Янги-Ангрен ИЭС бошқарув компанияси станциядаги портлашнинг сабабини маълум қилди

Янги-Ангрен ИЭС бошқарув компанияси станциядаги портлашнинг сабабини маълум қилди

2021 йил 20 январь куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясида содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисида станция бошқарув компанияси Kun.uz’га маълумот тақдим этди.

“2021 йил 20 январь куни соат 11:30 да «Энергоқозонтозалаш» масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси 5-қозон агрегатининг 12,0 метрлик белгисида кулни кимёвий тозалаш пайтида, кўмир-кукун аралашмасининг чақнаши юзага келди, натижада уч киши ҳалок бўлди, яна уч киши турли даражада куйиш жароҳати олган. Ушбу 5-қозон агрегати вақтинча тўхтатилган ва у кимёвий тозаланаётган пайтда қозон тозаловчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келди.

Ушбу турдаги профилактика ишлари кўмир ёқиладиган барча электр станциялари ва қаттиқ ёқилғи печлари ўрнатилган оғир саноат корхоналарининг тўхтатилган ускуналарида ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади ва бу вазифани корхонанинг ўзи ёки шартнома асосида ихтисослашган пудрат ташкилотлари бажаради.

Чақнаш оқибатида вафот этганлар «Востокэнерготеплоизоляция» МЧЖнинг ишчилари бўлиб, ушбу корхона иссиқлик изоляцияси ва астар ишларини бажариш бўйича пудратчи ихтисослашган компания, ходимлари қозон қопламасидаги нуқсонларни бартараф этиш бўйича мутахассислар ҳисобланади. Куйиш жароҳати олганлар “Энергоқозонтозалаш” МЧЖ қозон тозаловчиларидир.

20 январь куни икки томонлама шартнома асосида ишлаётган қозон тозаловчиларга қозон-турбина цехининг 30-сонли фармойиши билан хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда соат 9:30да тўхтатилган қозон агрегатининг 12,0 метрлик белгисида профилактика ишлари олиб боришга рухсат берилган.

«Востокэнерготеплоизоляция» МЧЖ ишчилари ҳам қозон-турбина цехининг 31-сонли фармойиши билан соат 10:30да қозон агрегатининг 48,0 метрлик белгисида профилактика ишлари олиб боришга киришган. Таассуфки, техника хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилиши оқибатида «Востокэнерготеплоизоляция» МЧЖнинг уч ходими ҳалок бўлди, “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг турли даражада куйиш жароҳати олган уч нафар ходимига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар энг яқин бўлган шаҳар марказий касалхонасига етказилди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг натижалари ҳақида қўшимча маълумотлар тақдим этилади. Шу муносабат билан фуқаролардан ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатмасликлари сўралади.

“Yangi-Angren IES” акциядорлик жамияти томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига қўшимча равишда 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Ташкилотнинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига асосан, бундай моддий ёрдам яна қўшимча (тўлиқ) равишда амалга оширилади. Ҳозирда уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб турилибди. Ташкилот томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, боқувчисиз қолган оилаларнинг ишга яроқли ва ишсиз аъзолари иш билан таъминланади.

“Yangi-Angren IES” акциядорлик жамияти фидойи энергетикларнинг вафоти муносабати билан марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Вафот этган ходимларнинг ёрқин хотираси энергетиклар қалбида доимий сақланиб қолади” – дейилади тақдим қилинган маълумотномада.