» » Жиззахдаги кўп қаватли уйларнинг лифти нима учун тез-тез ишдан чиқмоқда?

Жиззахдаги кўп қаватли уйларнинг лифти нима учун тез-тез ишдан чиқмоқда?

Яқинда “Sangzor.uz” сайтига Жиззах шаҳридаги “Зилол” МФЙдаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар томонидан шикоят тушди. Муаммони жойида ўрганиш мақсадида ушбу хонадонларда бўлдик. Мурожаатчиларнинг фиғони фалакда. Чунки ушбу кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганлигига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, турли – туман муаммолар гирдобида қолган. Хонадон вакилларининг асосий муаммоси лифтлар билан боғлиқ. Келинг бошидан бошлаймиз.

Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи ҳудудида жойлашган 15 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу уйлар эгаларига топширилганида кўпчилик арзон нархдаги кўп қаватли турар жойга эга бўлганидан хурсанд эди. Аҳир ижарама-ижара юриб чарчаган оила учун ўзининг бошпанаси бўлиши бу энг олий даражадаги орзу саналади.

Ушбу кўп қаватли уйлар қисқа фурсатда қад ростлади. Шаҳарнинг шундоққина биқинида жойлашган, яна транспорт қатнови учун қулай, бозорга ҳам яқин жойдан уйинг бўлса бу ҳақиқий омад эмасми? Жами 48 хонадонли мазкур уйларни ҳарид қилганлар яратилган қулайликлардан хурсанд бўлиб яшай бошладилар. Гўёки ҳаммаси ўз ўрнида кетаётгандай эди. Муаммолар ортда қолганига кўпчилик ишона бошлаганди гўё. Афсуски...

Ҳа, афсуски бу уйларнинг ҳам ўзига яраша муаммоси чиқа бошлади. Бошланишида электр таъминотида узилишлар бўлмас. чунки, “Жиззах текстил” МЧЖга қарашли трансформаторлардан хонадон эгалари фойдаланишар, тармоқда узилишларни тасаввур қилишнинг ўзи тасаввурга сиғмасди. Орадан кўп ҳам ўтмай шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан янги трасформатор линияси тортилиб, барча хонадонлар ушбу тармоққа улаб чиқилди. Ҳамма муаммо шундан кейин бошланди.

Биласиз, юқори қаватларга чиқиш учун ёшу-кекса бирдек лифтлардан фойдаланади. Чунки тепага мунтазам равишда пиёда чиқиб-тушиш осон эмас. Шу вақтда лифтдан юқорига қаватга кўтарилаётганингизда электр таъминотида узилиш бўлса, томошанинг қизиғини ундан сўнг кўраверинг.

Кўпчиликда лифтда қамалиб қолиш фобияси (қўрқув) мавжуд. Гўёки ҳаво етишмаётгандай туюлаверади. Камига лифт шахтасига мобиль алоқа сигналлари камдан - кам ҳолларда уланади (нет сигнал). Лифтда ярим соатга қамалиб қолган одам шунда нима қилиши мумкин? Сигнализацияни босиб, қўни-қўшниларни ёрдамга чақиради дейсизми? Майли ўрнатилган сигнализация овози баланд бўлса яхши, паст бўлиб, аксига уни ҳеч ким эшитмаса нима бўлади? Яна ярим тунда!

Катта ёшли одам вакуум билан ёпилган лифт эшикларини куч билан очиб чиқиши мумкин. Хўш унинг ўрнида ёш болалар бўлса нима қила олади? Масаланинг мана шу томонини ўйлаб кўрдингизми? Ота-она фарзандини лифтдан чиқариб олиши учун ташқи тарафдан лифт эшикларини бузиб очади. Яп-янги лифт эса таъмирталаб кўринишга келади.

- Ушбу масала юзасидан сектор раҳбарлар томонидан ташкил этилган сайёр қабулларда бир неча маротаба мурожаат қилдик, - дейди ушбу уйларда яшовчи фуқаролардан бири. - Шаҳар ҳокимлиги ва масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳозирча масала ўз ечимини топгани йўқ.

8 кун аввал шаҳар ҳокими Акбар Шукуров келиб фуқаролар билан учрашди. Учрашувдан сўнг лифтлар бутунлай ўчирилди. Аҳоли эса бунинг сабабини била олмаяпти. Норозилик эса кундан-кун авжига чиқиб бормоқда. Аҳир бузуқ бўлса ҳам лифтлар ишлаб турганди-да. Энди унинг хизматидан ҳеч ким фойдалана олмаяпти.

Мазкур кўп қаватли уйларда электр таъминотидаги узилишлар шундай муаммоларни келтириб чиқараётган экан унинг ечими сифатида фақат лифтлар учун вақтинчалик муддатга ишловчи (движок) муқобил электр таъминотини жорий этиш ёки умуман узилишлар бўлмаслигини таъминлаш керак. Шундагина ушбу уйларнинг мулки ҳисобланган лифтлар ҳам кўп йиллар аҳолига хизмат қилишига эришиш мумкин.

Янги уйлар олдида ўрнатилган болалар майдончасидаги ҳолатлар, канализация тизимининг носозлиги, ичимлик суви насосларининг куйиши каби масалалар ҳам борки, уларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Улар ҳақида эса кейинги мақолаларда таништириб ўтамиз.

Лифтлар билан боғлиқ муаммо тез орада ечимини топишига ишонамиз. Бу мақолага масъулларнинг муносабатини кутамиз.

Ҳакимжон Фозилов

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш