СЎЗ ҚАДРИ

Ривоят қилишларича, бир куни юнон файласуфи Арастунинг олдига сергап, маҳмадона бир йигит келиб, ундан нотиқлик санъатини ўргатишини сўрабди. Арасту унга нотиқликни ўргатишини, фақат бошқаларга қараганда икки баравар кўп пул тўлашини айтибди.

Шунда йигит:

-Нима учун мен бошқалардан ортиқ пул беришим керак? – дебди.

Унга жавобан Арасту:

-Сен жуда кўп гапирганинг учун икки баравар ишлашимга тўғри келади. Сенга сўзлашни ўргатишдан аввал жим туришни ўргатишим лозим, - деган экан.

Ҳа шундай одамлар борки, улар қанчалик билимли, зиёли киши бўлмасин, кўп гапириши, жаргондан фойдаланиши, қайсарлиги билан ёқимсиз таассурот қолдиради. Улар билан бир маротаба гаплашган киши кейинги сафар имкон қадар кўришмасликка ёки гаплашмасликка ҳаракат қилади.

Жамоат транспортида ишга кетаётиб, беихтиёр икки талаба қизнинг суҳбати қулоғимга чалинди. Улар баланд овозда гапираётганлиги боис кўпчиликнинг эътиборини тортди. Қолаверса, инглиз тилида шунақанги талаффуз билан гаплашишар эдики, юзу – кўзини кўрмаган киши инглиз бўлса керак, деб ўйлаши аниқ. Қизлар ҳозиргина инглиз тилида қанчалик қойилмақом сўзлаётган бўлса, энди ўзбек адабий тилини шунчалик бузиб, ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган иборалар билан суҳбатини давом эттира бошладилар.

-Ў, Мади, довдирмисан, "3” баҳо қўйса, индемей туровирдингми, ўрамийсанми?

-Вой, амаки бўп ётипти-ю, жиннимисан?

-Э-э, қулоғига "лапша” осмийсанми?

-Овсармисан, "криша”нг кетганми? Унинг савол беровриб "мазги”ни қотирворди-ку...

Минг афсуски, бу каби суҳбатларга жуда кўп гувоҳ бўламиз. Инглиз, рус ва ўзбек тилларини аралаштириб гапирадиган ёшларнинг гоҳида қайси миллатга мансуб эканини ҳам билмай қоласан, киши. Хўш, минталитетимизга мутлақо зид, ножоиз бу ибора ва сўзлар қандай пайдо бўляпти? Балки бунга аксарият тенгдошларнинг сўнгги пайтларда китоб, газета ва журналларни ўқимай қўйгани сабаб бўлаётгандир.

Қобилиятли, иқтидорли ўғил – қизлар жуда кўп. Бироқ оддий ва самимий сўзлашув маданиятини билмайдиганлар ҳам оз эмас экан. Аммо шундай инсонлар ҳам борки уларнинг олдига такрор ва такрор боргингиз, суҳбатларидан баҳраманд бўлгингиз келади.

Турмуш тарзимизда ўзбекона муомала маданияти мавжуд. Шундай экан, беўхшов муносабатлардан қочайлик-да, чиройли муомалада бўлишни ўрганайлик. Зеро, сурати гўзал инсоннинг сийрати ҳам гўзал бўлсин.

 

Ўғилой Исмоилова

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 23 02 2018 йил
0
190

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига