Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ўтказилди

Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ўтказилди

2020 йилнинг 23 июн куни BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Туркия-Ўзбекистон Ишбилармонлар Кенгашининг "Коронавирус эпидемияси оқибатлари, ҳар икки мамлакатда пандемиядан кейинги даврни нормаллаштириш жараёни ва баҳолаш" мавзуидаги навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда Туркия-Ўзбекистон Ишбилармонлар Кенгаши ҳамраиси-Иззет Екмекчибаши ва Адҳам Икрамов, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мехмет Сурейя, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Агзамходжаев кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланганини таъкидлашди: Икки мамлакат Давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тайиб Эрдўған 7 маротаба учрашишди, 2017 йилда алоқалар стратегик шериклик даражасига етди ва 2018 йилда олий даражадаги стратегик ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркия Кенгаши тузилди. 2019 йилда Ўзбекистон туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлди.

Икки мамлакат бозорларида талаб катта бўлган маҳсулотларнинг ўзаро савдосини кенгайтириш ва диверсификациялашнинг ривожланиши учун мамлакатдаги қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити ёрдам берди. 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 млрд. доллардан ошган бўлиб, яқин йилларда бу кўрсаткич 5 млрд. долларга етказилиши режалаштирилган.

Ҳозирда, бир қатор қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, 1600 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда ва республикаларнинг йирик иқтисодий марказлари ўртасида транспорт коммуникациялари ривожланмоқда. Тўқимачилик, мева-сабзавот саноати, тиббиёт ва таълим ва туризм соҳаларида Туркия тажрибаси фаол равишда жорий этилмоқда.

Томонлар, шунингдек, COVID-19 оқибатларини биргаликда бартараф этиш нуқтаи назаридан икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган муаммоли жиҳатларни муҳокама қилдилар.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Агзамходжаев COVID -19 пайтида кўрсатган ёрдами, шунингдек Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги табиий офатларни бартараф этишдаги кўмаклари учун Туркиялик дўстларга миннатдорчилик билдирди.