» » Бунёдкорлик ишларига шубҳангиз бўлса, Жиззахнинг Пахтакорига келинг

Бунёдкорлик ишларига шубҳангиз бўлса, Жиззахнинг Пахтакорига келинг

Бугун Пахтакор тумани марказининг қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Ён-атрофдаги маҳаллаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини айтмайсизми?

Амалга оширилаётган қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари натижасида халқнинг кўп йиллик орзу-умидлари руёбга чиқмоқда. Кенг ва равон кўчалар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари, янгидан бунёд этилган корхоналар туман кўркига кўрк қўшаётир.

Йўлингиз тушиб тумандаги “Олтинкўл”  маҳалласи томон ўтиб қолсангиз,  улкан қурилиш майдонига дуч келасиз.  Бундай манзара бугун нафақат “Олтинкўл”да, балки туман марказидаги  “Дўстлик”,  “Тошкент”, “Ғалаба” маҳаллаларида ҳам кўзга ташланади. Туманда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Илғор ҳудуд” дастурлари доирасида белгиланган эзгу ишлар кўламининг кенг қулоч ёяётганлиги  халқнинг турмуш маданиятини ошириб, фаровонлигини юксалишига хизмат қилмоқда.

Дарвоқе, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ташкил этилган Пахтакорда инфратузилма иншоотлари, йўл ва кўчалар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти бугунги кун талабларидан ортда қолганди. Маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари йўқ ҳисоби эди. Борлари ҳам нураб тугаганди.

Президентимизнинг шу йил январь ойида вилоятимизга  қилган ташрифи чоғида Гагарин шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини юқори баҳолади. Бу тажрибани барча туманларда қўллаш таклифини билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонида Жиззахда “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди ва барча туман марказлари каби Пахтакорда ҳам янгиланиш  бошланди. Бунёдкорлик, янгиланиш ва ўзгаришлар пахтакорликлар ҳаётига янги мазмун олиб кирмоқда. Туман марказини янгилаш давомида 1960-1970 йилларда қурилган  88 та бараклар кўчирилиши ва улар ўрнида кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиши белгиланди.

—Шу пайтгача ўта оғир шароитда ҳаёт кечирдик,—дейди “Тошкент” маҳалласидаги барак уйларнинг бирида яшаб келган  Зита Ан. —Биз истиқомад қилган барак уйнинг бирортасида на ичимлик суви,  на табиий газ бор эди. Иситиш тизими ҳақида умуман гапирмай қўя қолай.  Қўпол қилиб айтадиган бўлсам, ўзбек халқ мақолларининг бирида таъкидланганидек “Ит ётиш, мирза туриш” қабилида ҳаёт кечирдик.

Энди бундай уйларда яшаб бўлмаслиги шу йил бошида республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижаларида ҳам эътироф этилди. Шундан сўнг қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмасини замон талабларига мослаштириш, аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

—Ишни барак уйларда яшаб келаётган оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш учун  ер ажратиб беришдан бошладик,— дейди туман ҳокими ўринбосари Ҳамид Ҳасанов. – Тумандаги  3 та массивда бош режа асосида 800 га яқин якка тартибдаги янги турар жойларни барпо этишга киришдик. Шахсий уй қурувчилар кредит маблағлари билан таъминланди. Уларнинг ҳар бирига шифер, цемент, шағал каби қурилиш материаллари бепул берилди. Бошқа қурилиш материалларини ҳам арзон нархларда етказиб бериш йўлга қўйилди.

“Олтинкўл” – қурилиш ишлари амалга оширилаётган 3 та массивдан бири.  Бу ерда 449 та 3 сотихли уй-жойлар қурилмоқда. Бундан ташқари, маҳалла гузари, 50 ўринли болалар боғчаси, ҳаммом, ҳунармандчилик устахонаси, 3 та савдо дўкони, нонвойхона, мини футбол, болалар майдончалари бунёд этилаётир. Ҳозирги кунгача уй-жойлардан 324 тасининг томи шиферланиб, асосий ишлар ниҳоясига етказилди.  

