Пахтакорда ички ишлар ходимга пора бермоқчи бўлган фуқаро ушланди

Пахтакорда ички ишлар ходимга пора бермоқчи бўлган фуқаро ушланди

Пахтакор туманида хизмат фаолиятини олиб бораётган ички ишлар ходимига пора бермоқчи бўлган фуқаро ушланди.

Маълум бўлишича, туман ҳудудидан ўтган “Тошкент-Термиз” М-39 йўлидан Қашқадарё вилояти, Китоб туманида истиқомат қилувчи фуқаро белгиланган тезликдан оширган ҳолатда автоуловини бошқариб кетаётиб тезликни аниқлувчи мосламага тушган. Хизмат вазифасини олиб бораётган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ҳайдовчига тўхташ ишорасини билдиради. Бироқ автомашина бошқарувчиси ҳаракатни давом эттирган.

Ҳайдовчи Шароф Рашидов тумани, Қўшбармоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилган. Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилаётган вақтда автомашина бошқарувчиси автомашинани жарима майдонига қўймаслик ва маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 250 минг сўм пулни ички ишлар ходимига таклиф қилади.

Мазкур иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими туман прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Натижада ҳайдовчи ички ишлар ходимига 180 минг сўм пулларни пора сифатида бераётган вақтда ушланди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлар давом этмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати