» » Фориш туманидаги 4 та сектор раҳбарлари жойларда сайёр қабуллар ташкил этмоқда

Фориш туманидаги 4 та сектор раҳбарлари жойларда сайёр қабуллар ташкил этмоқда

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан Фориш туманидаги 4 та сектор раҳбарлари жойларда сайёр қабуллар ташкил қилиб, фуқароларнинг ҳамда юридик шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир мурожаатларини ўрганишяпти ва қонуний ҳал этишяпти.

Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Абдивали Мустанов сектор ҳудудидаги «Ўхум» ҳамда «Дўстлик» маҳалласи аҳолиси билан мулоқот ўтказди. Ташкил этилган мулоқотда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тумандаги бир қатор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Сайёр қабулда йўлларни таъмирлаш, уй-жой қурилиши учун ер ажратиш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолини электр энергияси билан таъминлайдиган тармоқларни тартибга келтириш, деҳқон хўжаликлари ташкил этишдаги камчиликларни бартараф этиш, аҳолини ун маҳсулотлари билан таъминлаш хусусида сўз юритилди.

– Қишлоғимизга тортилган электр тармоқлари анча эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган, – дейди «Ўхум» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Ширинбой Нуров. – Шамол ва ёғингарчиликлар натижасида электр тармоқлари бир-бирига тегиб узилиб, икки-уч кунлаб электр энергияси таъминотидан махрум бўлиб қоляпмиз. Бундан ташқари қишлоғимиз аҳолисини ун маҳсулотлари билан таъминлашда ҳам узулишлар юз беряпти. Оқибатда, қишлоқ аҳолиси харажат тортиб, туман марказига бориб ун олиб келишга мажбур бўлишяпти.

Шунингдек, мулоқот давомида Мавлон Муртазоев деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун туман кадстр бўлимида муаммо бўлаётган бўлса, Комил Машрабов ўрмон хўжалиги ҳудудидан аҳоли томорқасини суғориш учун сув олишда кўмаклашиш хусусида сўз юритдилар.

Мулоқот жараёнида маҳаллада хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни йўлга қўйиш, қишлоқда тикув цехи очиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам берилди. Сайёр қабул баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Аҳамиятлиси, мавжуд муаммоларнинг жойида ўз ечимини топгани барча учун бирдек манфаатли бўлди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш