Давлат хизматлари марказлари иш тартиби билан боғлиқ турли миш-мишларга аниқлик киритилди

Давлат хизматлари марказлари иш тартиби билан боғлиқ турли миш-мишларга аниқлик киритилди

Ижтимоий тармоқларда Давлат хизматлари марказлари иш тартиби билан боғлиқ турли миш-мишлар пайдо бўлди.

Давлат хизматлари агентлиги мазкур масалага аниқлик киритмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан Давлат хизматлари марказлари иш вақти 09.00 дан 20.00 гача узайтирилди. Бу ишлар авваламбор, фуқароларимиз қулайлиги, яъни, иш вақти 18.00 гача бўлган хизмат олувчиларимиз учун амалга оширилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ДХМлар иш куни узайтирилгани билан, Агентлик ҳар бир ходимини қадрлайди ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилади. Марказларда навбатчилик тизими жорий этилиб, 20.00 гача ишлайдиган ходимлар иш вақтини соат 11.00 дан бошлашади.

Шунингдек, биз ёлғон маълумотларни оммага тарқатганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтиб, фуқароларимизни бугунги кунда олиб борилаётган медиаҳужумларда объектив маълумотларга таянишларига ундаймиз.Мисол учун, тарқалган маълумотларда Давлат хизматлари марказида олинган сурат тақдим этилган ва унда 2019 йил 15 июль санаси, соат 23.25 аниқ акс эттирилган.

Эслатиб ўтмоқчимиз, айнан жорий йилнинг 15 июль кунига қадар миллий олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёни давом этган эди. Қабул комиссияларида турнақатор навбатлар пайдо бўлгани боис, Давлат хизматлари агентлиги ДХМларни 24 соатлик иш режимига ўтказиб, абитуриентларимизга енгиллик ва қулайлик яратиб берди.

Яъни, маълумотларда мазкур расмларни факт этиб кўрсатилиши, нафақат бўҳтон тарқатилаётгани, балки пост эгасини аудиториясини ҳурмат этмаслигидан далолат.

Шу боис, ҳурматли фуқаролар!

Ҳозирги ахборотга бой даврда, провокацияларга берилмай, маълумотларга эътиборлироқ бўлишингизни илтимос қилиб қоламиз.

Давлат хизматлари агентлиги Ахборот хизмати