Одам савдоси жабрланувчиларига ёрдам кўрсатиш механизми муҳокама қилинди

Одам савдоси жабрланувчиларига ёрдам кўрсатиш механизми муҳокама қилинди

Республика “Истиқболли Авлод” ижтимоий-ахборот маркази ташаббуси билан онлайн тарзда “Одам савдоси жабрдийдаларини қайта йўналтириш механизми” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбир одам савдоси жабрдийдаларини қайта йўналтириш механизмларини ҳудудий комиссиялар аъзолари билан муҳокама қилиш ҳамда ННТлар билан жабрланувчиларга ёрдам кўсатиш борасида ҳамкорликни амалга оширишдан иборатдир.

Тадбир  БМТнинг 2013 йил 30 июлдаги Резолюциясига асосан, “30-июль Бутун дунёда одам савдосига қарши курашиш куни” деб белгиланганлиги муносабати билан, Республикамиз бўйлаб “30 июндан-30 июлгача” марафон-Акция  тадбирлар доирасида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрир остида чиқаётганлигини эътиборга олиб, одам савдосига қарши курашишда барча аҳоли қатламларини, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат ташкилотлар, муассасалар, корхоналар ҳамда республика оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқларини жалб этиш, фаоллигини ошириш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, ўзининг ҳиссасини қўшиш вазифаларидан иборатдир.

Вебинар тарзида ўтган давра суҳбатини Республика Одам савдосига қарши курашиш бўйича Миллий комиссия аъзоси Назифа Камалова олиб бориб, бу йўналишда амалга оширилган чора-тадбирларнинг мақсади, самарадорлиги, ижтимоий ўзаро ҳамкорлик ҳақида фикрларини билдирди.

Сўнгра Республика “Истиқболли Авлод” ижтимоий-ахборот маркази раиси ўринбосари Шохида Касимова “Одам савдоси жабрланувчиларини қайта йўналтириш механизми” тўғрисида тушунча берган бўлса, Республика “Истиқболли Авлод” ижтимоий-ахборот маркази Жиззах вилояти бўлими ҳуқуқшуноси Эркин Муродов мазкур механизмни аниқ бир ҳолат, марказга мурожаат қилган “одам савдосидан жабрланган аёл” мисолида кўрсатиб берди.

Бунда жараён жабрланувчи томонидан марказнинг “Долзарб алоқа” тармоғига хабар беришидан бошлаб, унга кўрсатилган барча ижтимоий, иқтисодий, тиббий ҳамда ҳуқуқий ёрдам турлари, давлат органлари, муассасаларининг ва нодавлат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўзаро ижтимоий ҳамкорликда юзага келаётган муаммо ва масалаларининг ечими тўғрисида маълумотлар келтириб  ўтди.

Мазкур тадбирда одам савдосидан жабрланган ва чет элда оғир вазиятларга тушиб қолган шахсларни ватанга қайтариш, қайтганидан сўнг уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва касб-ҳунарга йўналтириш, ўз тадбиркорлигини бошлаш учун жабрланувчиларга асбоб-ускуналар олиб бериш учун  молиявий кўмак кўрсатаётган Миграция бўйича Халқаро (МХТ) Ташкилотининг Марказий Осиё координацион офиси томонидан амалга оширилаётган “Одам савдосига қарши кураш” USAID минтақавий лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Вебинар сўнггида ҳудудий комиссия аъзолари, ННТлар вакиллари  ва бошқа иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари эшитилди.