» » Жиззахликларнинг Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясида малака ошириш масаласи муҳокама қилинди

Жиззахликларнинг Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясида малака ошириш масаласи муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 10 июль куни Россия Федерациясининг Владимир вилояти Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси директори Картухин Вячеслав Юриевич Жиззах вилояти ҳокимлигига ташриф буюрди.

Меҳмонларни вилоят ҳокими Эргаш Салиев, ЖДПИ ҳамда Жиззах политехника институтлари ректорлари кутиб олдилар. Учрашувда Владимир вилояти билан яқин истиқболда амалга ошириш мумкин бўлган масалалар ва олий таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш хақида сўз борди.

(Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Халқ Хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси (РАНХиГС) Россия Федерацияси Президенти томонидан 2010 йил 20 сентябрда таъсис этилган. РАНХиГС – ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар йўналишдаги Россиянинг энг йирик университети бўлиб, бутун миллий рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган. Россия Федерацияси Президентининг 07.07.2011 йилдаги 902-сонли қарори билан Академия ўз таълим стандартлари ва олий ўқув юртлари учун профессионал таълим дастурларини мустақил белгилаш хуқуқига эга.)

Жаноб Картухин томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти ва Россия Федерациясининг Владимир вилояти билан кўп тармоқли соҳаларда фаолиятни йўлга қўйиш бўйича ўзаро алоқаларни ўрнатиш истаги билдирилди. Жумладан олий таълим, медицина, ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларига Россияликлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётганлиги маълум қилинди.

Асосий бошланғич муносабатлар ўлароқ таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига урғу берилди. Хусусан яқин келажакда Жиззах вилояти ва Владимир вилояти университетлари ўртасида алоқаларни ўрнатишни кўзда тутувчи учрашувларни ташкил қилиш бўйича ва Россия Федерациясида Жиззах вилоятидаги Олий таълим вакилларини малака оширишини йўлга қўйиш имкониятлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.Шунингдек, жаноб Картухин томонидан Владимир вилояти ишбилармонларини ва сармоячи ташкилотларини Ўзбекистонга хусусан Жиззах вилоятига таклиф қилиш имконияти ҳақида айтиб ўтилди.

Учрашув сўнгида Жиззах вилояти ҳокими томонидан барча соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш истаги маъқулланди ва бу борада тегишли амалий ишлар бошланиши ҳақида маълумот берилди.

Икки томон вакиллари ҳам алоқаларни минтақавий даражада мустаҳкамлаб боришга келишиб олдилар.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив