Зомин туманидаги оилавий поликлиника ва 2 мактаб бўйича чиққан танқидга туман ҳокимлиги муносабат билдирди

Зомин туманидаги оилавий поликлиника ва 2 мактаб бўйича чиққан танқидга туман ҳокимлиги муносабат билдирди

Зомин тумани Туркман қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида иситиш тизими яхши ишламаслиги, хоналарда мебель жиҳозлари, беморлар учун ётоқ ўринлари етишмаслиги, ичимлик суви муаммоси борлиги ҳақида жорий йилнинг 18 январь куни Жиззах телеканалининг “Очиқ мулоқот” дастури орқали лавҳа эфирга узатилди.

Шунингдек, лавҳада ҳудуддаги 19- ҳамда 21-сонли умумтаълим мактабларида ҳам иситиш тизимининг эскирганлиги, хоналар деразаси яроқсиз ҳолган келганлиги, ўқувчиларнинг жизмоний тарбия дарсларини ўтишда кийиниш хоналари йўқиги бўйича ҳам маълумот берилган. 

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Зомин тумани ҳокими томонидан тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари Туркман қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 19-, 20-умумтаълим мактабларига бориб ҳолатни ўрганди ва туман ҳокимлиги Ахборот хизмати қуйидагилани маълум қилди.  

Туркман қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси 1000 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи 9988 нафар аҳолига хизмат қилади. Ушбу қишлоқ оилавий поликлиникаси 2017-2018 йилларда давлат дастури асосида “Бўстон таъмир монтаж” МЧЖ томонидан 986.1 млн. сўм маблағ эвазига капитал таъмирланиб, Қишлоқ врачлик пунктидан Оилавий поликлиникага айлантирилган.

Қишлоқ оилавий поликлиникасида лавҳада келтирилган беморларга ўрин жой етишмаслиги сабабли навбатлар юзага келиши ҳолати ҳақиқатдан ҳам аниқланиб, муаммо шу куннинг ўзида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бартараф этилди. Поликлиникага 6 та ётоқ ўрни ва матраслар етказиб берилди. Шунингдек, хизмат хоналарга зарур бўлган стол, стул, жавон, беморлар учун кутиш ўриндиқлари, рўйхатга олиш хонаси учун картатека жавонлари, лабаратория хоналарининг тиббиёт жиҳозлари туман ҳокимлиги томонидан етказиб берилиши Ишчи гуруҳ йиғилишининг якуний қарорига киритилди. Бундан ташқари, поликлиниканинг ичимлик суви муаммоси ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилиб, туман “Сувоқова” ташкилоти томонидан яқин ҳудуддаги сув манбасидан тортиб бериладиган бўлди.

Лавҳа давомида поликлиника мудираси З.Шодиева оилавий поликлиника куз-қиш мавсумига тайёр эмаслиги, иситиш тизимлари яхши ишламаслиги, ушбу муассаса аслида кўмир ёқилғиси билан эмас, табиий газ орқали иситишга мўлжалланганини билдирган.

Ўрганишлар давомида шу нарса маълум бўлдики, 2017-2018 йилларда олиб борилган қурилиш-монтаж ишлари давомида поликлиниканинг иссиқлик тизими ҳамда иссиқлик қозонлари тўлиқ янгиланган ва бу тизим қаттиқ ёқилғи (кўмир ва брикет) билан иситишга мўлжалланган. 2019-2020 йил куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 16-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасига 5 тонна кўмир, 20 тонна брикет, жами 25 тонна ёқилғи етказиб берилган. Аслида эса, бу ҳолатга поликлиника мудираси З.Шодиеванинг мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланмасдан, беморлар саломатлигини ўйламаган ҳолда, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ходимларининг хизмат вазифасига нисбатан совуққонлик билан муносабатда бўлишига шароит яратиб берганлиги сабаб бўлган.


Бундан ташқари, журналистларнинг поликлиникани ўрганишлари давомида улар билан бирга ташриф буюрган туман мутасадди ташкилот раҳбарларининг, мавжуд ҳолатни батафсил ўрганмасдан, “подадан олдин чанг чиқариш” қабилида иш тутганликлари, ачинарли ҳолдир!

Шунингдек, Ишчи гуруҳ томонидан 4-секторга қарашли бўлган Туркман ҚФЙ ҳудудидаги 19- ва 21-умумтаълим мактабларининг мавжуд ҳолати батафсил ўрганилиб, Ишчи гуруҳ томонидан якуний хулоса тайёрланди ва туман ҳокимига тақдим этилди.

Ишчи гуруҳ хулосаси ва ўрганишлар натижасига кўра, 2020 йилнинг 20 январь куни Зомин тумани ҳокимининг 01-28-сонли Баёни қабул қилинди ва йиғилиш қарорига кўра, маҳаллий бюджет ҳисобидан:

19-сонли мактабнинг ташқи кўриниши ва синф хоналари, иссиқлик тизими тўлиқ таъмирланиб, 8 дона иссиқлик қозони алмаштирилиши, 66 дона "akfa" дераза ромлари ва 12 дона эшик ўрнатилиши, куз-қиш мавсумида кўмир ёқилғиси сақлаш учун 30 кв.м. ҳажмдаги омборхона қирилиши, электр тармоғи билан таъминлаш тизимининг янгисига алмаштирилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, ушбу баёнга асосан:

21-сонли умумтаълим мактабининг иссиқлик тизими тўлиқ таъмирланиб, 4 дона иссиқлик қозони алмаштирилиши, кириш йўлаги ва ҳовлиси учун 400 кв.м ҳажмдаги жойга шағал ётқизилиши, мактаб атрофини темир панжара билан ўралиши, 36 дона akfa дераза ромлари ва 12 дона эшик ўрнатилиши ҳамда мактаб ҳудудидаги ҳашар йўли билан қурилган 3 хонали 90 кв.м. ҳажмдаги бинони ўқувчиларнинг спорт тўгаракларидан фойдаланиши учун таъмирлашни амалга ошириш белгиланди.