Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Маданият
  3. Чингиз Айтматов: “ Гитлер ва Микатило инсон пушти камаридан бўлмаган, аксинча лабораторияларда ҳосил қилинган сохта одамлар”

Чингиз Айтматов: “ Гитлер ва Микатило инсон пушти камаридан бўлмаган, аксинча лабораторияларда ҳосил қилинган сохта одамлар”

Cана : 13-04-2018   /   Маданият   /   кўрилди: 224

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Қарор қабулқилди.

 

Қарорда алоҳида таъкидланганидек, улуғ ёзувчи минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашнинг фидойи ташаббускори эди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар бутунлай янгича, юксак даражада дўстона тус олган айни кунларда эса Ч. Айтматов асарларини ўрганиш, уни тарғиб қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир.

Жаҳон адабиётининг буюк намоёндалари Л.Толстой, Э.Хемингуэй, Э.Межелайтес, А.Қодирий, Ойбек, М.Авезов, Р.Ҳамзатовлар сафидан муносиб жой олган адиблардан бири Чингиз Айтматовдир. У 1928 йилда зиёли оилада таваллуд топди. Ёзувчи ижодий фаолиятининг бошланиши унинг талабалик йилларига тўғри келади. Унинг матбуотда дастлаб "Қирғиз тилининг терминологияси ҳақида”, "Оригиналдан узоқ бўлган таржималар” сингари мақолалари чоп этилади. Кейинчалик "Оқ ёмғир”, "Ҳошим”, "Байдамтол соҳилларида” сингари ҳикоялари босилди.

Ёзувчининг бадиий камолот сари дадил қадам қўйишида унинг "Байдамтол соҳилларида” ҳикояси ва "Юзма-юз” қиссаси муҳим ўрин тутади. Бу асарларда адиб қаҳрамонлар психологиясини чуқур очишга ва бадиий воқеликни далиллаш санъатига алоҳида эътибор беради. Айниқса "Юзма-юз” қиссасининг тили ширали. Асар ниҳоятда ўқимишли, жозибали ташбеҳларга бой.

1958 йилда ёзилган "Жамила” қиссаси Чингиз Айтматовни дунёга танитди. Жамила образи гўзал, меҳнаткаш, юксак иродали, бир сўзли аёл сифатида маҳорат билан тасвирланади. Адабиётшунос олимларнинг таъкидлашича, қирғиз адабиётида "Жамила”гақадар бундайин оламшумул асар битилмаган эди. Китоб эълон қилингач, у кўп ўтмай жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Сценарийлар ёзилиб, дунёнинг бир неча театрларида саҳналаштирилди.

Адиб бу шуҳрат қаршисида эсанкирамади, аксинча, уни катта адабиётга йўллаган устозлари Т.Сидиқбеков, А.Османов, А.Тўқамбоев, М.Элибоевлар панд-насиҳатига амал қилиб, бир-биридан жозибали, бетакрор "Бўтакўз”, "Сарвқомат дилбарим”, "Биринчи муаллим”, "Сомон йўли”, "Алвидо Гулсара”, "Оқ кема” қиссаларини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Уларда қирғиз халқининг орзу ўйлари, армонлари маҳорат билан талқин қилинди. Асарда оддий кишиларнинг ҳаёти, мураккаб тақдирлари ҳаётий лавҳаларда ифода этилганлиги адиб асардан асарга маҳорат чўққиларини эгаллаб бораётганлигини кўрсатди. Бу қиссалардаги Саида, Дониёр, Асал, Сувонқул, Олтиной, Мўмин образлари минглаб китобхонлар қалбидан жой олди.

Улуғ адиб насрнависликда бой тажриба тўплагач, қатор романлар ёзди. Ёзувчи ижтимоий ҳодисаларни қайд қилибгина қолмайди, балки асардаги ҳар бир кичик воқеа қаҳрамон тақдирида, психологиясида қандай ўзгариш ясаётганлигини китобхон кўз ўнгида яққол гавдалантиради. Киши руҳиятининг энг нозик қирраларини ҳам зукколик билан ишонарли, ҳаётнинг ўзидай тасвирлаб беради. Бу жиҳатдан "Касандра тамғаси” романи диққатга сазовордир. Бу асар ҳам фалсафий, ҳам фантастик унсурларига бой бўлиб, бадиий маҳоратнинг юксак намунаси сифатида юзага келган.

Бу роман сунъийликка, ясамаликка, пировардида ёвузликка қарши битилган қалб исёнидир. Асарда ҳикоя қилинишича, уруш йиллари бир аёл туғилган чақалоғини матога ўраб, болалар уйининг эшигига, қор устига ташлаб кетади. Болага Андрей Крильцов деб исм қўйишади. Крильцов вояга етгач, жуда зеҳнли бўлиб, генетик олим бўлиб етишади. Аёлларнинг ҳомиладорлик мўъжизасига қизиқиб, маҳкума аёлларнинг бачадонларида кўплаб ота-онасиз, авлод-аждодсиз болалар етиштира бошлайди. Бу билан космополитизмга, инсон ва унинг энг улуғ, энг азалий қадриятларига путур етказади. Натижада на Ватани, на миллати, на насл-насаби номаълум гўдаклар етиштиришга киришади. Чингиз Айтматовнинг фикрича, инсоният бошига турли кулфатларни солган Гитлер ва Микатило каби ёвуз, жоҳил кимсалар айни шундай тайини йўқ кимсалар сирасига киради. Негаки, улар ҳам инсон пушти камаридан бўлмаган, аксинча лабораторияларда ҳосил қилинган сохта одамлар каби асл инсоний фазилатлардан бутунлай маҳрум эди. Асарда қизил ип бўлиб ўтганидек, асл инсонлар ўз Ватани учун жонини беришга ҳозир ватанпарварлар ота-она бағрида, соғлом жамиятда камол топадилар.

"Касандра тамғаси” романининг тарбиявий аҳамияти бизнинг кунларимизда тағин ҳам ортаяпти. Дунё миқёсида диний экстремизм, террорчилик авж олаётган бир пайтда инсон шахси, унинг тарбияси биринчи даражали вазифа қилиб қўйилмоқда. Дунё тақдири учун инсоний фазилатлардан маҳрум, лабороториялардан чиққан қалбсиз, юраксиз кишилар эмас, балки жамият ҳаёти билан умри пайваста, маънавий етук ва соғлом кишиларгина жон куйдиради ва жавоб беради.

Бизнинг диёримизда ҳам Ч.Айтматов асарлари маълум ва машҳур. Унинг деярли барча асарлари Асил Рашидов, Иброҳим Ғофуров, Суюн Қораевлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Буюк адибнинг халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ўзбек-қирғиз адабиётлари ҳамкорлигини ривожлантириш соҳасидаги хизматлари муносиб тақдирланган.

У Ўзбекистон Республикасининг "Дўстлик” ва "Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Абдулла АҲМАД
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!