Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Маданият
  3. Жиззахнинг оташқалб фарзанди Ҳамид Олимжон ҳақида

Жиззахнинг оташқалб фарзанди Ҳамид Олимжон ҳақида

Cана : 14-12-2017   /   Маданият   /   кўрилди: 355

Халқимиз ўтмишида буюк инсонлар кўп бўлган. Ал-Хоразмий алжабрни яратиб дунё тамаддунига ҳисоб илмини тортиқ этган бўлса, Мирзо Улуғбек фалакиёт фанига мислсиз ҳисса қўшган. Мана, беш асрки, ҳазрат Навоий ашъорлари тилдан тушмайди.

Ундан кейин ҳам кўҳна Мовороуннаҳр заминида юзлаб, минглаб олимлар, шоиру-алломалар етишиб чиқди. Улар ҳам ўзбэк халқи тарихида ўз ўрнини эгаллади, ёрқин сиймолар сифатида хотирамизда ҳамон яшаб келмоқда. Ана шундай барҳаёт сиймолардан бири Ҳамид Олимжондир!

Ҳар гал Ҳамид Олимжон ҳақида ўйлаганимда ёки китобини қўлимга олганимда ёдимга негадир Алишер Навоий тушади. Негалигини билмасдим-у, уларнинг ижодини қайта-қайта солиштиришга ҳаракат қилардим. Энди билсам уларнинг тақдирида ўхшаш қирралар кўп экан.

Алишер Навоий ҳам Темурийлар салтанати таназзулга юз тутган мураккаб бир даврда яшаб ижод қилди. У гоҳ одил бўлса, гоҳ ўзбошимчалик билан халққа зулм етказган подшоҳ саройида яшади, ўлмас девонлар ижод этди. У бу саройни тарк этолмасди, чунки саркаш подшоҳ унинг дўсти эди.

Ҳамид Олимжон туғилиб ўсган давр ҳам кутилмаган хавфларга тўла дунё эди. Айниқса, 1917 йилда ҳокимият тепасига «Қизиллар» келганидан кейин оддий деҳқондан тортиб, олиму-адибгача – ҳар бир инсон ҳаёти қилга боғланиб қолган эди. У ҳам бу юртдан кетолмасди, чунки, бу унинг Ватани эди! Шу Ватанни то умрининг охиригача куйлаб ўтди.

Гоҳида ўзимга савол бераман "Нима учун айнан Ҳамид Олимжонни эъзозлайсан, ахир дунёда шоирлар камми?” Ва қалбимга қулоқ тутаман… У буюк инсон эди! Энг оғир пайтларда ҳам у яқинларини, оиласини фалокатлардан асраб яшади. Буюклиги яна шундаки, «миллатчи» деган тамғадан қўрқмай Алишер Навоийнинг даҳо эканлигини баралла айта олди. «Адабиёт ва халқ», «ўзбек халқининг улуғ шоири Навоий», «Навоий ва замонамиз», «ўзбек халқининг ўлмас шоири», «Мардлик, муҳаббат ва дўстлик достони», «Фарҳод ва Ширин» ҳақида» каби асарларни яратди, «Алпомиш» достонини китоб қилиб, чоп эттирди.

Бугун давримизнинг аксарият кишилари Ҳамид Олимжонни шоир сифатида билади. Лекин у аввало журналист эди. Самарқанд ва Тошкентда бир неча газета ва журналларда масъул котиб, бўлим муҳаррири, муҳаррир бўлиб ишлади.

Кейинчалик Ўзбекистон Маданий қурилиш институтида тадқиқот ишларини олиб боради, ўзбек адабиётининг тараққиёт йўллари ва йўналишлари ҳақида янги кашфиётлар қилди. Юқорида зикр этилган илмий ишлар билан бирга «Ўқиш ва ўрганиш қийинчиликлари», «Ёзувчининг савиясини кўтарайлик», «Толстой ва ўзбек халқи», «Салом, Пушкин», «Буюк санъаткор», «Жамбул ва халқ», «Тарас Шевченко» каби ўнлаб илмий тадқиқотлари шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бири олимнинг заҳматли илмий ишига баробар эди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳамид Олимжон жуда кўп ишларди, гўё умр жуда қисқа эканлигини ҳис этгандай куннинг ҳар бир соати, дақиқасини эъзозлар, эҳтиёт қиларди. Заҳматли меҳнатлари натижаси ўлароқ илмий ишлари билан баробар «Ўлим ёвга», «Пойга» (1932), «Дарё кечаси» (1936), «Чирчиқ бўйларида» (1937), «Ўлка» (1939), «Бахт» (1940) тўпламларини чоп эттиришга улгурди. «Ойгул билан Бахтиёр», «Семурғ ёки Паризод ва Бунёд» (1937), «Зайнаб ва Омон» (1938) достонларини ёзиб тугатди.

У имкон топган пайтда ижод оламига шўнғирди. Ҳамид Олимжоннинг интилиши, иқтидори ва иштиёқига ҳамма ҳавас қиларди. Шунинг учун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг иккинчи съездида Ҳамид Олимжон уюшманинг раиси (1939) этиб сайланди ва умрининг охиригача шу вазифада ишлади. Уруш йиллари унинг «Она ва ўғил» (1942), «Қўлингга қурол ол!» (1942), «Ишонч» (1943) тўпламлари нашр этилди, «Муқанна» (1943) драмаси саҳналаштирилди. Унинг илмий изланишлари ҳам бэиз кетмади, 1943 йилда у Ўзбекистон Фанлар акадэмиясига мухбир аъзоси бўлиб сайланди.

Илк шеърларини болалик даврида ёзган, ёшлик пайтида забардаст ижодкор сифатида танилган, 25 ёшида Америка, Франция газеталарида номи танилган, ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғаси бўлган, ўзбек ёзувчиларининг иродали раҳбари даражасига кўтарилган. Буюк шоир, драматург, публицист ва йирик жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ҳақида ўнлаб китоблар, юзлаб дарсликлар, минглаб мақолалар ёзилган. Айниқса, С. Азимовнинг «Ҳамид Олимжон абадияти», С.Мамажоновнинг «Шоир дунёси», Н. Каримовнинг «Ҳамид Олимжоннинг поэтик маҳорати», «Ҳамид Олимжон» монографиялари, америкалик олим – Бригхемян университети профессори Давид Монтгомерининг «Ҳамид Олимжон» тадқиқоти алоҳида аҳамият касб этади.

Профессор Д. Монтгомери Ҳамид Олимжоннинг адабий, илмий меросини 234 та алоҳида асарлар ташкил этишини таъкидлайди, улардан 148 тасини поэтик асарлар, 64 тасини адабиёт назарияси ва сиёсатига оид илмий тадқиқотлар ва 3 таси драматик асарлардир. Бу адабий меросни ўрганиш, унинг маҳорат сирларини очиш, Ҳамид Олимжон лирикасидан баҳраманд бўлиш учун замондошларимиз учун илмий, ижодий тадқиқотлар олиб бориш вақти келди. Зеро, ҳар қандай даврда ҳам ардоқлаган, қўшиқларга айланган шеърларини интиқлик билан тинглаган халқ шоир ижоди қалбларга латофат улашаётганини, гўзалликка ошно қилишда давом этаётганини яхши билади.

Ҳамид Олимжоннинг биргина «Ўзбекистон» шеърининг қадри бутун бир тўпламга тенгдир:

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,

Достонларда битган гулистон.

Ўзбекистон дэя аталур,

Уни севиб эл тилга олур.

Чиройлидир гуё ёш келин,

Икки дарё ювар кокилин.

Қорли тоғлар турар бошида,

Гул водийлар яшнар қошида.

Чор атрофга ёйганда гилам

Асло йўқдир бундайин кўклам.

Тоғлардаги қип-қизил лола

Бўлиб гуё ёқут пиёла,

Булоқлардан узатади сув,

Эл кўзидан қочади уйқу.

Ушбу сатрларни ўқир экансиз азиз Ватанимиз манамен деб кўз олдингизда намоён бўлади. Дилларга шавқу-завқ бағишлайди, тушкун кўнгилларга кўтаринкилик, умид ва юксак мақсадлар улашади. Шеърни ўқиб бўлган ҳар бир инсон қалби ўз юртини қайта кашф этади, унда бу заминни севмаслик мумкин эмас, деган ишончга йўғрилган азму қарор пайдо бўлади.

Юқорида таъкидлаганимиздай, Ҳамид Олимжон ўта мураккаб даврда яшаб, ижод қилди. Унинг айрим шеърларида, илмий асарларида ўша йиллар тузумининг нафаси сезилиб туради. Айрим «дўстларимиз» шоир ижодини таҳлил қилар экан ана шу қирраларни дастак қилиб, Ҳамид Олимжон ижоди қолиб, шахсини танқид қилишгача бориб етдилар. Энг афсусланарлиси, Ҳамид Олимжон ижоди бўйича илмий иш қилган айрим олимлар кейинчалик танқидий мақолалар ёзишгача бориб етди. Яратганга шукурки, бирикки одамнинг гапи халқ фикрини ифодаламайди.

Бир пайтлар Ботир Зокиров, Маъмуржон Узоқов каби улуғ санъаткорлар ижро этган шоир шеърлари ҳамон ёшлар ижросида юртга таралмоқда. Аслида ҳам шундай – олтин лой ичида йиллаб турсада, зангламайди. Ҳамид Олимжоннинг олтин мероси ҳам асрлар оша халқимиз қалбида қўшиқ бўлиб яшайверади.

Асад МУСТАФОЕВ

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!