"JIZZAX ORGANIC" биринчи миллий чорвачилик кластери

"JIZZAX ORGANIC" биринчи миллий чорвачилик кластери

Мамлакат қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи — чорвачиликни саноат асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Амалгаоширилаётган ислоҳотлар аҳолининг арзон гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондиришнинг муҳим омили бўлиши, шубҳасиз. Чорвадорлар олдида турган муҳим вазифанинг уддаланиши соҳанинг долзарб муаммоси ҳисобланган узлуксиз озуқа-ем таъминотини йўлга қўйиш, наслчиликкаалоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Бу борада вилоятимизда ҳам тизимли тадбирлар амалга оширилаяпти.

Амалга оширилаётган қатор инвестиция лойиҳаларининг асоси вилоятда гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ана шундайистиқболлилойиҳалардан бири — бу "Jizzax organiс" гўшт-сут йўналишидаги замонавий агросаноат кластерининг ташкил этилганлигидир.

ЧЎЛ БАҒРИДА ЙИРИК МАЖМУА

Даштободнинг қуйи қисмидаги кенг ялангликда яқингача Зомин туманига қарашли "Янги ҳаёт", "Чилонзор", "Гулистон", А.Тоиров номли, Зарбдор тумани тасарруфидаги "Ғалаба", "Наврўз", "Намуна", "Оқар", "Ўзбекистон", "Истиқбол" каби бир неча хўжаликлар жойлашган бўлиб, асосан пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланар эди. Кейинги йилларда бу хўжаликларнинг бирортаси пахта ёки ғалла бўйича белгиланган шартномани бажарганини эслаш мушкул. Чунки бу ҳудудга оби-ҳаёт етакловчи ирригация тизимлари қаровсизликдан ишдан чиқиб, майдонларнинг мелиоратив ҳолати бузилган эди. Шунинг учун ҳам ҳосилдорлик йилдан-йилга пасайиб бораётганди.

Юзага келган муаммони бартараф этишнинг бирдан-бир йўли қишлоқ хўжалигига хорижий инвестицияни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий этишга кенг йўл очишни тақозо этаётганди. Шунинг учун ҳам худди ана шу ҳудуддаги 10 минг 775 гектар ернинг 8 минг 964 гектари суғориладиган майдонлар бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 июлдаги "Жиззах вилоятида гўшт-сут маҳсулотларини етиштириш йўналишидаги агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 619-сонли Қарорига асосан масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Jizzax organiс" чет эл корхонасига берилди. Корхонага Зомин туманида сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, Зарбдор туманида эса гўшт маҳсулотлариишлаб чиқаришга мўлжалланган наслли чорвачилик агрокластерини ташкил этишвазифаси топширилди.

— Ишни чорвачилик мажмуасини бунёд этишдан бошладик, — дейди "Jizzax organiс" чет эл корхонаси бош директори Ҳикматилла Каримов. — Мажмуанинг умумий майдони 57 гектарни ташкил этади. 3 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексида қурилиш ишлари жадаллик билан бораяпти. Қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа қиймати 34 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Сингапурнинг "Enter Engineering Pte.Ltd" компанияси бунёдкорлик ишларини олиб бораяпти. Қурилишга340 нафаришчи ва инженер-техник ходимлар,59 та замонавий техника жалб этилган.

Лойиҳага асосан чорвачилик мажмуаси замонавий технологиялар асосида жиҳозланади. Бунёд этилаётган 4 та молхонада 2 минг бош "Голштин" ва "Жерси" зотли серсут сигирлар парваришланади. Ҳозир уларнинг биринчиси қуриб битказилди. Молхона Европа технологияси асосида ишловчиасбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Сигирларни соғиш, суғориш, озиқлантириш, молхонани тозалаш каби бир неча жараёнлар автоматик равишда амалга оширилади. Моллар учун алоҳида сайр майдончалари мавжуд. Чунки сигирлар қанча кўп юриб, ҳаракатланса, улардан олинадиган маҳсулот миқдори ошади. Энг муҳими ҳар бир молхонамахсус совутиш, вентиляция ва ёмғирлатиб чўмилтириш тизимига эга.

— Корхонамизда барча ишлар илғор технологияларнинг энг сўнгги ютуқлари асосида ташкил этилади, — дейди бош директор Ҳикматилла Каримов. — Бу, шубҳасиз, гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилади. Ўтган йили АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Америка, Австралия ва бир қатор ривожланган мамлакатларда парваришланаётган 566 бош "Aberdin-Angus" зотли ғунажинлар келтирилганди. Айни пайтда ғунажинларимиз бузоқлай бошлади. Ҳозиргача 140 бош зотдор бузоқ олдик. Июнь ойининг биринчи ярмига бориб, барча ғунажинлар бузоқлайди. Шу ўринда"Aberdin-Angus" зотли моллар гўшти ингичка пайли, майин, ўзига хос мармарликка эгалиги билан жаҳон бозорида юқори баҳоланишини таъкидламоқчиман.

СИГИРНИНГ СУТИ ТИЛИДА

Ота-боболаримиз бу иборани бежиз айтмаганлар. Азал-азалдан мўл-кўл озуқабилан таъминланган чорва молларидан кўзланган маҳсулот олинган. Озуқа базасини мустаҳкамламай туриб бирор натижага эришиш мушкул эканлигини корхона жамоаси яхши билади. Шунинг учун ҳамбу ишга жиддий эътибор бераётир. Ўтган йили мавжуд майдонларнинг 220 гектарига беда экилган эди. Айни вақтда бедазорларда биринчи ўрим жадал бораётир. Ўримда "CLAAS" русумли серунум техника кучидан самарали фойдаланилаяпти.

— Бир неча йиллардан бери техника билан тиллашаман, — дейди "CLAAS" трактор ҳайдовчиси Бахтиёр Худойбердиев. — Лекин бунақанги кучли техникани, унумдор агрегатни энди кўраяпман. Машина кабинасида ҳайдовчи учун барча қулайликлар мавжуд.Тракторга тиркалган агрегат бир йўла 10 метр кенгликдаги бедани ўра олади. Ўриб олинган озуқани 3 қатор қилиб ғарамлаб кетади. Буни йиғиб олиш ҳам, преслаш ҳам, ташиб кетиш ҳам жуда қулай. Қўл меҳнатига ҳожат қолмайди.

Ўриб-йиғиб олинган озуқа махсус агрегатлар ёрдамида пресланиб, жойларга жўнатилмоқда.Бу йил баҳорда корхона бедазорлари 780 гектарга кенгайтирилиб, умумий майдони 1000 гектарга етказилди.

 — Мўл ва сифатли озуқа етиштириш кўзланган марраларнинг эгалланишига хизмат қилади, — дейди бош агроном Мумтоз Ортиқов. — Ана шу мақсадда 900 гектар ерга ғалла, 2000 гектар майдонга дон учун маккажўхори, 100 гектар ерга сорго яъни судан ўти экканмиз. Ғалла ўриш комбайнларимиз янги. Мавсумга шай турибди. Ўрим-йиғимни қисқа фурсатларда ўтказиб, ғалла майдонларига такрорий экин сифатида озуқа учун маккажўхори экишни режалаштирганмиз. Бу йил 1000 тонна макка дони, 2 минг 700 тонна буғдой дон, 20 минг тонна беда пичани, 5 минг тонна сомон ва бошқа озуқалар жамғариш ниятидамиз.

                                БИРИНЧИ НАВБАТИ ТАЙЁР

Чорвачилик мажмуасининг биринчи навбати шу йилнингиюнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Карантин сабаб айрим юмушлар кечикди. Лекин имкониятлардан самарали фойдаланган қурувчилар ҳозиргачамажмуада4 та ем-хашак омбори, 10 та сенаж сақлаш жойи ва озуқа тайёрлаш цехини қуриб, фойдаланишга топширишди. 2000 бош қорамолга мўлжалланган4 та молхонанинг биттаси битказилди. 3 та молхонада қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилаётир.

Қурилиш ишларининг аниқ чора-тадбирлар асосида ташкил этилганлиги суръат ва сифатни ошираётир. Мажмуа ҳудудидабетон ишлаб чиқариш узели ишлаб турибди. Бу қурилиш ишлари суръатини ошириш билан биргаликда ортиқча техника кучи, ёқилғи сарфини камайтиришимконини бермоқда. Энг муҳими маҳсулот таннархи арзонлашиб, вақтни тежаш имкони пайдо бўлаётир.