—Битта уйни тиклаш учун қанча  меҳнат, қанча маблағ, қанча қурилиш материллари талаб этилишини жуда яхши биламиз,—дейди  “Ғалаба” маҳалласидаги барак уйлардан бирида яшаб келган Машраб Жамонқулов. —Ер берамиз, уй қуриб оласизлар дейишганда бутун вужудимни ана шу фикр чўлғаб олганди. Ўшанда мен учун уй қуриш тоғни ағдаришдек юмуш туюлганди. Президентимизнинг раҳнамолиги,  хомийларнинг саҳоватпешалиги, бизга ўхшаганларга кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдам туфайли бир йўла ҳар қайси оилага алоҳида-алоҳида 4 та уй кўтардик. Шу пайтгача  келин-келбат, набира-абиралар билан ҳеч қандай шароити бўлмаган 2 та барак уйда сиқилиб яшаб келган бўлсак, эндиликда ҳар биримизнинг ўз уйимиз бор.

Маълумки,  ер участкасига эгалик дунёдаги барча мамлакатларда фақатгина аукцион савдолари орқали амалга оширилади. Мамлакатимизда ҳам  шахсий уй-жой қуриш истагида бўлганлар “Ким ошди?” савдолари орқали ер участкалари сотиб олиш тартиби жорий этилган. Лекин, Пахтакорда ундай қилинмади. Ер участкалари одамларга шундай бепул берилди.

—Бугунги ҳисоб-китобларга кўра шахсий ер участкасининг бир сотихи Пахтакорда ўрта ҳисобда 15-20 миллион сўмга тўғри келади, — дейди туман қурилиш бўлими бошлиғи Ахрор Жўраев. —Давлатимизнинг одилона сиёсати туфайли 35,5 гектар суғориладиган экин майдонлари халқимизга бепул берилди. Амалга оширилган бу тадбир замирида ҳам халқ фаровонлигини  янада оширишдек эзгу ғоя мужассам.

Туманда бошланган хайрли ишларнинг илк кунидан ҳар бир хонадондаги аҳвол синчковлик билан ўрганилди. Ҳокимлик, жамоат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳининг хонадонма-хонадон  юриши давомида барак уйларда истиқомат қилувчилардан 120  оила янгидан барпо этилаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтиш истагини билдирди. 781 та оилага якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиладиган бўлди. Шундай қилиб, ярим асрдан зиёд ночор кулбаларда яшаб келган 901 оила  шу йилнинг ўзида янги турар жойлар билан таъминланадиган бўлди.

—Юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб юборди,— дейди “Олтинкўл” маҳалласи оқсоқоли  Ражаббой ота Равшанов. —Ҳақиқатан ҳам, Дўстлик, Тошкент, Ғалаба ва Олтинкўл маҳаллалари бугунги тараққиётдан анча ортда қолганди. Айниқса, барак типидаги уйларда яшаётган одамларнинг аҳволи анча оғир эди. Масалан, мен ҳам бутун оилам—5 ўғил, 5 келин билан 3 та барак уйда яшадик.  Кўрсатилаётган  ғамхўрлик туфайли 5 та ер участкасига эга бўлдик. Давлатимиз кўмаги билан уйларни битказиб, кўчиб ҳам кирдик.

Янгидан бунёд этилаётган турар жой массивларида аҳоли учун барча қулайликлар яратилаяпти. 3 та массивга 3,1 километрли марказий, 15 километрли ички ичимлик суви тармоғи барпо этилди. Бу ишларга 1 миллиард 406 миллион сўм маблағ сарфланди. Ҳозирга қадар салкам 12 километрли қум-шағал йўллар қурилиб, 2 миллиард 700 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилди.

—“Олтинкўл”  маҳалла гузарида фуқаролар йиғини идораси, профилактика инспектори хонаси билан бирга сартарошхона, гўзаллик салони, келинлик либослари салони, пойафзал устахонаси учун ҳам алоҳида-алоҳида хоналар қурилаяпти, — дейди туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими мутахассиси Бахтиёр Умаров. —Маҳалладаги асосий қурилиш ишлари ниҳоясига етиб қолди. Айни пайтда қолган ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда. Маҳалла ҳудуди тўлиқ электрлаштирилди. Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида 1000 та газ баллонига буюртма берилди.

Пахтакорда амалга оширилган хайрли ишлардан яна бири бу 440 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлган тикувчилик корхонасининг бунёд этилганидир. Ҳозир “Олтинкўл” маҳалласида 300 ўринли, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғинида 140 ўринли енгил конструкцияли тикувчилик корхоналари барпо этилди. Айни пайтда   мутахассислар корхона цехларига тикув-бичув ва бошқа дастгоҳларни ўрнатаётир.

—Янги корхонага ишга олинганларнинг асосий қисмини уй бекалари ташкил этади,—дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Шоназарова. —Бир  неча операцияларни бажарадиган замонавий тикув дастгоҳларида ишлаш ҳар бир хотин-қиздан катта маҳорат ва масъулият талаб этади. Туманимизда бошланган эзгу ишларнинг илк кунларидан хотин-қизларнинг ҳам ишлаб, ҳам ўқиб ўз малакаларини оширишлари учун барча қулайликлар яратиб берилди. Амалга оширган тадбирларимиз бугун ўз самарасини кўрсатаётир.

Уйма-уй юриш жараёни давом этмоқда. Бунда хотин-қизларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Камчилик ва муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётганлиги самарали натижалар бермоқда. Аёлларни тадбиркорликка, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этиш орқали уларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Одамзотнинг феъли шунақа. Амалга оширилаётган эзгу ишлардан  кимлардир қувонса, кимлардир куюнади. Буни бежизга айтмадим. Унга яқинда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабар сабаб бўлди. “Жиззахда уйи бузилган одамлар чодирда кун кўрмоқда” сарлавҳали қисқагина хабарни тарқатган оқни қора дегувчи кимсаларнинг мақсади ҳам шунга қаратилган, бўлса ажабмас. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида янги қурилган уйи атрофини ободонлаштираётган бақувват, чайир отахонга рўбару келдик. Мўйсафиддан интерьнетда берилган хабар ҳақида сўраган эдик, ҳайрон бўлди. Отахон интернет нима эканини билмаслиги табиий. Аммо янги маҳаллада нима бўлаётганини яхши билади.

 —Ёшим 79 да, — дейди Қаҳрамон ота Рустамов. — Шунча йил яшаб,  ҳозиргидек меҳр-мурувватни кўрмаган эдим. 40 йилдан зиёд бир вақтлар қурилган барак уйда амал-тақал ҳаёт кечирдик. Ёзда жазирамадан, қишда совуқдан азият чекардик. 3 ўғил, келинлар, набиралар билан ҳеч қандай шароити бўлмаган хонадонда яшадик. Ниҳоят мана мушкулимиз осон бўлди. 3 та участкалик бўлдик. 2 ўғлим учун алоҳида-алоҳида, кенжам билан биз чол-кампирга алоҳида уй қуриш учун ер берилди. Оллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, эндиликда ҳар биримизнинг ўз уйимиз бор. Қурилиш материаллари, ишчи кучидан кўп ёрдам беришди. Имтиёзли кредит олдик. Энг муҳими, уйимизни битириб, унга кўчиб ўтдик. Лекин сиз айтган нонкўрлик, яхшиликни ёмонлик дейишни бизнинг қавмимиз қилмайди. Мен бунга яратганнинг олдида ҳам, виждоним олдида ҳам кафил бўла оламан.

Ҳа, отахон ҳақ гапни айтди. Бундай эзгу ишларни кўрмаслик учун  отахон айтганидек кўр бўлиши керак киши. Шуни таъкидлаш керакки, шу пайтгача шахсий уй-жой қураётган фуқароларга 1548 машина шағал, 1177 тонна цемент, 35100 дона шифер етказиб берилди. 214 нафар фуқарога 3 миллиард 600 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Уй-жой қураётган 102 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ногирон фуқароларнинг ҳар бирига  20 миллион сўмдан жами 2 миллиард 40 миллион сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, ҳозиргача 1 миллиард 100 миллион сўм берилди. Кам таъминланган оилаларга таъминотчи ташкилотлар томонидан 986,3 миллион сўмлик қурилиш материаллари етказиб берилди.

Юқорида Машраб Жаманқулов таъкидлаганидек уй қуриш осон иш эмас. Янги уй қуриб битказилгандан кейин ҳам икир чикир ишлари йиллаб чўзиладиган иш. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Пахтакорда амалга оширилаётган ишлар нечоғли тезкор бораётганлигини билиш мумкин.  Халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига қандайдир ғаламитснинг интернет тармоғидаги ёлғон хабари соя сололмайди, албатта.

Кимда ким  Пахтакорда амалга оширилаётган ишларга шубҳа қилса, келсин, ўз кўзи билан кўрсин, одамлар билан гаплашсин. Шунда юртимизда амалга оширилаётган  кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш тарзи, фаовонлиги кундан кунга ўзгариб бораётганлигига ишонч ҳосил қилади.  

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив