Бахмалда шаръий никоҳлар қонунийлаштирилмоқда

Бахмалда шаръий никоҳлар қонунийлаштирилмоқда

Инсоннинг бахту камоли, жамиятда қандай мақомга эга бўлиши кўп жиҳатдан оилага, ундаги маънавий муҳит барқарорлигига боғлиқ. Лекин юз бераётган оилавий ажримлар туфайли ота меҳридан бенасиб вояга етаётган фарзандлар ҳам, афсуски, кўпайиб бормоқда. 

Оилавий ажримдан, аввало, аёл, вояга етмаган бола азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, афсуски, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги савол  остида қолмоқда. 

Бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича Бахмал туман фуқаролик ҳолатларига далолатномалар ёзиш (ФҲДЁ) бўлими томонидан қатор  ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган амалий ва тарғибот ишлари натижасига кўра ноқонуний никоҳланганларнинг никоҳи қонунийлаштиришга эришилмоқда. 

Вақтида никоҳини қонунийлаштирмаган Искандар Қосимов 11 май куни Бахмал туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди. 

- Айрим ишларни бажаришни эрта кечи бўлмайди. Аммо бу ҳолатни асло орқага суриб бўлмас экан. Оила қурганимизга 6 йил бўлди, лекин никоҳимизни қонунийлаштирмаганмиз. Бугун, эрта борамиз деб шунча йилни ўтказиб юборибмиз, - дейди И.Қосимов. 

- Бу каби масалалар билан мурожаат этганлар сўнгги икки ойда 8 нафарни ташкил этмоқда, - дейди туман ФҲДЁ бўлими мудираси Ёдгора Хидирова. - 5 та оиланинг шаръий никоҳи қонунийлаштирилди, 3 та ариза эса ҳал этилиш жараёнида.

 

2035 та чақалоқ дунёга келди 

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Бахмал туманидаги хонадонларда 2035 нафар чақалоқ дунёга келди. Июнь ойида  карантин қоидаларининг юмшатилиши натижасида никоҳдан ўтиш учун 233 та ариза келиб тушган.
Энг ачинарлиси 33 оиланинг ажрими ва 337 та ўлим ҳолати қайд этилди. 

Муддати ўтган 27 та “метрка” 

Туғилганлиги қайд этилмай қолишнинг кўпгина омиллари бор. Бепарволик, олис туман, қишлоқларда қолаверса чет давлатда туғилиши ва ҳоказо. Аммо бугунги кунда бу ҳолатга барҳам бериляпти. Шу кунга қадар муддати ўтган вазиятлар бўйича жами 27 та ариза келиб тушган ва уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари 62 та ҳолатда оталикни белгилаш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди.  

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати