» » Бизнес-Омбудсманнинг фаолияти натижасида жиззахлик тадбиркорларнинг манфаати ҳимоя қилинди

Бизнес-Омбудсманнинг фаолияти натижасида жиззахлик тадбиркорларнинг манфаати ҳимоя қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратилиб, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарур ва шартлиги таъкидланмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, соҳага оид қонун хужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари томонидан ўтган давр давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Девоннинг Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган ходимлари томонидан;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасида;

2019 йилнинг апрель-декабрь ойларида жисмоний ва юридик шахслардан жами 126 та мурожаатлар қабул қилинди.

Ушбу, мурожаатларнинг 119 таси ҳал этилган бўлиб, шундан 56 та мурожаатлар қаноатлантирилди, 63 та мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек,7 та мурожаатлар ҳисобот давридан кейинги йилга қолдиқ бўлиб ўтди.

Қаноатлантирилган мурожаатлар бўйича, 175 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қаноатлантирилган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда 3 та ноқонуний текширишларга оид, 3 та назорат қилувчи органлар фаолиятига оид, 9 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари)дан норозилик бўйича, 6 та компенсация масаласида, 3 та ерга доир қонун ҳужжатлари юзасидан, 17 та банклар фаолиятига оид қонун ҳужжатларига доир, 1 та суд қарорлари юзасидан, 4 та прокуратура органлари фаолиятига доир ва 10 та бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тегишли идораларга қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 8 та тақдимнома, Қонун хужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 5 та огоҳномалар, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан 3 та хулосалар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказган 12 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида идора ва ташкилотларнинг
6 нафар айбдор ходимлари интизомий жавобгарликка тортилди, 3 нафар ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниб, лавозимидан озод этилди.  Тадбиркорлик субъектлари вакилларига нисбатан ноқонуний равишда расмийлаштирилган 7 та маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорлар ва Жиззах вилоят идоралараро комиссиясининг 2 та хулосаси бекор қилинди.
27 миллион 825 минг 678 сўм миқдорида тўланмаган маблағ ундирилди.  Тадбиркордан ортиқча ундирилган 15 миллион  327 минг 683 сўм маблағ қайтарилди. 2 та ҳолатда тадбиркорларга 180 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилган бўлса, битта ҳолатда тадбиркорлик субъектлари вакилларига 10 гектар ва битта ҳолатда 29,20 кв метр ер майдонлари ажратиб берилди.

100 нафар тадбиркорларга тегишли бўлган бино иншоотлар асоссиз бузилишининг олди олинди ҳамда 1 нафар тадбиркорнинг бино-иншоот қуришида мансабдор шахслар (ҳоким) томонидан қилинаётган тўсқинлик бартараф этилиши таъминланди.

Шу билан бирга, мурожаатларни ўрганиш жараёнида амалга оширилган чора-тадбирлар ва тегишли идораларга киритилган хатлар натижасида тадбиркорларга 2 миллиард  523 миллион сўм маблағлар қайтарилди. 15 та мурожаат бўйича жами 55 нафар жисмоний ва юридик шахсларга 6 миллиард 868 миллион  100 минг сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди. 1 нафар тадбиркорга 214,3 гектар ер майдони ва яна 1 нафар тадбиркорга 360 кв.метр ер майдонлари ажратиб берилди.

 1 нафар тадбиркорга тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиб берилди. 3 нафар тадбиркор табиий газ тармоғига улаб берилди, 3 нафар тадбиркорнинг таюиий газ босими яхшилаб берилди ҳамда бир қанча мурожаатлар бўйича бўш ер майдонлари аукционга киритиб берилди.

Энди аниқ мисолларга ўтсак, Жиззах вилояти Фориш туманида фаолият юритаётган “Arslonbek Temurbek Fishes” хусусий корхонаси раҳбари А.Синдаровнинг Жиззах вилоят ҳокимлиги ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, “Arslonbek Temurbek Fishes” хусусий корхонаси раҳбари А.Синдаровнинг мурожаатига асосан Фориш туман ҳокимининг 2019 йил
18 июндаги 3468-сонли қарори билан корхонага Фориш туман, “Истиқлол” МФЙ, Арнасой пастликжой ҳудудидан балиқчиликни ривожлантириш учун жами
15 гектар яйлов ер майдони ажратилиб, қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокимидан сўралиши белгиланган.

Мазкур қарор, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини ажратиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаб бериш учун туман ҳокимлигининг 2019 йил 5 июлдаги 01-1774-сонли хати орқали 14 кунга кечиктирилиб, юборилган.

Бундан ташқари, масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёки ўзига аён бўлган бошқа манфаатларда ёндошишлари натижасида мазкур қарор, Ер участкаларини ажратиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссияси томонидан қарийб беш ой давомида ҳам кўриб чиқилмаган, тадбиркорга ер майдони ажратиш чоралари кўрилмаган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича қонун хужжатлари белгиланган тартибда “Arslonbek Temurbek Fishes” хусусий корхонасига Фориш туман, “Истиқлол” МФЙ ҳудудидан ер майдони ажратиш чораларини кўриш тўғрисида жорий йилнинг 27 ноябрь куни Жиззах вилоят ҳокимлигига хулоса киритилди. Мазкур хулосага мувофиқ хусусий корхонага ер майдони ажратиб берилиши таъминланди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Касимов томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулида Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида фаолият кўрсатувчи “Texnika Lyuks” хусусий корхонаси раҳбари Л.Бурхановнинг АТБ “Алоқа банк” ва “Асака банк” Жиззах филиаллари, АТБ “Халқ банк” ва “Агробанк” Ғаллаорол туман филиаллари ходимлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати девон ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида, “Texnika Lyuks” хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг май ойида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида Ғаллаорол туманида яшовчи фуқаро Бурлиева Сохибага етказиб берилган тикув машиналари учун жами 30 млн. сўмлик кредит маблағи АТБ “Алоқа банк” Жиззах филиали томонидан;

май-июль ойларида 11 нафар фуқарога етказиб берилган тикув машиналари учун жами 59,1 млн. сўмлик кредит маблағлари АТБ “Халқ банк” Ғаллаорол туман филиали томонидан;

май-июнь ойларида 2 нафар фуқарога етказиб берилган тикув машиналари учун жами 10,1 млн. сўмлик кредит маблағи АТБ “Асака банк” Жиззах филиали томонидан;

май-июнь ойларида 2 нафар фуқарога етказиб берилган тикув машиналари учун жами 10,1 млн. сўмлик кредит маблағи АТБ “Агро банк” Ғаллаорол туман филиали томонидан ажратиб берилмаётганлиги аниқланди.

Девон ходимларининг қонуний аралашуви билан хусусий корхона томонидан жами 15 нафар фуқароларга етказиб берилган жами 79,3 млн. сўмлик тикув машиналари учун АТБ “Асака банк” Жиззах филиали, “Халқ банк” ва “Агро банк” Ғаллаорол туман филиалларидан кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, АТБ “Алоқа банк” Жиззах филиали томонидан мурожаатни ўрганиш даврида корхона томонидан фуқаро С.Бурлиевага етказиб берилган маҳсулот учун, пул маблағи ўтказиб берилмаганлиги боис, ҳолат бўйича зудлик билан кредит маблағи ажратилиши таъминлаш юзасидан АТБ “Алоқа банк” бошқарувига хат киритилди.

Мазкур хатга асосан, С.Бурлиевага 30 000 000 сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилиб, хусусий корхонанинг хисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятидаги ходимлар томонидан “Newland” МЧЖ раҳбари Ф.Аликуловнинг, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Жиззах минтақавий филиали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, “Newland” МЧЖ раҳбари Ф.Аликулов кредит маблағи ажратишни сўраб, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Жиззах минтақавий филиалига
24 фоизлик устама тўлаш шарти билан 5 йил муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 900 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратишни сўраб мурожаат қилган. Банк филиали амалиёт бўлими кредит комиссиясининг 11.09.2019 йилдаги қарори билан хусусий корхонага кредит маблағи ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилиб, томонлар ўртасида 997-сонли кредит шартномаси имзоланган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида, Девон ходимларининг қонуний аралашуви билан, 04.10.2019 йилдаги 1-сонли тўлов топшириқномага мувофиқ жамиятга 4 900 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди.

Бир сўз билан айтганда,Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг (Бизнес-Омбудсман) асосий вазифаларидан бири,Давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш ҳисобланади.

Шу боис, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда девоннинг жойлардаги шу жумладан, Жиззах вилоятидаги ходимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Манзил: Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар, Ш.Рашидов шох кўчаси 117-уй. 

 

Девон бош инспектори С.Усманов

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш