати муқаддас ҳаж зиёратини адо этишга рухсат беради. Шу йилнинг ўзида Ўрта Осиё республикалари ҳамда Қозоғистондан 6 нафар киши Совет Иттифоқи даврида илк бор ҳаж сафарига отланади…

UzAnalytics мухбири тарихчи олим Ринат Шигабдинов билан совет ҳукуматининг диний сиёсатида кузатилган ўзгаришлар, уларнинг асосий сабаблари ва Совет Иттифоқи даврида илк бор амалга оширилган ҳаж зиёрати тарихи ҳақида суҳбатлашди.

Ринат Шигабдинов – Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди. Архив соҳасида 40 йиллик тажрибага эга. Илмий изланиш мавзулари: ХIХ – XXI асрларда Ўрта Осиё халқларининг тарихи, манбашунослик ва тарихшунослик масалалари, Ўрта Осиё тарихида мустамлака ва шўролар давридаги диний сиёсат. Кўплаб илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи.

Иккинчи жаҳон уруши даврида совет ҳукуматининг диний сиёсатидаги ўзгаришларнинг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

Ринат Шигабдинов

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши арафасида Совет Иттифоқининг динга қарши сиёсати қанчалар пуч эканлиги намоён бўла бошлади. Масжидларнинг ёпилиши ва дин пешволарига қилинган таҳдидларга қарамай, аҳоли диний қадриятларидан воз кечмади. Мамлакат бўйлаб вужудга келган хавф раҳбарият олиб бораётган дин сиёсатининг турли жабҳаларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Уруш бошларида Қизил армиянинг енгилиши фашизм устидан ғалаба қозониш учун аҳолига руҳий мадад бериш кераклигини кўрсатди. Давлатнинг яхлитлигига таҳдид бўлгач, Сталин баъзи принципларидан воз кечиб, ғалабага эришиш учун янги сиёсат юритишга мажбур бўлди. Мусулмонларга масжидларга бориш ва баъзи диний маросимларни бажариш рухсат этилди. Шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси динга қарши сиёсат даврида ёпилган масжидларни очилишини сўраб аризалар бера бошлади. Ўрта Осиё ва Қозоғистон аҳолиси бу борада нисбатан фаол бўлган. Бу ҳудудлар аҳолиси уруш қийинчиликларини бошидан ўтказаётганди. Эркаклар сони камайган ва ижтимоий аҳвол оғирлашиб қолган эди. Уруш даврида дин пешволарининг аксарияти босқинчиларга қарши олиб борилаётган сиёсатни қўллаб қувватлаган. Масжидларда намозлар очиқ адо этилар ва ғалаба сўраб дуога қўл очиларди. Жума намозлари сўнггида кўпинча имом Совет иттифоқига Аллоҳдан мадад сўрарди.

1943 йилдан кейинги Ўрта Осиёдаги диний сиёсат жараёнлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

Вужудга келган вазият давлатнинг мусулмонларга бўлган сиёсатини ўзгартирди. Совет Иттифоқи коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг сиёсий бюроси 1943 йил 10 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасининг очилишига рухсат беради.

Қарордан кўчирма:

СССР Олий Кенгаши қарор қилади (31 июль ):

1. Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг бир гуруҳ мусулмон дин пешволарининг илтимоси қондирилсин ва Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси ташкил этишига рухсат берилсин.

2. Шу мақсадда Тошкентда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ССР мусулмон дин пешволари ва диндорларининг қурултойини чақиришга рухсат берилсин.

Мусулмонлар ва дин пешволари қурултойининг ташкилий йиғилиши 1943 йил 20-23 октябрда Тошкентда бўлиб ўтади. Республика бўйича делегация раҳбарлари таркиби қуйидагича эди: Абдулғаффор Шамсутдинов (Қозоғистон), Солиҳ Бобокалонов (Тожикистон), Олимхон-тўра Шокиров (Қирғизистон), Шайх Анна-эшон (Туркманистон). Қурултой йиғилишида СССРнинг Европа қисмидаги мусулмонлар вакили Сибирдан Абдураҳмон Расулий, Москва Имом-хатиби Ҳалил-Раҳмон, Қозон жомъе масжидидан Қиёмиддин Ал-Қодирийлар иштирок этган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси муфтийси сифатида бир овоздан Эшонхон Бобохон тайинланади ва Муродхўжа Солихий (Солиҳов) унинг муовини бўлади. Ижроия котиби этиб Эшон Бобохоннинг ўғли Зиёвуддин Бобохон тайинланади. Қурултой СССР халқ комиссарлари Кенгаши раиси ва Олий бош қўмондон Сталинга совет халқини душман билан урушда қўллаб-қувватлаган ҳолда мурожаатини қабул қилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси ташкил топгач шаҳар ва қишлоқларда диний хаёт жонланди. Масжидлар очила бошлади ва диний бирлашмалар ташкил этилди.

Масжидларга одамлар қатнови кўпайиши билан бирга маҳаллий муқаддас қадамжолар зиёрати ҳам жонланади. Чунки, муқаддас қадамжолар ҳам аҳоли ҳаётида алоҳида ўрин тутарди. Ўзбекистоннинг йирик тарихчи этнографи О.А.Сухареванинг ёзишича Марказий Осиёда Макка ва Мадина зиёрати оммавий характерга эга эмас эди. Унинг ўрнини муқаддас қадамжолар зиёрати эгаллаганди. Баъзи мозорларни бир неча мароталаб зиёрат қилиш Макка ва Мадина зиёрати билан тенглаштирилган [1]. Муқаддас саналган қадамжоларни зиёрат қилиш маданияти тарихи узоққа бориб тақалади. Уларнинг келиб чиқиши турлича бўлган. Кўпгина мозорлар тарихи исломдан олдинги маданиятлар билан узвий боғлиқ. Ислом дини кенг тарқалгач мусулмон дин пешволари, авлиёлари билан боғланиб талқин этилган. Шунинг учун ҳам расмийларнинг қаршилигига қарамай бу ибодат масканларига бўлган қизиқиш ва ҳурмат камаймаган. Ҳужжатларга кўра, қадамжолар зиёрати бир қатор мазҳабларнинг таъсири, диндорларнинг ташвиқоти остида ривожланган.

Ўша даврда ҳаж зиёратининг тикланиши муҳим воқеа бўлди. Бу жиддий қадамни қандай изоҳлайсиз?

Биринчидан, ҳаж зиёратининг йўлга қўйилиши СССРда исломнинг батамом йўқ қилиниши ҳақидаги анти-совет импералистик “сохта” таълимотни йўқ қилади. Шунингдек, конституция билан белгиланган дин эркинлиги мавжудлигини кафолатлайди.

Иккинчидан, бизнинг зиёратчиларни бошқа мусулмон давлатларидан Саудия Арабистонига келган зиёратчилар ва маҳаллий туркистонлик муҳожирлар билан мулоқотда бўлиши ҳам уларда шаклланган анти-совет ташвиқотини йўқ қилишга хизмат қилади.

1944 йилдан бошлаб Совет Иттифоқи мусулмонларига ҳаж зиёратига бориш рухсат берилади. Бу иш Совет Иттифоқининг мусулмон давлатлари билан узилган алоқаларини тиклаш мақсадида амалга оширилган эди.

Совет Иттифоқи зиёратчиларини ислом дунёси қандай қабул қилган?

Бу саволга жавобни қуйидаги архив ҳужжатдан олиш мумкин.

Архив ҳужжатларидан кўчирма:

СССР СИК қошидаги дин ишлари бўйича кенгаши раҳбари ўртоқ И. В Полянскийга қисқа эслатма:

…1944 йил 7 ноябрь санасида Тошкентдан Макка ва Мадинага кетган 6 нафар зиёратчи 1945 йил 15 февраль куни қайтди. Улар Эрондаги Теҳрон, Машҳад шаҳарлари ҳамда Ироқдаги Боғдод, Мисрдаги Қоҳира, Саудия Арабистонидаги Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилдилар. Бутун йўлни улар машинада ва қисман самолётда босиб ўтдилар. Барча мамлакатларда улар Совет Иттифоқининг консуллик идораларига мурожаат этишди ва унинг ёрдамига таянишди. Ироқда улар Англия консуллигининг ёрдами билан Қоҳира орқали Жиддагача самолётда етиб олишди.

Зиёратчилар деярли барча шаҳарларда расмийлар билан учрашган. Шунингдек, улар шарафига ташкиллаштирилган маросимларда қатнашган. Шу жумладан, улар Теҳроннинг “Иқдаи” газетаси муҳаррири Ҳалил Аббос билан суҳбат қурганлар. Танишувдан сўнг Ҳалил Аббос уларни парламент биносига олиб борган (Миллий Кенгаш) ва зиёратчилар бироз муддат парламент йиғилишида қатнашганлар. Мажлисдан чиққач, парламент бошқарувчиси Саид Муҳаммад Садқий Таба Табаи зиёратчилар шарафига зиёфат уюштиради ва улар билан суҳбатлашади.

Суҳбат давомида улар кўп саволларга тутилади. Саволларнинг аксарияти СССРдаги диний вазият билан боғлиқ эди. Мисол учун, Саид Муҳаммад Садқий Таба шундай дейди: “Ўрта Осиё ёки Туркистон исломда муҳим ўрин тутади. У ерда ислом динининг кўп уламолари етишиб чиққан. Бу уламолар илм, маданиятва, маърифат тарқатувчилари ҳисобланади. Шу сабабли мусулмонлар уларнинг ҳукмдорлари ким бўлишидан қатьий назар, ўзларини камситилишларига йўл қўймасликлари керак. Мен ишонаманки бундан кейин Туркистон билан ўртамизда алоқа ўрнатилади”.

Ўзбекистон ССРнинг 20 йиллиги муносабати билан Эрон делегациясининг раҳбари сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган вилоят Генерал – губернаторининг ўринбосари Машҳад Фарухи ўз уйида ва “Мусои Али Ризо” мақбарасида зиёратчилар билан учрашади ва уларга ўзининг шеърларидан парчалар ўқиб беради. У ўз шеърларида Ўзбекистон ССРни маъқуллайди.

Мисрда зиёратчилар билан «Ахбарилуюм», «Ал-Ахрам» ва «Ал-Мисри» газеталари муҳаррирлари билан учрашади. Саудия Арабистонида улар Макка ва Мадина ҳукмдорлари ва Саудия ҳукмдори А.Фейсал қабулида бўладилар. Зиёратчиларни ташқи ишлар вазири Махди-бек таништиради ва зиёратчилар шарафига зиёфатлар берилади.

Махди- бек билан бирга улар Макка шаҳрининг дин ишлар бўйича Бош Имоми Шайх Абу Самх Саид Галви ҳамда Мадина шаҳри Бош Имоми Саид-Садад Саид Хошими билан учрашадилар. Ҳар бир зиёратчига тўн кийдирилади ва 2 динордан пул берилади. Шундан сўнг улар шаҳарнинг таниқли шахслари билан зиёфатларда қатнашадилар. Маросимда қуйидаги саволлар берилади:

– Совет Иттифоқида ислом динига эътиқод қилиш ман этилгани ва мусулмонларни қатл этишлари ростми? Одамлар ўз уйлари ва ватанларига эга эмасликлари ва улар аёллар билан умумий кулбаларда яшашлари ростми?

– қачон сизларга динга эътиқод қилишга рухсат этилди ва сиз қандай қилиб бу ерга кела олдингиз?

– 1930-31 йиллардан буён Туркистондан Макка ва Мадинага ҳеч ким зиёрат қилмаган эди. Бунинг сабаби нимада?

Зиёратчилар саволларга нисбатан дин ва дин ишлари Россияда эркинлиги ва улардаги маълумот хато эканлигини тушунтирадилар. Шундан сўнг уларнинг олдига ўзини сарой тикувчиси деб таништирган Махмуд Камал келади ва яна ўша саволларни такрорлайди ҳамда уларнинг жавобларига ишонмаслигини билдиради: “Мен Россия ва Англия ўртасида дипломатик алоқлар ўрнатилмасдан аввал хуфиёна Туркистонни зиёрат қилганман ва унинг турли вилоятларида бўлганман. Мен у ердан “Лейка” ёрдамида бир қанча фотосуратлар ишлаб келганман. Суратлар орасида дин вакиллари суд қилинаётган вазиятлар ҳам бор. Мен Туркистондаги вазиятни яхши биламан.”

Зиёратчилар унинг бу далилларни инкор этадилар.

Эрон, Боғдод, Миср ва Мадинада зиёратчилар СССРдан кўчиб, қочиб кетган бир қанча ўзбекларни учратадилар. Уларнинг айримлари хонадонида меҳмонда бўладилар.

Шунингдек, Маккада улар тошкентлик Иброҳим Қори Исҳоқбекнинг ўғли Хожи Орифхонтўра, хожикентлик (Ленинобод) Фарсак хожи, Андижонлик Муҳаммадхон Мақсум, Наманганлик Аббосхон ва Хўжандлик Хожи Султон Ўринбой оилаларида ҳам меҳмон бўладилар. Хожи Султон Ўринбой Хўжандда ҳибсга олиниб, Марғилондаги қамоқхонага юборилган эди. У қамоқдан қочиб Тошкентга боради ва у ердан Хитойга кетади. Хитой орқали эса Маккага боради. Маккада у антисовет ташвиқотларини олиб боради ва бу мавзуда бир қанча рисолалар чоп этади.Хожи Султон Ўринбой Саудия ҳукумати олдида обрўли шахс ҳисобланар эди. У ҳам зиёратчиларни ўз уйига таклиф қилади ва юқорида қайд этилган саволларни такроран беради ва уларнинг жавобларига ишонмаганини айтади. Шунингдек, у ўз рисолаларини зиёратчиларга таклиф қилади. Унинг китобларида совет ҳокимияти, компартияси ва унинг ҳукмдорларига қарши маълумотлар бўлган эди.

Марказий Осиёнинг Яқин Шарқдаги кўчмас мулки

Такя – суфий ва зиёратчиларнинг муқаддас жойларга саёҳат қилиш вақтида йўлда тўхтаб ўтадиган махсус жой.

Тарихий ҳужжатдан кўчирма:

З. Бобохонов хатидан – СССР Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги дин ишлари вакили ўртоқ А. А. Пузинга

Маълумки, авваллари Марказий Осиё зиёратчилари томонидан Саудия Арабистонида кўпгина такялар қурилган. Бизга маълум бўлганлари: Жиддада -1 та, Маккада -60 та, Мадинада- 23 та, Фаластинда -1 та. Уларнинг баъзилари ҳозирда ўз эгалари томонидан бошқарилади, баъзилари эса қонуний ёки ноқонуний йўл билан маҳаллий араблар томонидан эгаллаб олинган. Яна айримлари эса қаровсиз ҳолга келиб қолган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси тузилгач, такяларнинг Совет Иттифоқидаги хўжайинлари ўз мулкларига эгалик қилиш ҳуқуқини сўраб, бизга мурожаат этишмоқда. Уларнинг айримлари такя мулки ҳуқуқига эгалик қилувчи ҳужжатларга эга. 1945 йил ҳаж зиёрати давомида Саудия Арабистони Қироли Абдул Азиз ибн Сауд бизнинг мурожаатимизга жавобан ҳужжатларга эга такялар хўжайинларига қайтарилишини бизнинг делегация аъзоларимиз гувоҳлигида айтиб ўтган эди. 1947 йил айнан мана шу масала юзасидан Саудия Арабистонига бордим. Ўшанда Ташқи ишлар вазири Сауд ибн Азиз (кейинчалик Саудия Арабистони Қироли) томонидан қабул қилиндим…

Мазкур иш билан боғлиқ барча ҳужжатлар, айни вақтдаги Қирол телеграммаси ва бошқа хатлар менда сақланмоқда.

Такя меросхўрлари бўлган айрим фуқароларимиз томонидан ҳамон аризалар келиб тушмоқда. Меросхўрлар такяларни биз ўзлаштиришимизни исташмоқда ва улардан тушаётган даромадни такяларни таъмирлаш учун сарфлашимизни сўрамоқдалар. Зеро, такялар келажакда биз томондан ҳаж сафарига чиққан зиёртчиларга асқотади.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармасининг такяларга эга бўлиши зиёратчиларга иқтисодий тарафлама фойда бўлиши билан биргаликда Саудия Арабистони ва бошқа зиёратчилар олдида катта обрў ҳам беради. Қолаверса, бу Саудия Арабистони ҳукумати вакиллари ва дин пешволари билан муносабатларни мустаҳкамлашга туртки бўлади.

Илк ҳаж зиёратига борган 6 нафар киши ҳақида қисқача маълумот:

  • Солиҳов Муродхўжа Солихович (Муродхўжа Солихий) (1873-1953), Тошкент шаҳрида, Шайҳонтохур даҳаси, Тарновбоши маҳалласида туғилган. 1903 йилга қадар Тошкентда, кейинчалик Бухоро мадрасасида таҳсил олган. 1903-1943 йилларда Тошкентда мударрис имом бўлган. 1943 йилнинг кузида Муродхўжа Солиҳов Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси раиси ўринбосари этиб сайланган.
  • Исмоил Қори (1893-1976), Янгиқўрғон қишлоғида туғилган (ҳозирги Наманган вилоятида). У 13 ёшида Қуръонни тўла ёд олади, кейинчалик Мулла Қирғиз мадрасасида тавсир, ҳадис ва фиқҳ илми бўйича таҳсил олган.
  • Абдулхайров Жонбой Абдулхайрович (Янгибой Абдулхайр), 1885 йилда Қорақалпоқ АССР, Шабаз районида туғилган.
  • Мусинов Мухамед Гали (Мусин Мухаметгали), 1887 йилда Қозоғистонни Қарағанда вилоятининг Қарқалин туманида туғилган.
  • Юсупов Абдулмажид Юсупович (Абдулмажид-қори Юсуфзода), 1899 йилда Хўжандда (Тожикистон) туғилган, 1924 йилга қадар диний мактабда таҳсил олган.
  • Абдулла Бори Афанди (Бари Губайдуллович, Собиров Абдулбари Абдуллоивич), 1879 йилда туғилган. Қозоғистоннинг Кўстанай вилоятида яшаган.
скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

11:27
Ўзбекистонда доллар ва евронинг расмий курси ошди
11:23
Жиззах: рақамли иқтисодиёт сари янги қадам
11:10
Электрон ҳисобварақ фактуралари: хавфсиз, тезкор, самарали
10:44
Давлат бюджетидан пул сарфламасдан қурилаётган бинолар
10:41
"JIZZAX ORGANIC" биринчи миллий чорвачилик кластери
09:56
Россияда коронавирусни даволаш учун самарали дори ишлаб чиқилди
09:36
Халқ таълими вазири мактаб битирувчиларига мурожаат қилди
09:35
“O‘zbekiston 24”ни танқид қилган журналистлар “Спорт” телеканалидан бўшатилди
09:21
Наҳотки, интернетдан бошқа барча ОАВ ўз фаолиятини якунласа?
09:14
Қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув юз берди
09:11
Дунёда илк бор 5G тармоғи ишга тушди
07:00
Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин!
22:43
Ўйин: Хўжа Нуриддин хожи мадрасаси
16:20
Жиззах шаҳридаги 9 қаватли уйларни пазл кўринишини теринг
13:01
Жиззах вилояти, шаҳар ва туманлар интерактив харитаси
09:43
YouTube эндиликда ухлаш вақти бўлганини эслатиб туради
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР