Орзулар бекати бу - ДХМ

Орзулар бекати  бу - ДХМ

Янги уйга эга бўлиш, уни янги жиҳозлар билан тўлдириш ҳар бир инсонга ёқади. Уйнинг ҳар бир жиҳатлари, кичик деб ўйлайдиган предметларигача яхшилаб ўйлаймиз. Нима бўлганда ҳам у бизнинг шахсий мулкимиз ҳисобланади-да.

Битта жамоа, битта оила бўлиб фаолият олиб борадиган Давлат хизматлари марказининг янги бинолари айни вақтда жадал суръатларда қуриб фойдаланишга топширилмоқда.

Илк марказ Мирзачўл туманида барпо этилган бўлса иккинчиси мустақиллик байрами арафасида Дўстлик туманида очиб фойдаланишга топширилди. Марказнинг янги биноси бошқаларидан тубдан фарқ қилади. Туман ташкилотларининг айрим бўлимлари шу марказда жойлашган ва халққа хизмат кўрсатмоқда. Адлия, ФҲДЁ, Халқ қабулхонаси, Бош Вазир ҳузуридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, саломатлик пункти, хайдовчилик гувоҳномасини бериш ва алмаштириш бўлими, “Book cafe”, кофе бар, болалар майдончаси каби бурчаклар жойлашган.

 

 

 

Замонавий дизайнга эга бўлган марказлар энг сўнгги русумдаги компьютер технологиялари билан жиҳозланган. Келиб мурожаат этувчиларнинг маданий ҳамда маънавий хордиқ олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган десак муболаға бўлмайди. Ҳа айтганча, бир жиҳат эътибордан қолиб кетди. У ҳам бўлса тўлов кассаларининг ва нақд пул ечиб олиш учун банкоматларнинг мавжудлигидир. Бир қараганда битта бинода 10 га яқин давлат ташкилотларининг бўлимлари жойлашиши муаммо билан ташриф буюрган мурожаатчиларнинг сарсон бўлиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. 

Бундай қурилиш ишлари бошқа туманларда ҳам олиб борилмоқда. Тез орада янги марказлардаги энг тезкор хизмат кўрсатиш жараёнлари Зарбдор, Зомин, Арнасой, хаттоки энг олис бўлган Янгиобод туманлари аҳолиси учун кўрстаила бошланади. Кузнинг салқин об-ҳавосига қарамасдан қурувчилар тинимсиз меҳнат қилиб, тез фурсатларда фойдаланишга топшириш учун ҳаракат қилмоқдалар.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, янги бино сизга нафақат ишингизни битириб кетишингиз учун келадиган ташкилот, балки кўнглингиз хотиржам бўлишига ҳам замин яратидаган орзулар маскани бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Ахир, фуқаролар эмас ҳужжатлар ҳаракатланади.

Адлия вазирлиги ДХА Жиззах вилояти

 бошқармаси ахборот хизмати