» » Фориш туманининг «Тузкон» кўли яқинидаги АЭС қурилиши учун танланган ҳудудда медиа-тур ўтказилди

Фориш туманининг «Тузкон» кўли яқинидаги АЭС қурилиши учун танланган ҳудудда медиа-тур ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, «Ўзатом» ва «Росатом» агентликлари ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорликда Фориш туманининг «Тузкон» кўли яқинидаги АЭС қурилиши учун  танланган мақбул ҳудудга медиа-тур ва Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш истиқболларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон экологик партияси ва экоҳаракат вакиллари, республикамиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, «Ўзатом» ва «Росатом» агентликлари мутахассислари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Иштирокчилар дастлаб «Тузкон» кўли яқинида АЭС қуриладиган майдон ва бу ерда амалга оширилаётган иккинчи босқич тадқиқот ишлари билан танишдилар.

Шундан сўнг 18-сонли мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш истиқболларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, Ўзбекистон экологик ҳаракати партияси ва вилоят, туман ҳокимлиги вакиллари, туманимиздаги корхона, ташкилот, муассасалари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда аҳоли иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Борий Алихонов, «Ўзатом» ва «Росатом» агентликлари вакиллари сўзга чиқиб, атом электр станциясининг мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, узлуксиз энергия билан таъминлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Мутахассислар томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда дунёда атом энергетикаси энг оммалашган электр энергияси манбаларидан бири бўлиб келмоқда.

Дунёнинг 30 та мамлакатида 451 нафар атом электр станция (АЭС) энергоблоклари фаолият юритиб келмоқда.

Айтиш жоизки, фойдаланишдаги энергоблоклар сони бўйича АҚШ (99 та), Франция (58) та, Хитой (46 та), Япония (42 та), Россия (37 та), Жанубий Корея (24 та), Ҳиндистон (22 та), Канада (19 та), Украина (15 та), Буюк Британия (15 та) каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари етакчилик қилиб келмоқда.

Фойдаланишдаги АЭСлар дунёда умумий ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 11 фоизини ташкил қилади.

Юқоридагилардан яққол кўриниб турибдики, атом энергетикаси унга эга мамлакатларнинг иқтисодиётини ўсишига, ялпи ички маҳсулотини ошишига, иқтисодий-ижтимоий тармоқни барқарор экологик тоза электр энегияси билан таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Таъкидлангандиек, Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи йилига 69 млрд. кВт.с ни ташкил этмоқда. Лекин мавжуд иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станциялари энг кўпи билан 64 млрд. кВт.с электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

Боз устига экспертларнинг тахминига кўра 2030 йилга бориб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2 бараварга ошиб, талаб 117 млрд. кВт.с ни ташкил этиши кутилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, агар янги генерация манбалари фойдаланишга киритилмаса, мавжуд дефицит 2030 йилга бориб 48 млрд. кВт.с ни ташкил этиши мумкин.

Шу нуқати назардан олиб қараганда Ўзбекистонда дастлабки АЭС ни барпо этиш истиқболли лойиҳалардан саналади. Республикада ҳар бирининг қуввати 1,2 ГВт дан бўлган 2 та энергоблоклардан иборат «Қ3» авлодли атом электр станциясини қуриш ва фойдаланиш белгиланди. Аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлашда АЭС муҳим аҳамият касб этади.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив