» » «Яшашни истасанг, мен билан юр»: Терминатор 72 ни уриб қўйди

«Яшашни истасанг, мен билан юр»: Терминатор 72 ни уриб қўйди

Дунёдаги энг машҳур «киборг» Арнольд Шварценеггер кеча, 30 июль куни 72 ёшини қаршилади. «Австрия эмани»нинг энг энг яхши образлари кинотанқидчи Артур Завгородний талқинида.

«Кино юлдузи бўлишни истаб, нечта Ҳолливуд агентига учраган бўлсам, ҳаммаси бир овоздан бунақа хомхаёлни миянгдан чиқариб ташла, дейишган — улкан гавда, айтиш қийин фамилия, тушунарсиз акцент улар учун ўта ғалати ва ғайриоддий туюлган-да. Илгари мушакларимни бўрттириш учун қанчалик тер тўккан бўлсам, бош ролга чақиришлари учун кейинчалик тилимни шунчалик чархлаганман. Буни қаранки, бир пайтлар ҳалиги агентлар айтган камчиликларим, кутилмаганда мени жангари кинолар қаҳрамонига айлантирди, ҳаммаси «Конан» ва «Терминатор»дан бошланди».

Улкан мушаклар соҳиби, инглизчада базўр тили айланадиган Арнольд Шварценеггер ҳамма қатори АҚШга «Америка орзуси»да учиб келди — бойлик орттириш ва бойлигича қолиш.

Бу жиҳатдан Шварценеггернинг толеи кулди дейишнинг ўзи кам. «Темир Арни», энг ёш «Жаноб Олимпия», нацист (отаси нацистларга хизмат қилган ва партия аъзоси бўлган) нафақат Ҳолливуднинг номдор актёрига айланди, балки бир қур сиёсатга бош суқиб, АҚШнинг энг бой Калифорния штати губернатори ҳам бўлди. Бироқ бугунги ҳикоя республикачи Конан, Катта Буш давридаги соғлом турмуш тарзи бўйича энг катта мутахассис ҳақида эмас. Шварценеггернинг энг яхши ролларини эслаймиз. Қисқаси, унинг ўзи айтмоқчи: «Enough talk!» ва «Listen to me very carefully».

«Терминатор» (1984)/ «Терминатор 2: Қиёмат куни» (1991)

Арнини машҳур қилган айнан Жеймс Кэмероннинг дебюти. Тўғри, биринчи «Терминатор» қотил-киборгдан кўра кўпроқ Сара Коннор ҳақида. Дарвоқе, Шварц аввалига аскар Кайл Ризни ўйнаши керак эди, бироқ Кэмерон уни робот бўлишга кўндирди, австриялик эса ролни қойиллатди. Бу фантастик слэшерда Шварц — энг катта, қўрқинчли, тенги йўқ («I'll be back» — классика), аммо иқрор бўлиш керак, энг қизиқмасиям шу. Совуқ нигоҳли ёвуз, қудратли ва даҳшатли, ғайриинсоний онгнинг бориб турган шамойили. Нима бўпти, ҳиссиётларнинг мавжудмаслиги ҳам — ҳиссиёт.

«Терминатор»ни суратга олиш жараёни. 1984 йил.

Аммо кейин бош кўтарган машиналарга қаршилик ҳаракатининг давоми пайдо бўлди. «Қиёмат куни» — ремейкка ўхшаш буюк сиквел. Кэмерон тунд ретро-ҳоррорни бола ва робот ҳақидаги «оилавий» томошага айлантирди. Ўша пайтда кино тарихидаги энг қиммат бу фильмда Шварц бир думалаб, ўйлаб, муҳокама қилиб ўтирмайдиган қотилдан «Харлей»ни жиловлаган машинага, моҳиятан ўзига ўлдирмаслик ва кулишни ўргатган безори ўсмир, бўлғуси инқилоб сардорининг отасига айланади. Ҳукми ўқиб бўлинган бизнинг дунё роботнинг одамлар нима учун йиғлашини англаб етгани, бизнинг гуноҳларимиз учун бош бармоғини кўтарганича темирга қўшилиб эриб кетгани учун сақланиб қолади. «Матрица»га йўл очган «Терминаторлар» Арнольднинг кимлигини кўрсатиб берган. «Come with me if you want to live».

«Барчасини эслаш» (1990)

Шварценеггер даҳо эмас, ушбу фантастикада бош ролни Брюс Уиллис ёки Ҳаррисон Форд ўйнаганида, Филип К. Дикнинг кичик ҳикояси экранда тамомила бошқача кўринишда бўларди, аниқ. Балки у ақллироқдир? Буни билмадик, аммо Шварцда харизма (одамларни оҳанрабодек тортиш) кучлилиги рост — унинг Марсда бўртиб кетган юзини қандай унутиш мумкин?!

«Барчасини эслаш» фильмидан кадр.

«Барчасини эслаш» — «Блейдраннер» эмас, бироқ барча даврларнинг энг кучли фантастик сатираси «Робокоп»ни суратга олган голланд режиссёри Пол Верховен Марсга учишга орзуманд пролетарий (Арни — ишчи образи!) ҳақида ажойиб ўткир сюжетли антиутопияни ярата олди. Хуллас, кунларнинг бирида қаҳрамонимиз ўзи орзу қилиб юрган Марсда бўлганини, у ерда қаршилик ҳаракати таркибида махфий агент бўлиб ишлаганини билиб қолади: «Сен сен эмассан. Сен — бу мен». Ана шу нарса уни инқилобчига, янги технологияларни тўлиқ назоратига олган лаънати капиталистлар томонидан қулларга айлантирилганларни озод қилувчига айлантиради. Хотираларни эслаш, абадий «мен кимман?», сайёралараро фитна, паранойя, қонли отишмалар, ажойиб грим, махсус эффектлар ва албатта Арнининг  SCREW YOU!»га ўхшаган «one-liners»лари кинони безаган.

Фильмнинг якуни ўйга чўмдиради — жиннининг алаҳсирашимасми бу?

«Барчасини эслаш» — Арнининг сиёсатга кетиб пародияга айланишдан олдинги охирги буюк роли.

«Коммандо» (1985)

Таниқли продюсер Жоэл Силвернинг «Коммандо»си — Жон Мэтрикс каби, жанр классикаси. Биргина саҳна кинони очиб берган — қаҳрамон армия жилети ва ботинкасини кийиб, тиш-тирноғигача қуролланади, юзига жанговар бўёқ суриб ўзини кўз-кўз қилади ва отиш ва портлатиш учун жўнаворади. Ёки бошланишини олайлик, Шварц елкасида Жеймк Хорнернинг саундтреки садолари остида катта ёғочни кўтариб келяпти, бир қўлида бензинда ишлайдиган арра. Бемалол ва ишонч билан. Бу фильмда Арнольд ҳеч ўйлаб ўтирмасдан муштни ва қилични ишга солувчи образни гавдалантирган.

«Коммандо» филмидан кадр.

«Коммандо» Америка милитаризмининг яққол намунаси, бунинг давомини «Йиртқич»да ҳам кўрамиз. Бир сўз билан айтганда, Шварценеггер — мушаклардан иборат қўрқинчли машина, бошқа фильмларидаги сингари бунда ҳам битта нарса уқтирилади — Арнольд Шварценеггер билан ўйнашма!

«Сўнгги киноқаҳрамон» (1993)

Жангари киноларни қандай олишни Жон МакТирнандан сўранг: «Йиртқич» ва «Қаттиқ ёнғоқ» изма-из чиққан. «Қаттиқ ёнғоқ-3»и ҳам чаккимас. Модомики гап Шварц ҳақида кетаркан, «Йиртқич»га қайтамиз: спецназчиларни овлашга киришиб кетган улкан махлуқ энди ғалаба маррасига яқинлашганида йўлини улкан Арни тўсади. Тўғри, сийқаси чиқиб кетган мавзу, аммо шундай бўлиши керак.

Шварценеггер — Ҳамлет.

«Сўнгги киноқаҳрамон» ана шундай жангари фильмларга аталган пародиядир. Унда жангари фильмлар томошасига муккасидан кетган нью-йорклик болакай сеҳрли чипта сабаб ўз кумирининг киносига тушиб қолади. Бироқ бу ерда «Терминатор»ни Сталлоне ўйнаганини ва Арнининг персонажи улардан завқ олиши, Шварцнинг ўзи эса Ҳамлет (!) эканини билиб оламиз. «Сен ўлдирдингми отамни... Катта хато» ва «Ё ҳаёт ё мамот? Мамот» (портлаш) — бебаҳо жумлалар.

«Сўнгги киноқаҳрамон» — жангари фильмлар устидан росманасига кулиш, Шварценеггер қиёфасидаги комикс қаҳрамони ўзининг ўйлаб топилган персонаж эканини билиб, тушкунликка тушади.

Ҳатто шу кинофильмда ҳам Арни машҳур «Мен қайтаман» иборасини ишлатади, бироқ ҳазил маъносида.

«Рождество совғаси» (1996)

Келажакдан келган робот, совет зобити, афсонавий самурай, Марсда жосуслик қилган, фазовий махлуқларга кун бермаган, террорчиларга қарши беаёв курашган Шварценеггер «Эгизаклар»да комик ролларни ҳам қойиллатишини исботлай олди. «Рождество совғаси» орқали Арни оғир вазнли қаҳрамонлар 80-йилларда қолиб кетганини исботлади — хафа бўлган ўғлининг байрамини қутқаришга уринган намунали оилабошини гавдалантирди. Ота ўйинчоқ сотиб олишни унутган, ҳеч қаердан тополмайди, ўйинчоқни қўлга киритиш учун харидорлар ўртасида даҳанаки кураш бошланиб кетади. «Ўйинчоқлар чиқарувчи монополиялар бизга панд беришди. Бу семиз мушуклар ўтириб олиб, ишчи синфини эзиш билан банд! Телерекламага миллиардлаб сарфлаб болаларнинг миясини заҳарлайди. Ўйинчоқни сотиб олсанг — шу заҳоти бузилади, чунки арзимас пластикдан ясашган!».

Ота ва бола.

«Рождество совғаси» — ёқимли комедия ва сентиментал сатира. Бундай эртаклар қишки байрамлар арафасида керакли кайфиятни ато этади. «Put the cookie down! NOW!»

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив