» » "Чойхонада ўлаётган келажак"

"Чойхонада ўлаётган келажак"

Жиззахимизга келган меҳмонни чойхонага олиб бориб, у ердаги турли хил таомларнинг мазалигини ва арзонлигини мақташ айнан бизга хос удум десам, адашмаган бўламан.

Ишонинг, чойхоналар бизнинг маданиятимизга шунчалик сингиб кетганки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмай қолди. Жиззах сомсаси, жиззах оши, жиззах жизи каби таомлар билан ҳар бир жиззахлик умрида ҳеч бўлмаса бир марта мақтанган бўлса керак.

Жиззахликлар учун “дам олиш маскани” деган тушунча айнан чойхонага аталган, бу факт. Ишонмасангиз, шаҳримиздаги ҳар бир қадамда топиладиган чойхоналарнинг бирига назар солингда, кейин паркларга, музейларга, кутубхоналарга бориб кўринг.

Кечга бориб, бу чойхоналарнинг ҳар бири хўррандалар билан тўлиб кетади ва авто тураргоҳларда мошинангизни қўйиш учун жой ҳам топа олмайсиз.

Нега айнан суҳбатимни чойхоналардан бошладим биласизми? Чунки, айнан шу жойларда ўтириб, биз оиламиздаги етишиб келаётган фарзандларимиздан узоқлашиб қолаяпмиз, деб ҳисоблайман.

Албатта, бу гаплар ҳамма учун эмас! Оиласини, ўзининг соғлиғини ўйлайдиганлар =ам талайгина топилади.

Жўралар билан ўтирволиб, "яримта" ни "отволиб" катта-катта гаплардан гапириб, чойхонага яхшигина тўловни қиламиз, лекин фарзандимиз ўқиши учун пулни қизғонамиз.

Ўғлимиз ёки қизимиз мактабдан кейин бирор бир машғулотга бориши керак бўлиб, бир ой учун 50-80 минг тўлов сўраса, иложи борича, арзонроқ жойга берамиз-да, ўзимиз чойхонада энг камида ҳафтасига 2 марта ўтириб, бир ҳафтада 100 минглаб сарфлаймиз.

Энди гапни индаллосига ўтсам.

ПЕДАГОГИКАДА шундай гап бор: Инсоннинг дунёқарашини ўзгартиришдек  машаққатли масала йўқ. Дунёқараш икки ҳолда ўзгариши мумкун: Биринчиси, ҳаётда хато қилинади ва инсоннинг ўзи шу ҳатолардан хулоса чиқаради. Иккинчиси, киши нотўғри йўлда эканини тушунади, китоб ўқийди, маърифат излайди. Учунчи ҳолат йўқ! Бу сўзларим билан сизнинг дунёқарашингизни ўзгартириш фақатгина ўзингизнинг қўлингизда эканлигини такидламоқчиман ҳолос. Бу гапларим билан сизга шаҳримиздаги чойхоналарни мақтамоқчи эмасман, танқид ҳам қилмоқчи эмасман.

Асосий мақсадим огоҳлантириш ва чойхоналардан озгина бўлсада чекиниб, оиламиз, ватанимиз ва Жиззахимиз учун етиштираётган фарзандларимизга кўпроқ эътибор берсак, демоқчиман.

Келинг, Жиззахимиздаги баъзи бир соҳаларнинг ҳолатига бир назар солиб қўямиз. Ҳар бир соҳада камчилик борми ёки йўқ? Масалан, барчамиз учун муҳим бўлган медицина тармоғига эътиборимизни қаратайлик.

Вилоятимиздаги тиббиёт соҳаси кўрсатилаётган хизматларни юқори деб айта олмаймиз. Юқорида ёзганларимнинг ҳақиқатга яқинлигини деярли кўпчилигимиз тасдиқлаймиз.

Биздан олдинги авлод ҳам асосий вақтини айнан чойхонада ўтириб ўтказмадими? Мен уларни айбламоқчи эмасман. Сабаби, бизнинг кўпчилигимиз ҳам шу хатога йўл қўймоқдамиз.

Айнан уларнинг эътиборсизлиги туфайли ҳозирги кунда воҳамизнинг деярли барча соҳаларида камчиликлар мавжуд. Айнан шунинг учун ҳам ўзимизда малакали докторларни топа олмай, Тошкент ёки Самарқандга фарзандларимизни шифокор кўригига олиб боряпмиз. Айнан шунинг учун ҳам турли давлат ташкилотларида ярим вароқ ҳужжат учун кун бўйи “тентираб” юрамиз.

Кейинги 27 йил ичида Жиззахдан етишиб чиққан малакали кадрлар катта шаҳарларда қолишмоқда. Улар юртларига қайтишни исташмайди, сабаби ўша - юқоридаги ҳолатлар. Бозорларимиз ва йўлларимизда сотувчилар, қассоблар, ошпазлар, “пайнетчилар”, пояфзал усталари, ҳайдовчиларни хоҳлаганча топишимиз мумкин.

Тўғрида, кейинг 27 йил ичида биз ошқозонга зўр бериб келажагимизга эътиборсиз бўлиб қолдик. Зеро ҳадиси шарифларда айтилганидек: “Тўлдириш керак бўлган энг ёмон қозон бу қориндур”.

Биз эса ҳар доим қориннинг ғамидамиз!  “Институтда ўқиш пуллик, контракт қиммат, йўл ҳаражатингни қаердан ҳам топиб бераман”, деган важлар билан илмли фарзандларимизни “синдириб” қўйдик. Уларга илм бериш ўрнига ҳунар эгаллаттирдик.

“Ўғлим, уста бўласан! … амакингга шогирд қилиб қўяман”, “Қизим, қиз болага тикувчилик ёки ҳамширалик ярашади.

Хўш, юқорида ёзганларимдан мақсад нима? Азиз ҳамюртим, келинг энди, фарзандларимиз билан ишлайлик. Уларга илм берайлик. Келган меҳмонни ҳадеб чойхонага олиб боравермасдан, уйингизга олиб бориб илмга тўла бўлган қизимиз ёки ўғлимиз билан мақтанайлик.

Чойхоналарни тўлдиравермасдан, кутубхоналарни тўлдирайлик! Жиззахимизга сотувчи, ҳайдовчи, тикувчи, “сваршик”, усталарни беравермасдан илмли бўлган лидер докторлар, ўқитувчилар, юристлар, банк ҳодимлари каби кадрларни берайлик!

Насим Садиков 

"Jizzaxliklar hamjamiyati" гуруҳи

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив