» » Жиззах шаҳрининг Чуқурсой кўчасидаги "чуқурлашиб" кетган муаммолар

Жиззах шаҳрининг Чуқурсой кўчасидаги "чуқурлашиб" кетган муаммолар

Жиззах шаҳрининг Бунёдкор маҳалласининг Чуқурсой кўчасида истиқомат қилувчи Роҳатой Раҳимова имзоси билан шикоят хати олинди.

Хатда 2015 йилдан бери  юқорида кўрсатилган манзилда яшаётган  фуқаро хонадони электр энегияси билан таъминламаганидан азият чекаётганлиги, бу тўғрида  Ўзбекистон Республикаси  Президентининг  Жиззах вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат  қилса ҳамки, бирор  натижага эришилмаганлиги  баён этган эди.

—3842 нафар аҳолиси бўлган маҳалламизда  электр, сув, табиий газ таъминотидан нолийдиган жойимиз йўқ,—дейди  фуқаролар йиғини раиси  Ўктам Абдусолихов. —Бироқ Чуқурсой кўчасининг бир қисмига ҳали электр, ичимлик суви, табиий газ етиб бормаганлиги бор ҳақиқат. Чунки,  кўчадаги бир қатор шахсий уй-жойларда қурилиш ишлари давом этаётир. Уйи битиб кўчиб чиққан фуқаролар электр, ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланмаганлигидан азият чекмоқда.

Фуқаро Роҳатой Раҳимованинг Халқ қабулхонасига  қилган мурожаати ўрганиш ва юзага келган муаммони бартараф этиш мақсадида “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятига юборилди.

Корхона мутасаддилари муаммони бартараф этишнинг энг осон йўлидан яъни отангга бор қабилида иш тутиб, ундан осонгина қутилишди. Бош директори Б.Ибрагимов имзоси билан фуқаро Р.Раҳимова ва Халқ қабулхонаси мудирига юборилган жавоб хатида “Якка тартибдаги уй-жойлар, коммуникация тизими, электр тармоқлари қурилиши маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади, дея хат йўллаб қўяқолишди.

Уч йилдан бери қўшниларнинг деворларидан хавфсизлик қоидаларига мутлақо зид равишда фақат хона ичида фойдаланиш мумкин бўлган электр сими орқали тармоққа уланган Роҳатой Раҳимова энди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг сессиясида ўзи яшаётган Чуқурсой кўчасини электрлаштириш масаласини кўтариши керакми?

Маҳалла фаоли Темур Тўхтаев айтмоқчи Бунёдкордаги кўпгина кўчаларга  ҳашар йўли билан аҳолининг маблағлари эвазига электр тармоғи тортилгач,  корхона уни қўл учида секингина ўз ҳисобига ўтказиб олган экан.  

Шунинг учун ҳам “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти мутасаддилари Роҳатой Раҳимовага қўни-қўшнилар билан биргалашиб электр  устунлари, сим ва бошқа жиҳозлар сотиб олиб, электр тармоғи тортиб олишни тавсия қилгандир...

Шуни ҳам айтиш керакки, биз “Чуқурсой” дея атаётган кўчанинг ҳеч ҳам кўча сиёҳи йўқ. Бу кўчада яшаётган Роҳатой Раҳимова сингари аҳоли, айниқса болалар ёзда уйдим-чуқур, чиқиндига тўла, янтоқ, шўра ва бошқа бегона ўт босган, қишда эса лойда юра олмай азият чекаётганлигини кўриб турган “катталар”га қилинаётган  мурожаатлар қачонгача эътиборсиз қолади?

Президентимиз “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деб турган бир пайтда  “Отангга бор, онагга бор” қабилида иш тутишнинг кимга кераги бор?  

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш