Жиззах шаҳридаги муштумзўр эр жазосини олди

Жиззах шаҳридаги муштумзўр эр жазосини олди

Жиззах шаҳрида яшовчи Ўткир (исмлар ўзгартирилган) ҳам спиртли ичимлик таъсирида шундай ножўя ишга қўл урди.

Турмуш ўртоғи Насиба билан турмуш қурганига 21 йил тўлган, уч нафар фарзандининг бўйи етиб қолган бўлса-да, қўлига эрк беришдан уялмади. Ўша куни Насиба ота-онасиникига меҳмонга кетган эди. Туғилган кунда жиянига яхши ниятлар билдирди, яқинлари билан дийдорлашганидан кўнгли кўтарилиб, уйига қайтганида эса турмуш ўртоғи уни дарғазаб бўлиб кутиб ўтирган эди. Чунки у яна ароқ ичиб олган, уйда овқат йўқлигини баҳона қилиб, хотинига мушт кўтарди.

Насибани муштумзўрнинг чангалидан набирасининг қўнғироғидан сўнг тезда етиб келган ота-онаси қутқарди. Юзи қонга бўялган аёлни дарҳол шифохонага олиб кетдилар. Бурун суяги синган, мияси чайқалган Насиба шифохонадан сўнг ота-онасининг уйига кетди...

Ҳуқуқ-тартибот идоралари оилавий зўравонликка дучор бўлган аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилдилар. Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг мажлисида айбланувчи Ўткир қилмишига иқрорлик билдирди ҳамда турмуш ўртоғидан кечирим сўради. Унга бир йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланиб, қўшимча равишда спиртли ичимлик ичмаслик белгиланди.

Ўйлаймизки, оилавий зўравонликка қарши ҳуқуқий чоралар кўрилаётгани эркакларнинг оила мустаҳкамлигида масъуллигини ошириб, аёл ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундайди. Ҳақиқий маънода оила бошлиғи номига муносиб бўлишларида таъсирчан чора бўлиб хизмат қилади.

Шаҳноза КАРИМОВА,

Жиззах шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги

тергов бўлими терговчиси, капитан