— "5 юлдузли" сут-товар фермасининг бош режасига асосан мажмуа ҳудудида молхона ва бузоқхоналар билан биргаликда 27 та хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш шохобчалари бунёд этилади, — дейди Ҳикматилла Каримов. — Бундан ташқари, инженер-техник ходимлар, ишчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий кўп қаватли турар жой бинолари, умумий овқатланиш шохобчалари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилади. Буларнинг барчаси чорвадорларнинг унумли меҳнат қилиб, мароқли ҳордиқ чиқаришларига хизмат қилади.

ЖАҲОН БОЗОРИГА ЙЎЛ

Хитойнинг "Delmor" компанияси инвестицияси асосида ташкил этилган "Jizzax organiс"агросаноат кластери йилига 24 минг тонна жаҳон стандартига мос "А-2" тоифали сут, 1 минг 500 тонна гўшт етиштириш қувватига эга бўлади.

Агросаноат кластерини ташкил этиш нафақат гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришни, балки республикамизда наслли чорва моллари кўпайтириш имконини яратади. Ушбу лойиҳанинг мақсади ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган сифатли гўшт-сут маҳсулотлари ҳажмини режалиоширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

— Лойиҳанинг ҳар бир банди аниқ режа асосида амалга оширилаяпти, — дейди бош директор. — Ўтган 2019 йилда 15 миллион АҚШ долларига тенг ишлар амалга оширилди. — Ажратилган маблағнинг 4,8 миллиони қурилиш ишларига, 4,8 миллиони махсус техникалар харидига, 1,7 миллиони чорва моллари сотиб олишга, 2,6 миллиони асбоб-ускуналар харидига йўналтирилди. 1,5 миллион доллардан айланма маблағ сифатида фойдаландик.

Бу йил жамоа аъзолари лойиҳада белгиланган маблағнинг 65 миллион долларини ўзлаштиришлари керак. Ажратилган маблағ чорва моллари туёқ сонини кўпайтиришга, қурилиш ишларини давом эттиришга, қўшимча техникалар, асбоб-ускуналар харидига йўналтирилади. 2020 йил давомида йирик шохли қорамоллар бош сони 6 минг 900 бошга етказилади. Гўшт учун боқиладиган5000 бош қорамоллар парваришланадиган молхона қурилади. 2000 бош соғин сигирга мўлжалланган сут-товар фермаси қурилиши якунига етказилади.

Корхонага ҳар бири 120 килограмгача гўшт қиладиган "Дорпер" зотли қўйлар келтирилади. Шу мақсадда 2100 бош совлиқ, 3000 бош қўчқорлар парваришланадиган қўйхона қурилади. Ходимлар учун 32 хонадонли турар жой мажмуаси бунёд этилади. Замонавий технологиялар асосида иш юритиш,чорвачиликда эришилган жаҳон тажрибасини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш зотдор молларга, бозорда эса юқори сифатли маҳсулотга эга бўлиш имконини беради. Чорвадорлар мамлакатимиз аҳолисига экологик тоза маҳсулотлар етказиб беришни мақсад қилиб қўйганлар.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларнинг доимий бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Корхона маъмурияти ҳам бу хайрли ишга ҳисса қўшиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланаяпти. Ҳозирга қадар 300 та янги иш ўрни яратилди. Йил охирига қадар яна 100 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Яқин келажакда эса доимий иш билан банд бўлган ходимлар сони 1000 нафарга етказилиши кўзда тутилган.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Агросаноат кластери 2021 йилда 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағини ўзлаштириши белгилаган. Шунда умумий инвестиция қиймати 150 миллион долларга етади. Гўшт учун боқилаётган зотдор қорамоллар сони 12 минг бошни ташкил этади. 3600 гектар ердаги озуқа экинлари ёмғирлатиб, 300 гектар экинзорлар томчилатиб суғорилади. Чорвадорлар учун 64 хонадонли уй қурилади.

Корхонанинг селекция-генетика марказида энг замонавийрепродукция технологиялари жорий этилган. Бунингучунмалакали мутахассислар, етарли жиҳозлар мавжуд. Шу йўл билан йирик шохли қорамоллар сони кескин оширилади. Маҳаллий чорва моллари зот жиҳатидан яхшиланиб боради.

Бекпўлат ТОҒАЕВ