«100 оиладан 63 таси 30 кишилик тўйга рози...»

«100 оиладан 63 таси 30 кишилик тўйга рози...»

 Фото: ДХА

«Касбим тақозоси билан «тўй қиламан» деб қарзга ботган ва ўша тўйдан кейин иқтисодий қийинчилиги туфайли ҳеч қанча вақт ўтмай ажралиб кетган оилаларни биламан» - дейди Қизилтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Гўзал Норова. - Пандемик вазият туфайли ҳукуматнинг махсус комиссияси қарори билан камхарж тўйлар бошланди. Жамоатчилик билан ҳамкорликда тумандаги икки маҳалладаги аҳоли ўртасида сўров ўтказдик. 100 оиладан 63 таси 30 кишилик тўйга рози...»

Қизилтепа туманининг «Хомработ» маҳалласида яшайдиган Явқочдиевлар оиласи сўровномада иштирок этган, камхарж тўйга жони дили билан ҳайриҳоҳлик билдирган оилалардан бири. Ёшларнинг ихтиёрига кўра, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда уларнинг никоҳини фуқаролик ҳолатлари далолатнома ёзиш бўлими биносида расмийлаштирилди. Гулмира ва Достонбек Явқочдиевлар туй учун йиққан маблағларини уй-анжомлари ва мебел жиҳозларига сарфламоқчи эканликларини билдирдилар.

Бундай оилалар бисёр. Ким ипотека кредити, ким автокредит учун бошланғич тўлов маблағларини амалга оширган. Тўғрида, 400-500 киши билан ўтган тўй 30 киши билан ўтмайдими? Ўтади, дастурхон учун  20 миллион ўрнига 2 миллион пул сарфланади, холос. Энди қанча маблағ иқтисод қилинишини ўзингиз чамалаб кўраверинг. Энг асосийси, айрим куёв йигитлар уйланиш учун мусофирликда минг бир машаққат чекиб ишлашга мажбур бўлмайдилар. 

2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига Навоий вилояти бўйича 1440 никоҳ қайд этилган. Шундан 235 таси Қизилтепа тумани ҳисобига тўғри келади. Албатта, ўтган йилга нисбатан карантин чекловлари сабаб никоҳланувчиларнинг кўрсаткичи пасайди.

Лазиз Хамраев,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси маслаҳатчиси